“ЧАҚМОҚ”  КЛАСТЕР ТИЗИМИГА ЎТАДИ

Шароф Рашидов туманидаги “Чақмоқ” фермер хўжалигининг ташкил этилганига бу йил 24 йил бўлди. Ёқуб бобо Ҳакимов (раҳматли) ташаббуси билан ташкил этилган фермер хўжалиги ўтган йиллар давомида ривожланиб, қатор ютуқларни қўлга киритди. Бугун нафақат туманда, қўшни кент ва вилоятларда ҳам аллақачон “Чақмоқ” бренди остидаги маҳсулотлар анча маълум ва машхўр бўлиб улгурди.

Айни пайтда фермер хўжалигини  Зафар Ҳакимов бошқармоқда. Кўп тармоқли хўжаликнинг 200 гектар майдони бўлиб, қишлоқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик, озиқ-овқат, сут, нон, қандолат маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Фермер хўжалиги 80 нафар доимий, 50 нафар мавсумий ишчиларнинг бандлигини таъминлаган. Хўжалик ҳисобида 200 бош, шундан, 40 бош  зотдор, наслли “Сментал” қорамоллар, 2000 бош қўй, 500 бош товуқ, 100 бош ўрдак ва ғозлар парвариш қилинаётир.

Чорва ва паррандалар учун озуқа захираси хўжаликнинг ўзида тайёрланади. 15 та қишлоқ хўжалиги ва бошқа махсус техникалар фермер хўжалиги аъзоларига қанот бўлмоқда. Хитой технологияси асосида кунига 4,5-5 тонна сутни қайта ишловчи линия орқали йогурт, творог, қатиқ, айрон, сузма, кефир, қаймоқ каби 12 турга яқин маҳсулотлар идишларга қадоқланиб, буюрмачиларга етказилаётир. Шунингдек, фермер хўжалигига қарашли новвойхонада суткасига 15 қоп 2500 та қолипли нон пиширилиб,  ҳамкор ташкилотлар, таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, тиббиёт муассасаларига аутсорсинг хизмати кўрсатиб келинаётир.

Фермер хўжалигини бошқаришда, иш юритишда, ташкилий-молиявий ва бошқа юмушларда Зафар Ҳакимовга турмуш ўртоғи  Башорат опа, фарзандлари Зоҳиджон, Воҳиджон, Ҳокимжон, келинлари Озода, Бибихоним, Фотима камарбасталик қилишади.

—Жорий йилда иккита янги лойиҳани амалга оширамиз,—дейди “Чақмоқ” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Ҳакимов. —Биринчиси, лойиҳа қиймати 35 миллиард сўмлик замонавий чорвачилик комплексини барпо этсак, иккинчиси,  қиймати 10 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида пахта-тўқимачилик кластерини  (пахтани қайта ишлаш корхонаси)  жорий йилнинг  август ойида ташкил этишни режалаштирганмиз.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *