ТАЪЛИМ МАСАЛАЛАРИДА МАРКАЗ ИШТИРОКИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Жиззах вилоят педагогик маҳорат марказида ОАВ ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик позицияси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. “Жиззах вилоят педагогик маҳорат маркази: 2024 йилда эришилган ютуқлар ва истиқболли  режалар” мавзусидаги тадбирда маҳаллий ва марказий ОАВ вакиллари, журналистлар  ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этишди. 

Тадбир очиқ ва самимий руҳда ўтди. Марказ раҳбари Ижод Аҳмедов, ўринбосарлар А.Раҳматуллаев ва А.Рўзиевнинг муассасада йил якунлари, янги ўқув йилидаги режалари хусусида ҳисоботи тингланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 231-сон қарори ижросини таъминлаш, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун етарли шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилган ташкилий-методик ишларга катта эътибор қаратилди. Шу йил январдан бошлаб  мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилди. Улар учун  ҳар беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинди. Ушбу жараён ҳақида тўлиқ маълумот берилгач, хусуси МТТ тарбиячиларини жалб этиш, турли тилларда ўқитишни ташкил этиш ҳамда марказ ходимларининг малакасини ошириш, тингловчиларни ётоқхона билан таъминлаш каби мавзуларда қизғин савол-жавоблар бўлди.

Юқоридаги қарор ижросига кўра, вилоят педагогик маҳорат марказида 2025 йил январь ойида 14 та йўналиш бўйича 20 та гуруҳда 500 нафар тингловчи таълим олишди. Зомин, Зарбдор, Янгиобод ва Сирдарё вилоятининг яқин ҳудудларидан тингловчиларни Зомин педагогика коллежида ўқитиш бўйича чоралар кўрилаётгани, шунингдек, марказ биноси учун кампус қурилиши ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилдан бошлаб ҳар бир туманда МТТлар учун касбий ривожланиш соати ва кунлари ташкил этилади. Марказ директорининг хорижий маслаҳатчиси инглиз тили дарсларида методик кўмак кўрсатиши белгиланган. Ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари, ходимлари фаолияти рейтингини ва меҳнат самарадорлигини аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилиб, мониторинг олиб борилади.

Матбуот анжумани иштирокчилари мактаб ва мактабгача таълим  тизимидаги масалаларни ҳал этишда марказнинг иштироки мавзусига қизиқиш билдиришди. Тизимда коррупцияга қарши кураш, таълим  сифати ва самарадорлигини назорат қилишга оид электрон платформа ҳақидаги маълумотлар барчада қизиқиш уйғотди.

Тадбир якунида марказ фаолиятининг жамоатчилик учун очиқлик даражаси юқори баҳоланиб, ОАВ билан ҳамкорликнинг давомий бўлиши таклиф қилинди.

Муқаддас САПАРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *