Кеча Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси Парда Шукуров очиб, депутатларни кун тартиби билан таништирди. Ушбу сессия муҳокамасига куннинг энг долзарб масалалари қўйилди.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилган ПҚ-3182 ҳамда ПҚ-4102-сонли қарорларининг 2024 йил мобайнида вилоят 2-секторида ижросини таъминлаш ҳамда вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборот депутатларнинг диққат марказида бўлди. Ушбу масала юзасидан ахборот берган вилоят прокурорининг ўринбосари Азиз Эсиргапов 2024 йил давомида 2-сектор ҳудудига киритилган 12 та маҳалла бинолари таъмирлангани, 7 таси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилганини қайд этди.
Шунингдек, 809 нафар ёрдамга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирланди, 2 та оилага янги уй берилди. 2334 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилди. 307 нафар фуқароларга иссиқхоналар барпо этиш учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 124 км. йўллар шағаллаштирилди, 111 км.га асфальт ётқизилди.
Кун тартибидаги “2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили муносабати билан Жиззах вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда жорий йилда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш тўғрисида” вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шавкат Ортиқбоев маъруза қилди.
Маълумки, экологиянинг издан чиқиши, ҳароратнинг ортиб бораётгани кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мамлакатимиз миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда, давлат ўрмон фондига кирмайдиган нодир дарахтлар навларининг кесилишига муддатсиз мораторий эълон қилинди. Вилоят ҳудудида майдони 23,1 гектар бўлган 11 та “яшил боғлар”, 81,3 гектар майдонда 16 та “яшил жамоат парклари” ташкил этилди. Лекин давлат аҳамиятига эга автомагистраллар атрофида ташкил этилаётган “яшил белбоғлар” суғориш тизими йўқлиги ҳамда экишда агротехника қоидаларига риоя этилмаганлиги учун кўчатларнинг унувчанлиги паст даражада қолмоқда. Шаҳар ва туманларнинг ички ҳамда марказий кўчаларига ўтқазилган кўчатлар қуриб қолмоқда.
Жорий йилнинг баҳор ва кузги экиш мавсумлари учун 17 млн. тупдан ошиқ кўчатлар заҳираси яратилиши лозим эди. Аммо бугунги кунга қадар 1 млн. 891 минг кўчатлар захираси яратилган, холос.
Депутатлар томонидан ушбу масала танқидий руҳда муҳокама этилди, таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар бўйича сессияга ахборот киритилган. Шу ахборот юзасидан сўзга чиққан Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов сўзга чиқди. У бундан олдин ҳам деярли ҳар бир сессияга масала киритилганини, улар бўйича қарорлар қабул қилинганини, аммо бирорта қарор ижроси назорат тартибида кўриб чиқилмаганини таъкидлади.
Б. Узоқов қабул қилинган қарорлар ижроси доимий комиссияларда кўриб чиқилиб, натижаси навбатдаги сессияга киритилишини таклиф қилди.
Сессияда депутатлар вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари Азизбек Ҳабибуллаевнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси тўғрисида”ги маърузасини тинглаб муҳокама қилдилар.
Шунингдек сессияда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-12-сонли ҳамда 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-223-сонли Фармони ижросини таъминлаш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030 стратегияси”ни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-37-сонли Фармони ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан депутатлар билдирган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олинган ҳолда қарорлар қабул қилинди.
Асад МУСТАФОЕВ.