Таҳлилларга кўра, дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жонбошига ҳар йили ўртача 1 фоизга ошиб бормоқда. Ҳозирги вақтда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, келгусида улар сони янада кўпаяди.
Республикамизда ҳам бу муаммо долзарб аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси ҳосил бўлади, шундан 14 фоизи токсик чиқиндилар. Шунингдек, қарийб 35 миллион тонна маиший чиқинди пайдо бўлади. Айни пайтда чиқиндихоналар ва махсус омборларда 2 миллиард тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқиндилар сақланиб, улар 12 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаб турибди. Бу ҳолат чиқиндиларнинг табиат ва инсон саломатлигига салбий таъсирини яққол намоён этади.
Жиззах вилоятида ҳам чиқиндилар билан боғлиқ масалалар долзарблигича қолмоқда. Вилоятда аҳоли сони йил сайин ошиб бораётгани сабабли маиший чиқиндилар ҳажми ҳам ортади.Айрим маҳаллаларда чиқиндилар учун мўлжалланган контейнерлар етарли эмаслиги ёки уларнинг ҳолати талабга жавоб бермаслиги аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Қурилиш чиқиндиларини тартибсиз жойларга ташлаш ҳолатлари ҳам кўп учрайди.
Самарали ечим сифатида чиқиндиларни саралаш тизимини жорий этиш, қайта ишлаш корхоналари қувватини ошириш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада назоратни кучайтириш ва рақамли мониторинг тизимини йўлга қўйиш орқали чиқинди муаммоларини қисқартириш мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, чиқиндиларнинг қарийб 80 фоизини органик моддалар ташкил этади. Уларни қайта ишлаш орқали катта миқдорда энергия ва энергия ташувчилар ишлаб чиқариш мумкин. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси маиший чиқиндилар арзон ва қимматли хомашё манбаи эканини кўрсатади. Масалан, Шимолий Европа давлатларида чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, қоғоз, пластик, алюминий каби материалларнинг асосий қисми қайта ишлашга йўналтирилмоқда. Бу эса энергия ва табиий ресурсларни сезиларли даражада тежаш имконини беради.
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналарини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори 2,1 бараварга, оқова сувлар ташланиши эса 2 бараварга камайгани бунга яққол мисол. Жиззах вилоятида “Экоcфера” МЧЖ ва бошқа масъул корхоналар томонидан чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш ишлари босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Янги махсус техникалар жалб қилиниб, аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Экологик партия ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ўтказилаётган экорейдлар давомида ноқонуний чиқиндихоналар аниқланиб, масъул ташкилотларга тақдимномалар киритилмоқда.
Чиқинди — кони зарар эмас, қайта ишланса, катта иқтисодий ва экологик бойлик манбаи. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш табиатни асраш ва тоза экологияга эга келажак йўлидир.
Шаҳриддин ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Янгиобод туман партия ташкилоти раиси ўринбосари,
Гулзода ҚАҲРАМОНОВА,
ЎзЭП Жиззах шаҳар партия ташкилоти раиси