“АҚЛ ЖАНГИ” ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Вилоятимиз марказидаги “Киберспорт арена”да шахмат бўйича 8–12 ёшлилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Республика маданият, мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу биринчиликда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 500 га яқин ёш спортчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров мамлакатимизда ушбу спорт турига берилаётган юксак эътибор ва бунинг ортидан қўлга киритилаётган нуфузли халқаро натижалар хусусида тўхталиб, чемпионат ёшларнинг ақлий салоҳияти ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиришини таъкидлади.

Чемпионат швейцарча тизимда 9 тур давом этди. Якуний натижаларга кўра, стандарт йўналишида 8 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Қашқадарё вилояти вакили Фазлиддин Фарходов биринчи ўринни эгаллади. 10 ёшгача бўлган спортчилар орасида эса Тошкент шаҳридан Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 7,5 очко билан биринчиликни ҳеч кимга бермади. 12 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги баҳсларда пойтахтлик Орият Обиджонов (7,5 очко) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек, қизлар ўртасидаги беллашувларда белгиланган ёш тоифалари бўйича мос равишда Зарина Ларина (Қорақалпоғистон Республикаси), Ҳуснорахон Ҳуснитдинова (Тошкент шаҳри) ҳамда Сарвиноз Бегмуратова (Тошкент вилояти) ўз тенгдошлари орасида тенгсиз эканлигини исботлашди.

Блиц йўналишида беллашган ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда барча ёш тоифаси бўйича юқори ўринларни пойтахтдан ташриф буюрган шахматчилар эгаллашди. Сайфуддин Эркинбоев (8 очко), Мирзоҳид Муҳитдинов (7,5 очко) ҳамда Ҳасан Акрамов (8 очко) чемпионликни қўлга киритди. Қизлардан худди шу ёш тоифалари бўйича Зарина Ларина (Қорақалпоғистон Республикаси, 7 очко), Зарина Неъматжонова (Тошкент шаҳри, 8 очко) ва Сарвиноз Бегмуратова (Тошкент вилояти, 8 очко) ғолиб бўлишди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *