Қадимги Римда болаларни давлатнинг келажаги деб ҳисоблашган, шунинг учун ҳам бола тарбиясига у уч ёшга тўлгандан бошлаб киришилган. Империя босқинчилик урушлари олиб боргани учун ҳам болаларга ҳарб ишларини ўргатишга алоҳида эътибор берилган. Лекин болага дастлаб тил, муомила маданияти, нотиқлик санъати ўргатилган. Болалар онгига жамиятда қабул қилинган услубларда сўзлашиш, ўз фикрини аниқ ва лўнда ифодалаш, зарур бўлганда нутқ ирод этиш кўникмаларини мажбурий тарзда сингдиришган. Шундан кейингина таълимнинг қурол билан муомила қилиш босқичига ўтилган.

Майли, қадимги дунёни бир томонга қўя турайлик. Яқин ўтмишда яшаган ота-боболаримиз ҳаёти, яшаш тарзи, сўзлашиши ҳар томонлама бизга ўрнак бўлишга арзийди. Ойбекнинг «Навоий», Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» каби асарлари қаҳрамонларининг фикрлаши, сўзлашиши кишида ҳавас уйғотади. Бугунги кунда замондошларимизнинг сўзлашишларини тинглар экансиз, «Наҳотки, миллатимизнинг сўзлашиш маданияти эврилишга юз тутган бўлса?» деган хаёлга борасиз.
Яқинда тилшунос олимларнинг суҳбатида иштирок этиш насиб бўлди. «Тилимизга хорижий тиллардан қўшилаётган сўзларни муомилага киритиш керакми ёки уларни ўзбек тилига ўгириш керакми?» деган мавзуда бошланган суҳбат қизғин мубоҳасага айланиб кетди. Азалдан тилимиз четдан кириб келган сўзлар ҳисобига ривожланган, бойиб борган. Халқимиз тракторни «трактор», самолётни «самолёт», компьютерни «компьютер» дейишга ўрганиб қолди. Уларни ҳар қанча ўзбекчалаштиришга урунмайлик бу жараённи чеклаб, тўхтатиб бўлмайди. Ҳолбуки, ҳозирги ўзбек тилидан хорижий тилларга ўтиб, янги маъно касб этаётган сўзлар ҳам кам эмас. Фақат ўзбекча сўзларни хорижликлар ўз алифбосига мослаб талаффуз этишмоқда, холос. Русларнинг «базар», «плов» деганларини эшитиб, фахрланиб қўйишни ҳам ёддан чиқармаймиз.
Ўша баҳсда айтилган бир рақам эътиборимни тортди. Бугунги кунда ўзбек тилида 85 000 дан ошиқ сўзлар бор экан. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёти институти томонидан тайёрланиб, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида чоп эттирилган беш томдан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 80 мингдан ошиқ сўзларга изоҳ берилган. Тўғрисини айтганда ҳайратга тушдим. Чунки, биз доим «Ҳазрат Навоий ўз асарларида 24 000 тадан ошиқ сўзларни ишлатган!», дея фахрланиб гапирамиз. Демак, ўрта асрлардан буён тилимиз янада бойибди, миллатимиз улкан сўз ганжига эга бўлибди. Аммо ерга кўмилган олтиндан наф йўқ. Маънавиятимизни, маданиятимизни, миллатимиз қадриятини англатувчи минг-минглаб сўзлар муомилада умуман ишлатилмайди. Бунинг исботи сифатида ўзингизга «Мен бир кунда қанча сўз ишлатаман?» деган саволни бериб кўринг. Хўш қанча сўз – 100, 150 ёки 200 тами? Аминманки, айрим юртдошларимиз бундан ҳам кам сўзларни ишлатишади.
Таҳририятга кунига ўнлаб ёш ижодкорлар келишади. Уларнинг айримлари ёзган шеър, ҳикоя ёки мақолаларни ўқиб кўриб, йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайсиз. Уларда битта сўз қайта ва қайта ишлатилади, тил қашшоқлиги кафтдагидай кўриниб туради. Ҳолбуки, ҳар бир сўзнинг синонимлари мавжуд. Биргина «осмон» сўзини гап мазмунига қараб фазо, само, кўк, коинот ва ҳоказо шаклларда ёзиш, талаффуз қилиш мумкин-ку! Нега биз либосларимиз, тақинчоқларимиз, машинамиз, уй-жойимиз билан тўкин яшашимизни мақтанишдан уялмаймиз-у, сўз қашшоқлигимизни ошкор қилишдан тортинмаймиз? Қисқа қилиб айтганда кундалик ишлатишга ўрганиб қолган «навбатчи» сўзлар онгимизга сингиб бормоқда ва бойлигимизнинг қолган қисми унутилмоқда, ерга кўмилган олмосдай фойдасиз бўлиб қолмоқда. Энг афсусланарли томони ёш ижодкорларнинг аксарият қисми ҳам ўша «навбатчи» сўзлардан нарига ўтолмаяпти. Сўзга ниҳоятда камбағал бўлган «асар» битганларни ижодкор дейишга тил бормайди. Ёшлар ижодининг бундай камбағаллашиб қолганининг сабабчиларию-айбдорларини излаш фикридан йироқмиз. Чунки, бу кундай равшан – бола илк сўзларни оилада, сўнг мактабда ўрганади. Агар боланинг тили қашшоқ бўлса, демак, ота-она ҳам, мактабда тил ўргатувчи муаллим ҳам тилга қашшоқ. Зеро, дарс жараёнида она тили ва адабиёт фанини ўқитаётган ўқитувчининг ҳудуд шевасида сўзлаётганининг неча бор гувоҳи бўлганмиз.
Жиззах кундан кунга ўзгариб, ривож топиб бормоқда. Кўчалардаги ранг-баранг лавҳалар, реклама воситалари, ташкилот ва корхоналар, тадбиркорлик субъектлари номлари акс эттирилган кўрсаткичлар шаҳарни сайр қилиб юрган ҳар бир киши диққатини ўзига тортади. Лавҳалар, реклама воситаларининг нафақат ранги, балки, тили ҳам турлича. Рус, инглиз, испан, немис тилларидаги номлар, лотин, кирилл алифбосида, ярими русча, ярими ўзбекча ёзилган рекламалар… Буларнинг бирортаси ҳам мамлакатимизнинг «Давлат тили тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги қонунлари талабларига жавоб бермайди. Бу ўз она тилига, давлат қонунларига ҳурматсизлик эмасми?!
Шуларни эътироф этган ҳолда барча жойларда ана шу қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида махсус қўмита тузилиши ва унга зарур ваколатлар берилиши лозим. Токи, тилимизга ҳурматсизлик қилувчилар қолмасин.
Шу ўринда ўзбек исмлари, уларга берилаётган ҳужжатлар хусусида ҳам икки оғиз гап айтиш зарур, деб ўйлайман. Фарзанд туғилганида ҳар бир ота-она унга гўзал исм қўйишни хоҳлайди. Бу динимизда ҳам ота-онага фарз қилинган. Аслида ўзбек исмларининг ҳаммаси гўзал ва пурмаъно. Лекин, кейинги пайтда на маънога, на мазмунга эга бўлган исмлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Мен бу исмлар рўйхатини келтириб, навқирон юртдошларимиз кўнглини ранжитмоқчи эмасман. Чунки, улар бу исмларни ўз истаклари билан олишмаган. Аммо, жойлардаги ФХДЁ бўлимларида фарзандига исм қўйишга келган ота-оналарга унинг маъно-мазмунини шарҳлаб берилса, ажнабий исмлар қўйилган болалар улғайгач, тенгдошларидан уялиб юришлари, ота-она, бобо-буви бўлганларида ноқулай аҳволга тушиб қолишлари (Сасиёна опа, Анжелика момо) мумкинлиги тушунтириб борилса, нур устига аъло нур бўларди.
Афсуски, насл-насаб ёзилишида ҳам жиддий хатолар тез-тез учраб турибди (Нарбаев, Якубов, Кушаков ва ҳоказолар). Шунинг учун ҳар бир ФХДЁ, ИИБларнинг паспорт бўлимларида «Ўзбек исмлари луғати» бўлиши ва исм, насл-насаб ана шу луғат асосида ёзилиши зарур. Қолаверса, бу идоралар масъул ходимлари она тили фанидан вақти-вақти билан имтиҳондан ўтказилиши лозим. Ўз она тилини «икки»га билган киши бундай жойларда ишлашга ҳаққи йўқ. Исм ва насл-насаб оддий ҳаваснинг эмас, миллий қадриятларимизнинг маҳсули бўлиши лозим. Улар бир кунга эмас, бир умрга берилади ва инсон тақдири, ҳаёти билан эш бўлиб кетади.
Умуман исм бўладими ёки оддий сўзми, маъно-моҳиятига эътибор бериш, мавзуга мос ҳолда ишлатилиши жоиз. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов ҳам сўзлар тавсифига жуда катта эътибор берар, ўз асарларига киритмоқчи бўлган сўзларни эринмай маъносини ўрганар, бу сўз туркий тилга мансубми ёки бошқа тиллардан кириб келганми ва ҳозирги пайтдаги моҳиятини аниқларди. Устоз ўз изланишлари натижаси ўлароқ «Сўз латофати» деган асарини чоп эттирган эди.
Ҳазрат Навоий лутф этганидай:
Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,
Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса нуктаи «кун»,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса кукун.
Яъни, аввал Сўз келган, Оллоҳнинг «Бўл» деган нидоси келган ва майда заррачалардан олам яралган. Агар шу илоҳий Сўз келмаганида олам кукунлигича қолиб кетарди. Шунинг учун сўзни ва тилимизни эъзозлайлик!
Асад МУСТАФОЕВ.