МУРОЖААТЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Фуқароларнинг дардини эшитиш, мурожаатларини вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш барча мутасадди раҳбарлар олдида турган энг муҳим вазифа сифатида қўйилаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Республика ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Умар Исмоилов бошчилигида 27 та вазирлик, давлат идораларининг вакиллари ҳамда вилоят секторлари, бошқарма ва ташкилотлар, Халқ қабулхонаси раҳбарларининг Ғаллаорол ҳамда Бахмал туманларидаги аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида ўтказилган оммавий қабулда ҳам кўп масалаларга ечим топилди.

Ғаллаорол тумани хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми биносида ташкил этилган оммавий сайёр қабулни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев кириш сўзи билан очиб, фуқаролар томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат доимий эътиборда ва назоратда эканлигини таъкидлаб ўтди.

Оммавий қабулда 213 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилиниб, гуруҳларга бўлинган ҳолда республика ишчи гуруҳи ҳамда вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан кўриб чиқилди. Қабул давомида фуқаролар томонидан тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида 23 та, турар жой қурилишидан 7 та, уй таъмири, ишга жойлашиш бўйича 4 та, тадбиркорлик, электр тармоқлари ўтказишдан 5 та, табиий газ ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кредит ажратилиши ва моддий ёрдам каби масалалар юзасидан 10 дан ортиқ мурожаатлар қилинди. Мазкур мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар тегишли ташкилотларга топширилиб, ижроси назоратга олинди.

Аслида бу мурожаатларнинг аксарияти ҳар икки туманнинг ўзида ҳал этиладиган масалалардир. Лекин айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги оқибатида фуқаролар Халқ қабулхоналарига келишга ёки Виртуал қабулхонага мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Сайёр қабул давомида бўлган мурожаатлар ҳам жойларда маҳаллий давлат хокимияти бошқарув ва хўжалик органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни кўрсатиб берди.

 

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *