ПЕНСИЯ ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Барча соҳаларда бўлаётган ўзгаришлар қаторида пенсионерларга қулайлик яратиш, бозор иқтисодиёти даврида уларни моддий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, пенсия жамғармасида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, бюрократик тўсиқларни йўқотиш вақтни тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш юзасидан электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, жорий йилдан пенсия тўловларини вақтинча тўхтатиб туришга электрон ариза юбориш хизмати жорий этилди. Бунда:

—фуқаролар Давлат хизматлари марказига бевосита ўзи келиб ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

— давлат хизматларидан фойдаланишда ҳафтанинг исталган кун ва вақтида ЯИДХП орқали мурожаат этиш мумкин;

— хизматлар кўрсатиш 5 сонияда амалга оширилади;

— хизматлар кўрсатилишида Пенсия жамғармаси ходимлари иштирок этмайди.

Ёшга доир пенсиялар фуқароларнинг мурожаатисиз тайинланиш тартиби жорий этилади. Пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив  шаклга ўтказилмоқда.

2024 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилди:

— фуқарога пенсия тайинлашни сўраб қўшимча равишда Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали онлайн  мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди;

— фуқарога жамғарган маблағларини Халқ банкининг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилди.

2025 йил 1 мартдан бошлаб:

— пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар “автоматик” тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади;

— фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар (ёши, жинси, иш стажи, иш ҳақи, тўланган ижтимоий солиқ суммаси ва оила таркиби кабилар) вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.

Ушбу қулайликларнинг йўлга қўйилиши натижасида, биринчидан, фуқаролардан пенсия тайинланиши учун қўшимча ҳужжатлар йиғиб, Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши талаб этилмайди. Иккинчидан, пенсия ёшига етган фуқаронинг телефон рақамига “пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори” тўғрисида маълумот юборилади.

Шунингдек, пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга “автоматик” тайинланган пенсияни тўхтатиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг 4-бандида, “Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилсин”, деб қатъий белгилаб қўйилди.

Масалан, фуқаро Абдувалиев Салим 2021 йил август ойидан чет элга фарзандларининг олдига даволаниш учун кетганлиги сабабли пенсияси 2021 йилнинг сентябрь ойидан тўхтатилган. С.Абдувалиев 2024 йилнинг март ойида чет элдан қайтиб келиб, олинмаган пенсиясини тўлаб беришни сўраб мурожаат этмоқда. Унга юқоридаги ўзгаришга асосан мурожаат кунидан 24 ой орқадан, яъни икки йиллик пенсияси тўлаб берилади (1 январь 2024 йилга қадар эса 12 ой, яъни бир йиллик пенсияси тўлаб берилган).

Пенсионер вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули унинг оила аъзоларига вафот этган ой учун тўлиқ миқдорда тўланади. Бунда пенсионер вафот этган ой учун банк пластик картасига олдиндан кирим қилинган маблағлар вафот этган пенсионернинг оила аъзоларига қайта тўланмайди ва Пенсия жамғармасига ҳам қайтарилмайди.

Оиланинг бир неча аъзолари олинмай қолган пенсия пули учун мурожаат қилган тақдирда, уларга берилиши керак бўлган пенсия пули улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган пенсия пулини олиш учун пенсионер вафот этганидан сўнг олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

 

Бахтиёр ТЎЙЧИЕВ,

Умид УРАЛОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

вилоят бошқармаси шўъба мудирлари

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *