СОҒЛОМ ИНСОН КЕРАК ҲАЁТГА!

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-14-сонли қарори билан ОИТСга қарши курашиш борасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинган эди.

Хўш, Президент қарори билан соҳада йиғилиб қолган мавжуд муаммолар юзасидан вилоятимизда қандай чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди? ОИВ инфекциясининг ижтимоий, молиявий, юридик, тиббий, маънавий, ахлоқий жиҳатларига комплекс ёндошувлар ҳамкорлиги йўлга қўйилганми? Касб байрами олдидан Жиззах вилояти ОИТСга карши курашиш маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Нилуфар Асқарова билан шу мавзуда суҳбатлашдик:

–Нилуфар опа, ОИВ инфекцияси кўпинча яшаш манзилига қайтган меҳнат мигрантларида қайд этилади, афсуски, аксарият ҳолатларда мажбурий тиббий кўрикка йўналтириш ҳамон кузатилмоқда. Шу хақида суҳбатимизни бошласак…

–Албатта мигрантлар тўғрисида гап кетганда, аввалом бор мигрант сўзига тариф бериб ўтмоқчиман.  Мигрантлар – чет давлатларда уч ойдан кўп вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган республика фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи шахслардир. ОИВ инфекциясини аҳоли орасида тарқалиш сабаблари ва шароитлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, охирги йилларда касалликни аҳоли орасида тарқалишида аҳоли миграцияси жараёнларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда аниқланган беморларнинг 33 фоизи касалликни чет давлатлардан юқтириб келганлиги аниқланди. Мигрантлар ОИВ инфекцияси билан зарарланиб, ўз уйига, оиласига келганда касалликни оила аъзоларига, асосан турмуш ўртоғига юқтириш ҳолатлари ортиб бормоқда. Мазкур ҳолат нафақат мигрантларнинг, балки уларнинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи ва дунёга келиши мумкин бўлган фарзандлари саломатлигига ҳам хавф туғдириб, ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида мигрантлар, уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида тизимли равишда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, чет давлатлардан қайтган фуқароларни ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтишини таъминлаш, ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни улардан бошқаларга юқишининг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни кучайтиришни тақозо этади.

Жиззах вилоятида 2023 йилнинг 9 ойи давомида жами миграциядан қайтиб келганлар сони 17529 нафарни ташкил этиб, 7106 нафари мигрант ОИВ инфекциясига текширилган, уларнинг 11 нафарида касаллик аниқланган. Бундан ташқари эпидемиологик суриштирувлар натижасида яна 14 нафар беморлар бир неча йиллар олдин чет элда ишлаб келганлиги маълум бўлди. Бундан кўриниб турибдики касалликни ҳаракатлантирувчи кучлар Жиззах вилоятида ҳам –бу аҳолининг миграция билан шуғулланиши, оиласидан узоқда яшаши ва ҳар хил ижтимоий ҳолатларга тушиши ва ҳулқ атворида ўзгаришлар бўлмоқда ва ўзига касалликни жинсий йўл билан юқтириб олмоқда.

–Инфекция аниқланиб диспансер назоратига олингандан сўнг махсус антиретровирус даво муолажаларини олиш қай даражада? 

–Ушбу саволга жавоб беришдан олдин Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бош мақсад, 95-95-95 стратегияси Президентимиз қарорларида ҳам ўз аксини топган. Бу мақсадларга эришиш учун ОИВ инфекциясига чалинган инсонларнинг 95 фоизи ўзининг ОИВ статусини билиши, ОИВ инфекцияси аниқланган беморларнинг 95 фоизини махсус антиретровирус дорилар билан қамраб олиниши ва  вирусга қарши даво муолажаларини олаётган беморларда дориларнинг самарадорлигини 95 фоизга етказиш белгилаб берилган.

Жорий йил ҳолатига ОИВ инфекцияли шахсларнинг 94,5% вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида диспансер назоратида туради. Бу шахсларнинг барчасига  ОИВ инфекциясида асосий лаборатор кўрсаткичлардан бўлган СД4 ҳужайра(Т-лимфоцит)лар ва вирус юкламаларининг мониторинги ўтказилади. Кейин беморда қўшимча таҳлиллар ўтказилади ва шундан кейин беморларга АРВТ тавсия қилинади. Алоҳида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, АРВ препаратларини тавсия этишда беморнинг руҳий ҳолати жуда ҳам катта аҳамиятга эга. Бемор ўзи хоҳлаб ихтиёрий равишда ижобий психологик ёндошувдан келиб чиқиб препаратларни қабул қилишга тайёр бўлиши керак. ОИВ инфекциясини ўзига юқтириб олган бемор бутун умри мобайнида узлуксиз АРВ препаратларини қабул қилиб юриши керак бўлади. Агар препаратларни қабул қилишида узилишлар содир бўладиган бўлса, беморда ушбу препаратнинг таъсирчанлиги йўқолади. Натижада касаллик ривожланиб, вируслар сонининг ошиши ва СД4 ҳужайраларнинг кескин пасайиши, бунинг оқибатида ёндош касалликлар келиб чиқиши мумкин. Шу сабабли биз ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсга дори тавсия қилишимиздан  олдин ҳар томонлама руҳий жиҳатдан кўникма ҳосил қилишига ёрдам берамиз. Шундагина соҳа мутахассислари кутилган натижага эришиши мумкин. Бугунги кунга келиб ОИВ инфекцияси билан назоратда турган беморларнинг 90,8 фоизи махсус антиретровирус даво муолажалари билан қамраб олинган.

–ОИВ инфекциясига қарши курашиш тадбирларига фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш талаб даражасидами?

–Албатта жуда тўғри савол,  ОИВ инфекциясига қарши курашишда бутун дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, бу масалада давлат сиёсатининг ўрни жуда муҳим. Яъни фақатгина даволаш профилактика муассасалари эмас, балки кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириш керак бўлади. Ушбу қарорда ОИВ инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш юзасидан тегишли ташкилотларнинг аниқ мақсадли вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, мусулмонлар идораси, “Маҳалла”, Оила ва хотин-қизлар, молия, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар шулар жумласидандир. Вилоятимизда маҳаллий ҳокимият, тегишли ташкилотлар ҳамкорликда тадбирларни ташкил қилишда яқиндан ёрдам бермоқда. Жорий йилнинг ўзида вилоят ҳокимлиги даражасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси ва  даволаши юзасидан амалга оширилаётган тизимли ишлар 3 маротаба муҳокама қилинди ва тегишли ташкилотларга аниқ мақсадли вазифалар белгилаб берилди. Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг имтиёзли қарз маблағлари ҳисобидан вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази учун 2024-2025 йилларда янги замонавий бино қуриш, инвестиция дастури асосида Ғаллаорол ва Фориш туман ОИВ диагностика лабораторияларини реконструкция ва капитал таъмирлаш режалаштирилган. Жорий йилда 315,0 млн сўмга ОИВ инфекциясига ташхис қўйишда замонавий бўлган ИХЛА диагностик ускунаси, 35,0 млн сўмга стоматологик рентген аппарати олиб келиниб, ишга туширилди. 83 млн. сўмга 1 дона Дамас тиббий автомабили харид қилинди. Тиббий чиқиндиларни стерилизация ва утилизация қилиш учун 850,0 млн сўмлик стерилизатор ускунаси олиб келиб, ишга туширилди. Бир сўз билан айтганда ҳукумат, ҳокимлик томонидан бир қатор масалалар ижобий ҳал қилинаётир.

ОИТСга қарши курашишда нафақат давлат балки нодавлат ташкилотлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Истиқлол авлоди, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси вилоят бўлими билан ҳамкорликда 1,8 млрд. сўмлик давлат буюртмаси ва 90 млн. сўмлик грант лойиҳаси ёзилган. Ушбу лойиҳалар қўллаб- қувватланса соҳадаги яна бир қатор  масалаларга ҳам ечим топилади.

–Профилактикага тиббиётда «Олтин қоида» дея таъриф берилган, бу қанчалик амалда, касалликни олдини олиш умумий тарзидами ёки тизимли тартибдами? Бу ҳақида янгича ёндошувга асосланиб жавоб бера оласизми?

–Ҳақиқатдан ҳам тиббиётда касалликни даволангандан кўра олдини олган мақсадга мувофиқ. Айниқса, ОИВ касаллигини сиз биласизки давоси бугунги кунгача топилмаган, алоҳида эмлаш муолажаси ҳам йўқ. Шу нуқтаи назардан бу касалликка қарши курашишда қилинаётган саъй-ҳаракатлар асосан бу касалликни олдини олишга қаратилган бўлиши шарт! ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши профилактик чора тадбирларни амалда тизимли тартибда деб ҳисоблайман. Республика бўйлаб ва шу жумладан, Жиззах вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган режаларимиз, мақсадларимиз аниқ тизимли тартибда белгиланган. Республика бўйича тизимли умумий вазифаларимизда ҳам белгилаб берилганки, касалликка қарши курашишнинг энг самара берадиган усулларни амалиётга татбиқ қилиш кераклигини мавжуд вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Касалликка қарши курашишда жорий йилда бир қатор янгича ёндашувларни амалга оширмоқдамиз. Биз ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Ёшлар кўпроқ замонавий интернет тизимидаги ижтимоий тармоқлар телеграм, фейсбук, инстаграммлардан фойдаланмоқда. Шу сабабли биз янги ВЕБ сайт (jizzax-aids.uz) яратдик. Ушбу сайтимизда мижоз нафақат ОИТС ҳақида маълумот балки бевосита тест ишланмалар орқали хавфни баҳолаши ва ўзининг тиббий маданиятини янада ошириши мумкин. Янгича ёндашувлар, профилактик ишларимиз жуда кўп. Муҳтарам Президентимиз бот-тот маҳаллабай ишлашни таъкидлаб келмоқдалар, шу сабабли ОИВ инфекцияси текширувларни маҳаллабай тартибда амалга ошириш, энг чекка ҳудуд аҳолисини текширувлар билан қамраб олиш ва улар орасида комплекс тарғибот тадбирларини амалга ошириш мақсадида вилоят ҳокимлигининг жорий йил ўтган даврида 3 та чора-тадбирлар режалари қабул қилиниб, 140 та маҳаллада тадбирлар ўтказилган ва 30052 нафар аҳоли тезкор усулда ОИВ инфекцияси ва вирусли гепатитнинг В ва С турларига давлатимиз томонидан берилган тестлар ҳисобидан аҳолига бепул текширувлар амалга оширилди. Маҳаллалардаги мактаблар, савдо мажмуалари, сартарошхоналар ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш муассасаларида ходимлар томонидан тушунтириш ишлари ўтказилди.

–Барча соҳаларни рақамлаштириш жадал суръатлар билан олиб борилмоқда, айтингчи ОИТСга қарши курашиш тизими ҳам рақамлашганми?

–Президентимизнинг юқоридаги қарорлари билан Республика бўйича ОИВ инфекцияли ҳолатларни тартибга солувчи “реал вақт ҳажмида таҳлил қиладиган маълумотлар базаси” ташкил қилинди. Ушбу электрон ахборот тизимига барча беморлар маълумотлари паспорт асосида киритилиши натижасида бугунги кунда Республика бўйича яшириниб юрган, манзилини ўзгартирган, бир вақтда 2 та вилоятда назоратда турган беморлар топилди ва сараланди. Бугунги кунда рақамлаштиришнинг иккинчи босқичи яъни ОИВ инфекцияли беморларнинг соғлиги, кўрикдан ўтиши ва даволаниши билан боғлиқ масалалар базага киритилмоқда.

–ОИТСга қарши курашиш борасида ишларни янада яхшилаш учун соҳа мутахассиси сифатида қандай таклиф ва мулоҳазаларингиз бор.

–Президентимизнинг жорий йилдаги қарори билан келгуси беш йилда яна кўплаб масалалар ўз ечимини топади деб ўйлайман. Иш жараёнида ва маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда айтишим мумкинки, ОИВ инфекцияли беморларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш зарур. ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг кўпчилиги соғлигини йўқотади ва  жуда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтожлик сезади. Яна бир муҳим масала биз қачонки аҳолига ўз онгини назорат қилишни уқтира олсак, тиббий маданиятини юксалтирсак ҳамда тиббий текширувга ихтиёрий равишда аҳолининг келишига эришсак касалликка эрта ташхис қўя оламиз ва шу орқали соғлом фуқароларнинг  ушбу касалликка чалинишининг олдини олган бўламиз!

–Нилуфар опа мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, соҳадаги фаолиятингизга мувафаққиятлар тилаймиз. Яна бир бор касб байрамингиз муборак бўлсин!

Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Ботир Қудратов олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *