ХАЛҚИМИЗГА КАМАРБАСТАМИЗ!

Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, аҳоли саломатлигини сақлаш, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш ҳамда уларни турли юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдик.

– Жамоамизда 100 нафардан ортиқ соҳа вакиллари меҳнат қилади, – дейди вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи Мамарасул Умаров. – Айтиш жоизки, бошқарма ва унинг таркибидаги бўлимлар доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан берилган кўрсатмаларни масъулият билан бажариб келмоқда. “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилининг ўтган даврида мутахассислар ўртасида амалдаги санитария меъёр қоидаларига риоя этиш ва хўжалик юритувчи субъектларда санитария тарғибот ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида аҳоли орасида овқатдан ўткир заҳарланиш ва ботулизм касалликлари нисбатан қайд этилмади. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман ҳудудларидаги маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг олиб борилишини назорат қилиш, фуқаролар ўртасида санитария-эпидемиологик тушунтириш ишлари бўйича чора-тадбирлар янада кучайтирилди. Унга кўра, шаҳар деҳқон бозорига соҳа ходимлари доимий бириктирилиб, сифат сертификатига эга бўлмаган, уй шароитида тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши таъқиқланди. Қолаверса, аҳоли ўртасида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш тўғрисида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Ушбу қоидага амал қилган ҳолда бозор ҳудуди ва бозордан ташқарида, йўл ва йўлакларда сифат сертификатига эга бўлмаган қўлбола озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилишини таъқиқлаш бўйича санитария тавсияномалари берилиб, ушбу ҳолатни назорат қилишга малакали мутахассислар бириктирилди. Бу ўз навбатида аҳоли ўртасида турли хасталиклар тарқалишини олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирлар давомида аҳолига соғлом турмуш тарзига амал қилиш, юқумли касалликлар профилактикаси, хусусан гепатит, қутуриш ва ботулизм касалликларини олдини олиш хусусида тушунтириш ишлари олиб борилиб, зарур тавсиялар берилмоқда.  Мутахассислар томонидан аҳоли турар жойларига хонадонма-хонадон кирилиб, гепатит, қутуриш ва ботулизм касалликлари бўйича тайёрланган эслатма материаллар тарқатилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан маҳалла ҳудудида ва аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ишларини ўтказиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилаётир. Дарҳақиқат, маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини ҳал этиш биргина маҳалла тизими ходимлари томонидан бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳим жиҳатдир. Жойларда олиб борилаётган маҳаллабай ишлаш механизмининг ҳам муҳим асосини ана шу тамойил –барча соҳа вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашиши тушунилади.

Вилоятимизда тизим ходимларини малакасини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида ҳам самарали ишлар амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Санэпид қўмитаси масъуллари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари билан ҳамкорликда “Вилоятда бошқарилувчи вирусли касалликларнинг эпидемиологик назоратини янада такомиллаштириш, вирусиологик текширув ўтказиш учун намуналарни олиш тартиби”, “Вакцина сақлаш омборидаги совутгичлар ҳароратини электрон-дистанцион кузатишни амалиётга татбиқ этиш”, “Безгак ва лейшманиоз касалликларининг этиологияси, клиникаси, ташхиси, эпидемиологияси ва профилактикаси” мавзуларида ўқув-семинарлари ташкил этилди. Семинарларга эпидемиология, вирусология ва иммунопрофилактика бўлимлари ходимлари ҳамда инфекционист шифокорлар жалб қилиниб, шу йўналишда малака ва кўникмалари оширилди. Ундан ташқари мутахассислар томонидан вилоятдаги барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Унда болалар орасида юқумли касалликлар профилактикаси, ошхоналарда маҳсулотларни сақлаш ва таом тайёрлаш учун яратилган шароитлар, таомларнинг тайёрланиш жараёни, маҳсулотларнинг яроқлилик сифати, уларни сақлаш ва истеъмол қилишда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш ҳамда санитария-гигиена нормаларига қай ҳолатда амал қилинаётганлиги кўздан кечирилиб, масъул ходимларга  тегишли тавсиялар беришни бир дақиқа ҳам тўхтатганимиз йўқ.

Айтиш жоизки, тиббиёт тизими вакилларининг меҳнати давлатимиз томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Байрам муносабати билан вилоятимизнинг беш нафар соҳа ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мен шуни ишонч билан айтаманки, бу каби эътибор ва эътирофнинг масъулиятини албатта оқлаймиз. Айниқса заҳматли фаолиятга умрини бахшида этганлар нафақат эгнидаги оқ либоси, балки қалбига ҳам гард юқтирмасликлари лозим. Бунинг учун эса, аввало, покиза ният, олижаноб мақсад ва қатъий аҳд зарур!

 

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *