Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Зафаробод туманидаги “Чўлигулистон” МФЙга ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқди.
“Обод хонадон – Обод кўча – Обод маҳалла” мезонлари доирасида маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, тозалаш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу борада бажарилган ишлар ва режалаштирилган лойиҳалар ҳақида туман раҳбарияти томонидан Улуғбек Мустафоевга батафсил маълумотлар берилди.
Айни пайтда маҳалладаги мавжуд ариқлар тозаланмоқда. Бу “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумини муваффақиятини таъминлаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллани тўлиқ шаҳарсозлик лойиҳалари асосида қайта қуриш мақсадида ўтган асрда қурилган икки қаватли уйларнинг томи ва олд қисми капитал таъмирланмоқда.
Ноқонуний қурилишлар бузилиб, ўрнига замонавий бир хил кўринишдаги тандирхоналар қурилмоқда. Кўпқаватли уйларга ўтказилган ва бугунги кунга келиб бутунлай яроқсиз бўлиб қолган ичимлик суви тармоқлари ўрнига янги қувурлар ўтказилмоқда.

Кўчалар текисланиб, шағаллаштирилмоқда, ички йўлларга асфальт ётқизилмоқда. Бузилган ноқонуний қурилган бинолар ўрнида хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда.
Вилоят раҳбари туман мутасаддилари билан мулоқотда қурилиш ишлари кўламини кенгайтириш, зарур ашёларни ўз вақтида етказиб бериш ҳамда сифатга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Улуғбек Мустафоев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Байрамбек Узоқов, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари ва бошқарма ҳамда ташкилотлар раҳбарлари қўлларига иш қуроллари олиб, кўчат экиш тадбирида иштирок этишди.
Шунингдек, туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида тўртта маҳаллага янги тракторлар топширилди.
Ташриф доирасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи маҳаллий аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини тинглади. Аҳоли томонидан билдирилган фикр ҳамда мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.
— Чўлигулистон маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳудуднинг янада гуллаб-яшнашига ва аҳоли турмуш даражаси, фаровонлигининг ошишига хизмат қилади, – деди Улуғбек Мустафоев.
Ҳудуддаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Асад МУСТАФОЕВ.