УЛУҒЛАЙДИ  ВАТАН  СИЗНИНГ НОМИНГИЗ

“Инсоният тарихи урушлар тарихидир”, деганди тарихчилардан бири. Бироқ қонли урушларнинг ҳеч бирида ғолиб бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ер юзини зир титратган қонли урушлар қаторида инсоният Афғонистонда содир бўлган жангу жадалларни ҳалигача алам ва мунг билан ёдга олади. Ўтган асрнинг 80-йилларида қўшни мамлакат жанггоҳларида сўнгги нафасигача жасорат кўрсатган ўғлонлар ўз халқларининг хотирасида мангуликка муҳрланди, қаҳрамон бўлиб қайтганлари эса юртдошлари орасида эъзозланмоқда. Афғон урушида 64 мингдан зиёд ўзбекистонлик ҳарбийлар қаҳрамонлик кўрсатган.

Жасур жангчиларнинг 2 мингга яқини Жиззах замини фарзандлари эди. Уларнинг 35 нафари жанггоҳларда мардларча ҳалок бўлди, 186 нафари оғир тан жароҳати олганлиги сабабли Ватанга қайтгач, оламдан ўтди, 210 нафари эса саломатлигини йўқотди.

1989 йилнинг 15 февралида ушбу мудҳиш уруш хотима топди. Собиқ иттифоқнинг чекланган қўшинлари Афғонистон заминидан олиб чиқиб кетилди. Мана 36 йилдирки, ушбу кун Афғон уруши тугаган сана сифатида юртимизда нишонлаб келинади. Жиззахда ҳар йили Афғонистон урушида иштирок этган собиқ жангчилар, марҳумларнинг оила аъзолари ҳамда яқинлари вилоят марказидаги “Хотира хиёбони”да тўпланиб, жанггоҳларда ҳалок бўлган қуролдош дўстларини ёдга олишади, Афғон диёрида ўтган кунларини хотирлашади. Ушбу анъана бу йил ҳам давом этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Афғон уруши қатнашчиларининг машаққатли ҳаёт йўли, мардликлари ва жасоратларини ёдга олиш, шунингдек, урушнинг аянчли оқибатларини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишдан иборат эди. Муаззам майдонга Афғон урушининг собиқ жангчилари, ДХХ, Миллий гвардия, вилоят ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, ҳарбийлар, ИИВ Жиззах академик лицейи ва “Темурийлар издошлари” мактабининг ўқувчилари ҳамда ОАВ вакиллари йиғилди.

Муқаддас хиёбондаги тантанани “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси вилоят кенгаши раиси Фарҳод Одилов очиб, барчани ушбу кун билан самимий табриклади. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев Афғонистондаги урушда ўзбек ўғлонлари томонидан кўрсатилган мардлик ва фидойилик, шунингдек, қаҳрамонларнинг номларини абадийлаштириш, тинчликнинг қадрига етиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш  ҳақида гапирди.

Тадбир фарзандини жангга кузатиб, унинг қайтишини интизорлик билан кутаётган мотамсаро она ҳайкалига гулчамбар ва гулдасталар қўйиш билан  давом этди.

–Мен 1985 йили Термизга ҳарбий хизматга чақирилдим, – деди тадбир қатанашчиси, Бахмал туман “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар кенгаши раиси Норжигит Ғаппоров. – У ерда алоҳида разведка батальонига ўтказилдик. Урушга бориш хаёлимга ҳам келмаганди. Уч ойлик тайёрлов жараёнларидан сўнг бизни Ғазна шаҳрига олиб боришди. Дастлаб ҳеч ким нима бўлаётганини билмасди, ҳаммаси сокин эди. Шундан сўнг оғир ва суронли кунлар бошланди. Жангларнинг бирида жангчи машинамизга гранатомёт билан ҳужум қилишган. Бир киши ўша жойнинг ўзида жон берди, яна бир шеригим кўз ўнгимда қўлидан оғир яраланди. Қонли жангу жадалларни, йўқотган қуролдошларимни аччиқ ёш билан эслайман. Бугунги ёшлар дориломон кунларнинг қадрига етиши ва тинчлигимизни асраш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишларини хоҳлайман.   

Фахрийлар билан суҳбатлашар экансиз, ҳар бирининг ўзига хос алоҳида тақдири ва кечинмалари бор. Бироқ улар ҳикоя қилиб берадиган воқеалар ҳамда айтадиган ўгитларида бир умумийлик мужассам – тинчликни қадрлаш ва она юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек асраш. Хотира хиёбонида дўст ва яқинлари билан гаплашаётган собиқ жангчиларнинг юз-кўзларидан бундайин туйғуларни англаш қийин эмас.

Дарҳақиқат, тинчлик – энг олий неъмат. Бу каби тадбирлар нафақат Афғон уруши қатнашчиларининг хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади, балки келажагимиз эгаларини Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир уруш қатнашчилари учун “Наврўз” тантаналар мажмуида ташкил этилган байрам дастурхони билан кўтаринки кайфиятда давом этди. Санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи дилтортар наволари ва дилрабо қўшиқлари иштирокчилар қалбига ўзгача завқ-шавқ бағишлади.

 

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *