Бугунги кунда Ўзбекистон Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони бўйича етакчи ҳисобланади. Илм-фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилиши туфайли ҳозирда Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 15 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Россия олий ўқув юртларида 63 минг нафар ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олишади. Ҳар йили халқаро ҳамкорлик доирасида йил бошида Россия олий ўқув юртларидан 50 га яқин мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўз олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятларини таклиф этади, ўқув кўргазмаларини ўтказади ва абитуриентлар билан учрашади. Бунинг самарасида ҳар йили 1000-1500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз ушбу миссия билан Россиянинг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга киради. Мақсад аниқ–чуқур билим ва катта салоҳиятга эга, янги авлоднинг малакали мутахассисларини тайёрлаш.
Жумладан, яқинда Сибирь Федерал Университети (СФУ) вакили Акмал Жумаев Жиззах вилоятига муҳим миссия билан ташриф буюриб, университетда таълим олиш имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказди. Мазкур ташриф чоғида СФУ хорижий абитуриентларни ишга қабул қилиш бўлими етакчи мутахассиси Акмал Жумаев ва вилоятда фаолият юритувчи “Хорижда таълим” МЧЖ раҳбари Исроил Олимов ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
– Жорий йилдан бошлаб МЧЖ Россиядаги 21 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Исроил ОЛИМОВ. – Бунгача 4 та олий ўқув юрти билан ҳамкорлик қилганмиз, айни пайтда 130 га яқин жиззахлик талаба Россия Федерациясининг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Биз минтақа ёшларини Россиянинг энг яхши университетларида сифатли таълим олишлари учун жалб қиламиз, ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам берамиз, аэропортда кутиб олиб, барча масалаларда ҳам кўмаклашамиз. Бугунги кунда бу рўйхат яна бир олий ўқув юрти – Сибирь Федерал университети (СФУ) билан кенгайтирилди. СФУ вакили Акмал Жумаев билан биргаликда Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицейга ташриф буюриб, у ерда лицей ўқувчилари билан учрашдик, университет фаолияти, таълим йўналишлари, қабул шартлари, ўқиш шакллари, шунингдек, талабалар ҳаёти ва бўш вақтлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Красноярск шаҳрида фаолият юритаётган Сибирь Федерал университети Россиянинг етакчи 20 та олий ўқув юртлари қаторига киради, – дейди етакчи мутахассис Акмал Жумаев. –Мазкур олийгоҳ маҳаллий олий ўқув юртлари орасида 11-ўринни, шунингдек, дунёнинг энг яхши 100 та олий ўқув юртлари қаторидан жой олди. СФУ 2006 йилда тўртта университетни бирлаштириш орқали ташкил этилган бўлиб, университет таркибига 22 та институт ва учта филиал киради. Уларда 27 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Университет талабалар сони бўйича етакчи университетлар ўнталигига киради ва давлат ҳисобидан қабул қилиш бўйича мамлакатда еттинчи ўринда туради (ҳар йили 6000 дан ортиқ ўрин, қабулнинг ўзи эса йилига 9000 дан ортиқ киши). Университетнинг асосий афзаллиги унинг минтақада жойлашган Россиянинг йирик саноат компаниялари билан яқин алоқаларидир. Университетда математика ва табиий фанлар, муҳандислик, технология ва техника, ижтимоий фанлар, таълим ва педагогика, гуманитар фанлар, санъат ва маданият йўналишлари бўйича таълим берилади.
Таъкидлаш жоизки, СФУда дунёнинг 55 та давлатидан, жумладан, Ўзбекистондан 1000 дан ортиқ талаба таҳсил олади. У ижтимоий йўналтирилган университет бўлиб, талабалар ва ходимлар, ёшлар клублари ва бошқарув ҳамда ривожланиш билан шуғулланадиган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб дастурларга эга. Унинг ҳудудида иккита экопарк ва 28 та спорт иншооти мавжуд. Шунингдек, конгресс-холл, замонавий тиббиёт маркази ва ўз ресторани мавжуд.
Юқорида айтилганларнинг барчаси жиззахлик йигит-қизларга мазкур университетни танлаш ва Сибирь Федерал университети талабаси бўлиш имкониятини яратади.
Наталья БЕСЕДИНА.