Ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Улар орқали маълумотларни осон тарқатиш, янгиликлардан тезда хабардор бўлиш имкониятига эгамиз. Аммо мазкур қулайликларнинг ёмон тарафи ҳам борки, бизни ҳар томонлама чалғитади ва нотўғри холосаларга етаклайди. Булар ижтимоий тармоқларда ҳар хил мақсадларда тарқатилаётган фейк хабарлар ва дезинформация каби салбий омиллардир.
Ижтимоий тармоқларда тарқаладиган нотўғри хабарлар кенг жамоатчиликнинг ишончини суиистеъмол қилишдек муаммоларга олиб келмоқда.
Хўш, нима учун ижтимоий тармоқларда фейк хабарлар кўп тарқалади. Бунинг асосий сабаби, интернет тармоқлари ҳайратланарли хабарларни тез тарқатишга мослаштирилганидир. Шунингдек, автоматлаштирилган ботлар ва фейк аккаунтлар хабарларни кўплаб фойдаланувчиларга зумда етказади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси кутилмаган ва ҳаяжонга бой маълумотларга осон таъсирланади. Нотўғри ва шов-шувли хабарлар кўпинча шошилинч ва қизиқарли кўриниши туфайли эътиборни тортади.
Ахборот маконида ундан эҳтиёткорона фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Фейк хабарлар сиёсий мақсадларда ҳам тарқалиши мумкин. Мисол учун, АҚШда 2020 йил сайловлари давомида тарқалган нотўғри маълумотлар орқали жамоатчилик фикри манипуляция қилинган. Бу хабарлар орқали сайлов натижалари ҳақида шубҳалар пайдо бўлиб, жамоатчиликнинг ишончи заифлашган.
COVID-19 пандемияси даврида фейк контентлар аҳолининг соғлиққа оид қарорларига катта таъсир кўрсатган. Масалан, вакцина ҳақида тарқалган нотўғри маълумотлар одамларнинг вакцинадан қочишига ва эпидемияга қарши курашда нотўғри қарорлар қабул қилишига олиб келган.
Ёлғон хабарлар жамиятда ишончсизлик, бўлиниш ва зиддиятларни кучайтириши мумкин. Айрим ижтимоий ва сиёсий мавзуларда тарқалган дезинформация инсонлар ўртасида нотўғри тушунчаларни юзага келтириб, ўзаро ишончни камайтиради.
Масалан, “агар қўшнингизнинг иссиқ сув ва иситиш тармоқларидан қарзи бўлса, сизни уйингизда ҳам иссиқ сув тармоғи ўчириб қўйилади” сарлавҳали хабар тарқалди. Унда Тошкентдаги кўп қаватли уйларда яшовчи ва иссиқ сув тармоқларидан қарзи мавжуд қўшнилар бўлса, бутун уй иссиқ сув тармоқларидан узилиши ҳақида ёзилган. Кейинчалик “Veolia Energy Tashkent” компанияси ижтимоий тармоқда бир хонадон қарздорлиги учун бутун бинода таъминот узилиши ҳақидаги хабарларни рад этган.
Асоссий маълумотлар молиявий бозорларга ҳам таъсир кўрсатади. Натижада акциялар нархлари кескин ўзгариши ва инвесторлар учун ноаниқликларни ҳосил қилиши мумкин.
Бугунги кунда ёлғон маълумотларга ишониб қолмаслик ёки унинг салбий таъсирига тушмаслик учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш лозим.
Биринчидан, таълимда юқори саводхонлик, ахборотни таҳлил қилиш кўникмасини ошириш;
Иккинчидан, ахборот излашда расмий манбалардан фойдаланиш, бунда давлат ва нуфузли ташкилотлар берган ахборотларга таяниш;
Учинчидан, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, ҳар қандай маълумотни улашишдан олдин унинг ҳаққонийлигини текшириш.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар доим маълумотни қабул қилишда танқидий фикрлашни ривожлантириш, шу билан бирга расмий ва ишончли манбаларга мурожаат қилиш муҳим саналади.
Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.