ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Жиззах шаҳридаги “Deya” корхонасида бўлди. Ушбу ташриф давомида вилоятимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишаркан, бу ердаги иш жараёнлари, ишлаб чиқариш имкониятлари ва келажакдаги режалар билан қизиқди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Учрашувда тадбиркорлар фаолиятларидаги долзарб масалалар, муаммолар ҳақида гапиришди. Улар вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилишини таъкидлади. Вилоятимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишида тадбиркорларнинг ўрни катта эканлигини алоҳида қайд этди.

—Бугунги учрашувдан хурсанд бўлдим, — дейди “SANGZOR-TEKSTIL” масъулияти чекланган жамиятининг раиси Диёр Базаров. Бундай мулоқотлар фаолиятимизни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва вилоятимизнинг иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот якунида тадбиркорлар билан учрашувлар ҳар ойда мунтазам ўтказилиши маълум қилинди. Шубҳасиз, ушбу тадбирлар тадбиркорларнинг ўзларини қийнаётган муаммолари ҳамда таклифларини вилоят раҳбариятига бевосита етказишига имкон яратади. Шунингдек, вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

(Ўз мухбиримиз).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *