“СЎҒДИЁНА” МАВСУМГА ШАЙ

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 2025 йилги мавсуми стартига ҳам оз вақт қолди. Янги мавсумдан 16 та клуб иштирок этадиган ушбу лигада севимли жамоамиз – “Сўғдиёна” илк баҳсини мамлакатнинг амалдаги чемпиони, Қаршининг “Насаф” клубига қарши ўтказади. Учрашув 9 март куни Қаршидаги марказий стадионда бўлиб ўтади.

“Сўғдиёна” футбол клуби матбуот котиби Ойбек Сафарбоевнинг хабар беришича, янги мавсумга тайёргарликни пухта олиб бориш мақсадида Иван Бошкович бошчилигидаги жамоа дастлаб Зомин туманида, кейинчалик хориж сафарлари доирасида Дубай ва Анталия шаҳарларида бир қатор ўқув-машғулот йиғинларини олиб борди. Ушбу жараёнлар орқали вакилларимиз маҳаллий клублар, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Черногория ва Латвия каби мамлакатларнинг кўзга кўринган жамоаларига қарши бир нечта назорат учрашувларида майдонга тушди ҳамда жисмоний, техник ва руҳий жиҳатдан ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Шунингдек, таркибни кучайтириш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга молик. “Навбаҳор” сафидаги ўйинлари билан ўзбек мухлислари эътиборига тушган Эҳсони Панжшанбе янги мавсумни “оқ бўрилар” сафида давом эттиради. Тожикистон миллий терма жамоасининг тажрибали ва маҳоратли марказий ярим ҳимоячиси билан 2025 йил охиригача  шартнома имзоланди.

Шунингдек, трансфер ойнаси ёпилишига саноқли вақтлар қолганда жиззахликлар сафи яна бир тажрибали ҳужумчи билан кучайтирилди. Черногориялик Лука Жоржевич янги мавсумни “Сўғдиёна” сафида давом эттиради. У “Зенит” (Санкт-Петербург), “Твенте” (Энсхеде, Нидерландия), “Сампдория” (Генуя, Италия), “Понферрадина” (Понферрада, Испания), “Арсенал” (Тула) ҳамда “Локомотив” (Москва) каби таниқли клубларда фаолият юритган.

Ўтган мавсумда “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган тожикистонлик легионер Зоир Жўрабоев ҳам “Сўғдиёна” билан шартнома имзолади. У фарғоналиклар сафида 20 та ўйинда майдонга тушган. Миллий терма жамоа либосида 47 та учрашувда кўриниш берган бўлиб, ўз дебютини 17 ёшида амалга оширган.

Бундан ташқари, жиззахликлар ўз сафини Жавоҳир Қаҳрамонов (“Нефтчи”), Беҳруз Жуматов (“Олимпик”), Егор Кримец (“Сурхон”), Ойбек Нурматов (“Хоразм”) ҳамда Саҳоб Рашидов (“Жиззах”) каби футболчилар билан тўлдирди.

Клубни Олег Зотеев (“Андижон”), Сардор Қулматов (“Бухоро”), Жасур Ёқубов (“Қўқон-1912”), Алишер Салимов (“Қўқон-1912”), Муҳаммадсафо Фозилов (“Бухоро”) тарк этди. Шунингдек, ўтган йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси сифатида эътироф этилган Владимир Ёвович (“Нефтчи”) ҳам жиззахликлар билан хайрлашди.

Умид қиламизки, бу йил воҳамизнинг севимли жамоаси чиройли ўйинлар кўрсатиб, бу сафар энди чемпионлик учун муносиб кураш олиб боради. Бу йўлда “Сўғдиёна”га омад тилаймиз.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *