Республика қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан илк бор ташкил этилган “Энг яхши кўп квартирали уйни бошқариш органи” кўрик танловининг мақсади бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ривожлантириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашдан иборат. Жиззах шаҳридаги “Ёшлик” қурилиш ва эҳтиёт қисмлар савдо марказида бўлиб ўтган мазкур танловнинг вилоят босқичида низом талабларига асосан ҳудудлардан ғолиб деб топилган 8 та бошқарув сервис компаниялари иштирок этди.
Ҳудудий комиссия томонидан бошқарув органлари фаолияти уларнинг ўзлари иштирокида жойида атрофлича ўрганилди. Ҳакамлар хулосасига кўра, Жиззах шаҳри “Иттифоқ” МФЙ ҳудудидаги 66 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи Дилором Ҳамзаева раҳбарлик қилаётган “Иттифоқ истиқлол сари” МЧЖ танлов ғолиби деб топилиб, республика босқичига йўлланма билан тақдирланди.
Танлов якунида ғолиб ва совринли ўринларни эгаллаган бошқарув сервис компанияларига қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномаларни республика қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиев ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Бобур Маматов топширди.
Зоир ЭРГАШЕВ.