АЁЛЛАРИ ЎҚИМИШЛИ ЮРТ

Ёш авлод тарбиясининг педагогик асослари ва тамойилларига тамал тошини қўйиш, пойдевор яратиш каби беминнат хизмат – алла, эртак, шеър, достон орқали гўдакларда халқ оғзаки ижодига меҳр уйғотиш айнан аёллар зиммасида бўлган. Шу сабаб бугунги замон педагогикасининг илк кўриниши айнан оилада шаклланган десак хато бўлмайди.  

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кўксаройда ўтказилган байрам тадбирида президент Шавкат Мирзиёев бу йил 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинишини маълум қилди. Қиз боланинг ўқиши бутун оилага ва бутун миллатга наф келтирилиши таъкидланди. Дарҳақиқат, бугун илм заҳматини ютиб, фан номзоди ёки PhD даражасига эришган, бунинг ортидан бутун оиласини боқаётган, ҳар жиҳатдан ривожланаётган ҳамкасбларим талай. Айни вақтда 6200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёллар яратилаётгани ҳам гендер тенгликни таъминлашдаги ютуқлар сифатида қайд этилди. 2024 йилда  вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан чоп этилган “Маҳорат, истеъдод, тажриба” деб номланган китобда 114 нафар олималар ҳақида библиографик маълумот жамланган. Айни вақтда илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор ва рағбатга параллел равишда илмий изланиш олиб бораётган аёллар сони ҳам ошиб бормоқда. Жиззах политехника институтида илмий даражага эга олима аёллар сони 35, профессор-ўқитувчилар сони 107 нафарга етгани фикримиз далили.

Ўтган йилнинг ўзида юртимизда магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 млрд сўмга яқин контракт пули тўлаб берилган. Бундай имконият ҳеч бир ривожланган мамлакатда мавжуд эмас.

Хотин-қизларнинг илм билан машғул бўлиши жамият учун ҳар жиҳатдан фойдали. Рўзғор юмушлари кўп йиллар аёллар учун ўралашиб қоладиган иш ҳисобланган. Агар аёл истаса, ҳамма ишга улгура олади. Фарзанд тарбиясида онанинг фозила бўлишининг ибратли жиҳатлари кўп. Она маънан ва руҳан юксалса, фарзандда ҳам бу намоён бўлади. Яъни она қуёш каби сочган нур Ой – фарзандда акс этади.   

Байрам тадбирида 250 минг нафар аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши, «Ёрқин келажак» лойиҳаси доирасида камида 200 нафар қиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилиши эълон қилинди. Бу Ўзбекистон хотин-қизларининг имкониятларини юзага чиқаради ҳамда юртимизда узоқ муддатга мўлжалланган ривожланиш дастурларининг мавжудлигини кўрсатади. Аёллар ўқимишли юртнинг бугуни ҳам, келажаги ҳам истиқболли, аксинча хотин-қизлар таълимига эътиборнинг сустлиги аҳолининг қарийб ярмига ғамхўрлик кўрсатмасликни англатади. Ижтимоий ва маиший муаммоларнинг кўпайиши эса навбатдаги муаммо. Маърифатли давлатимизда ечим сифатида аёллар таълимининг янада ривожлантирилади.

Феруза ЭРГАШЕВА,

Жиззах политехника институти кимё муҳандисилиги факультети катта ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *