КЎНГИЛ ОБОД, ЮРТ ОБОД

Вилоят ҳокими Янгиобод тумани  аҳолиси билан оммавий қабул ўтказди. “Янгиобод” ШФЙ ҳудудидаги 19-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан очди.

Янгиобод туманида 2023 йилда 6 та дастур доирасида 38 та объектда 46,2 млрд. сўмлик қурилиш – таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича  ишлаб чиқилган дастур доирасида  бунёдкорлик ишлари бажарилиб, қатор иншоотлар фойдаланишга топширилди.

 Жумладан, Дўстлик, Янгиобод, Сармич маҳаллаларида яшовчи аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 5,3 километр сув тармоғи тортилиб, 3 та сув қудуғи, 3 та сув минораси қурилди. Намингон, Чаканд қишлоқларига йўналтирилган 23 километр газ тармоғи қайта реконструкция қилинди. Янгиобод, Баландчақир, Хўжамушкент, Дўстлик, Савот, Сармич, Ҳавотоғ, Шодлик маҳаллалари ҳудудидан ўтган 28,8 километр автомобиль йўли таъмирланиб, асфальт қопламаси ётқизилди.

“Шодлик” ёшлар саноат зонасига электр тармоғи тортилиб, 630 кВА қувватли трансформатор ўрнатилди. Совотда 60 ўринли мактаб биноси қурилган бўлса, Дўстлик ва Жўлангар қишлоқларидаги 10 ва 2-умумтаълим мактаблари биноси мукаммал таъмирланди. Туман тиббиёт бирлашмаси қошида янги 50 ўринли поликлиника биноси барпо этилди.

“Очиқ бюджет” дастури доирасида “Сармич” оилавий  шифокорлик пунктигача бўлган йўлга асфальт қопламаси ётқизилди. 2-сонли мактабда ёпиқ турдаги болалар ўйингоҳи қурилди. Касб-ҳунар мактабининг моддий-техника базасини ривожлантириш учун 40 та замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланди. “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида Сойгузар ва Жўлангар кўчаларида 1,6 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Жорий йилда Баландчақир маҳалласидан ўтган сойнинг ўзанини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари учун бюджетдан 451 млн. сўм маблағ йўналтирилади.

—Ўтган йили туман сектор раҳбарлари томонидан ҳудудимизда 216 бор сайёр қабул ўтказилди, —дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янгиобод туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Нурбек Каримов. —Фуқаролардан 616 та мурожаат қабул қилиниб, 523 таси ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ва масалалар бўйича фуқароларга ҳуқуқий ва асосли тушунчалар берилди.

Янгиобод туманида бўлиб ўтган оммавий қабулда фуқароларнинг мурожаатлари 14 та ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоят ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, вилоят ва туман  корхона ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди. Сайёр қабулда мурожаатчиларнинг турли мазмундаги   масаласи тингланди.  

—Қирқ йилдан ортиқ Сармич, Хўжамушкент сув омборида бетон қуювчи бўлиб ишладим,—дейди жўлангарлик меҳнат фахрийси Мустафоқул Сулаймонов. —Туманимизда асл деҳқоннинг авлодлари истиқомат қилади. Дилафрўз ноки, узумнинг 40 дан ортиқ қадимий навлари, тоза асал шу заминда етиштирилади. Кичик туманимиздаги  катта ўзгаришларга, ободликларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Одамларимиз, айниқса, ёшлар буни чуқур ҳис қилишлари керак. Бу бунёдкорликлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Барчаси аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, инсон қадри учун қилинаётган эзгу ишлардир.

Оммавий қабулда вилоят ҳокими Эргаш Салиев туманнинг бир гуруҳ фаоллари, меҳнат фахрийлари билан дилдан суҳбатлашди. Жорий йилда вилоятимизда давлат дастури доирасида бажариладиган ишларга тўхталди.

Янгиобод туманида бўлиб ўтган вилоят ҳокимининг оммавий қабулида

   25 нафар фуқаронинг 30 та масаласи ўрганилди. Аксарият масалалар ва муаммоларга жойида ечим топилган бўлса, муддат талаб этиладиган мурожаатларни қонун доирасида ўрганиб, ижобий ҳал этиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда туманлар ҳокимларига вазифалар белгилаб берилди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *