РАМАЗОН АЙТИБ КЕЛДИК ЭШИГИНГИЗГА

Рамазон ойининг дастлабки кунлари. Деразамиз чертилди. Қарасам, уч-тўрт болакай. Мени кўрибоқ, “Рамазон айтиб келдик эшигингизга, қўчқордек ўғил берсин бешигингизга” дея жўр бўлиб куйлай бошлашди. Бирпас тараддудланиб қолдим. Ўзлари айтганидек, “минг сўм пул” берайми ё ифторликка пиширилган ширин кулчалардан?… Болакайлар пулни олиб хурсанд бўлишганча кейинги уйга йўналишди. Аммо муборак ойнинг ярмидан кўпи ўтдики, улар қайтиб келишмади. Хойнаҳой, ота-оналари рухсат беришмаган.

Рамазон қўшиқлари бу ойнинг файзу фазилатини янада оширади. Болаларда ҳам шу ой келишини кутиш, ўзига хос қувонч ҳиссини беради. Аммо замонамиз болаларидан бу одат тоборо узоқлашмоқда. Бунинг боиси, биринчидан, болаларга хос қадриятларнинг камайиб, ўрнини замонавий, техникавий устунлик эгаллаётгани, иккинчидан, Рамазон қўшиқларини айтиш ортида завқ, қувонч эмас, гўёки моддий манфаатдорлик бордек туюлаётганидир. Ҳар икки сабаб ҳам маънавиятимиз, халқона руҳиятдан узоқлашишга олиб келаётгани бор гап.

Гаджетларнинг оммалашуви катталарнинг ҳам яшаш тарзига ўз таъсирини ўтказмоқда. Техник воситаларга ҳаддан зиёд ружу қўйишнинг саломатликка таъсири катта. Аммо руҳий-маънавий жиҳатдан камбағаллашиш энг ачинарлисидир. Иккинчи сабаб эса бугунги ота-оналарда болаларни қаттиқ назорат қилиш, уларнинг жамоавийликдан узоқлашуви билан боғлиқ. Айниқса, шом тушгач болаларнинг кўчада юриши ота-оналарда хавотир уйғотади. Шу сабаб Рамазон қўшиқларини эшитиш йилдан йилга камёб бўлиб бораяпти.

Аммо бу қўшиқнинг яратилиш тарихи юртимизга ислом дини кириб келмасидан олдинги даврларга бориб тақалади. Баҳор элчиси бойчечак кўз очганида гулни кўтарганча “Бойчечак” қўшиғини айтиб, хонадонларга кириш худдики баҳор хабарини етказишдек қувончли маросим бўлган. Илиқ-иссиқ кунларга етиш, қиш заҳрини унутиш ана шу тарзда ҳам нишонланган. Кейинчалик бу одат Рамазон ойи муносабати билан шаклан ўзгарган, аммо моҳият муборак кунлар қувончини болаларча етказиш бўлиб қолаверган.

Халқ ва миллат руҳи унинг кундалик турмуш тарзида акс этиб туради. Миллий-фольклор қўшиқлар қаторида Рамазон айтимлари ҳам ўзбекларнинг байрамлари, эътиқодини акс эттиради. Маълумотларга кўра, бундай қўшиқлар Марказий Осиё минтақасида урф бўлиб, ҳаттоки арабларда ҳам учрамайди. Бу эса бундай қўшиқларнинг халқимизнинг маънавий-маърифий, маданий ва миллий ўзига хослигига дахлдорлигини кўрсатади.

Бахтиёр СУВОНҚУЛОВ,

ЖДПУ бошланғич таълим факультети доценти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *