Мирзачўл тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи катта инспектори Элёр Акбутаев “Ипак йўли” маҳалласида яшовчи А.У.ни тез-тез йўқлаб туради. Чунки ўғирлик, босқинчилик, талончилик жиноятларини содир қилгани учун 5 марта судланган ушбу шахс ўтган йили июнь ойида жазони ижро этиш муассасасидан қайтган. Катта лейтенантнинг мулоқотлари фақат назорат билан чекланмайди, суҳбатдошининг тадбиркорлик фаолиятига ҳам қизиқади.
Боиси А.У.га 10 миллион сўмлик дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети ажратилганда, иссиқхона қуришни тавсия қилиб, кимдан қай йўсинда ёрдам олиш мумкинлигини тушунтирганди. Пробация хизмати ходимининг далдаси сабаб бўлдими, А.У. чин дилдан меҳнат қила бошлади. Натижада ўтган йили 50 миллион сўмлик помидор сотди. Ҳозир бозорга кўкат чиқаряпти.

Катта лейтенант шу каби йўллар билан назорат остидаги шахслар ҳамда муқаддам судланганлар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш чораларини кўраётир. Айни муддаода профилактик суҳбатлар ўтказади, сутканинг турли вақтларида маҳкумларнинг суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилишларини текширади. Қолаверса, жорий йилнинг ўтган даврида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 5 та “Ишга марҳамат” тадбири ташкил қилиб, 15 кишининг ишга жойлашувига эришди.
Бундан ташқари, жазони очиқда ўтаётган шахсларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида ишбилармонлар билан учрашувлар уюштирмоқда. Пировардида, ўз ишни бошламоқчи бўлганлардан бир нафари 11 миллион 550 минг сўм миқдорида субсидия билан таъминланди. 11 нафар маҳкум эса касб-ҳунарга ўқитилди. Ўз навбатида, тузалиш йўлига ўтганларнинг 11 нафари катта лейтенантнинг тақдимномаси асосида муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқарилди.
Худди шундай, белгиланган тартибни бузгани учун 2 нафар шахснинг жазоси оғирроғига алмаштирилди. Маънавий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказиш ҳам эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Чунончи, маҳкумлар иштирокида вилоят тарихи ва маданияти музейига саёҳат ҳамда 3 та спорт мусобақаси ташкил қилинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ жорий йилда назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.
Лавҳамиз қаҳрамонининг ўтган йилги кўрсаткичлари ҳам эътирофга лойиқ. Жумладан, ИИВ ЖХД пробация бошқармаси 2024 йил якунлари бўйича Мирзачўл тумани пробация гуруҳини энг яхши, деб топди ва катта инспектор Элёр Акбутаевни 1- даражали статуэтка ҳамда пул мукофоти билан рағбатлантирди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ.