Жиззах шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 510 та хонадон бўлиб, бу ерда 3078 нафар аҳоли ёки 676 та оила истиқомат қилади. Шу пайтгача маҳалла реал инфратузилмаси жиҳатидан “оғир” аҳоли пункти ҳисобланарди. Аммо ўзгариш вақти келди. Айни баҳор кунларида унинг бутун ҳудуди катта қурилиш майдончасига айланиб, комплекс ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида бутун атроф-муҳит кўз ўнгимизда том маънода янги қиёфа касб этмоқда.
Айтиш керакки, айниқса, еттита кўп қаватли уй атрофида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган. Ноқонуний қурилишлар, ўз-ўзидан пайдо бўлган чиқиндихоналар, ободонлаштирилмаган кўчалар азалдан бу ҳудуднинг оддий кўринишига айланган эди.

– Бугун ҳашар орқали ҳақиқатдан ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилфуза Жўрақулова. – Маҳалла ҳудудидан 60 тоннага яқин чиқинди олиб чиқилиб, 200 тадан ортиқ ноқонуний бино бузиб ташланди. Бўшатилган ҳудудга 2250 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Кўп қаватли уйларга канализация тармоғи тортилиб, маҳалла фуқаролар йиғини учун ҳам янги бино қурилмоқда. Маҳалланинг барча тўққиз кўчасига тунги ёритиш (100 та прожектор) ўрнатилиб, электр тармоқлари, устунлар, трансформаторларни тўлиқ алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бундай муҳим ташаббус ва халққа ғамхўрлик учун Жиззах шаҳар ҳокимлиги ва вилоят прокуратурасига маҳалла аҳоли номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

“Адолат-кент” кўчасида вилоят прокуратураси ташаббуси билан маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган Луиза Ражабованинг кам таъминланган оиласи учун барча замонавий қулайликларга эга янги уй-жой қурилди. Айни шу кўчада аҳоли томорқаларини суғориш учун лотоклар ётқизиш ишлари деярли якунланди. Бу масала билан “Фориш” масъулияти чекланган жамияти “Еuro Sport Stroy” жамоаси шуғулланмоқда.
– Лотокларнинг умумий узунлиги 953 метрни ташкил этади, – дейди қурилиш бўйича иш юритувчи Эркин Ботиров. – Қурилиш ишларига бешта техник воситалар ва энг тажрибали мутахассислар жалб этилган. Наврўз байрамига қадар топшириқни бажаришга интиламиз. Маҳалла аҳли бундан буён оқар сув ва экинларни суғоришда ҳеч қандай қийинчилик бўлмаслигидан беҳад хурсанд.
– Менимча, маҳалламиз энг қолоқ маҳаллалардан бири эди, шу боис амалга оширилаётган ўзгаришларни кўриш жуда ёқимли, – дейди кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Манзура Пўлатова. – Уйлар ҳовлисида болалар майдончаси, айвонлар барпо этилиши, чиқиндихоналар ўрнига махсус контейнерлар ўрнатилиши айтилди. Демак, теварак-атрофда ҳамма нарса тоза ва озода бўлади, энди электр таъминотида муаммо бўлмайди. Бу ишнинг бошида турган вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимлигига, вилоят парокуратурасига, қурувчиларга катта раҳмат.
Бир сўз билан айтганда, “Тинчлик” шаҳардаги намунали маҳаллалардан бирига айланади.
Илҳом ШОДМОНОВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)