АЗАНИ ТЎЙГА АЙЛАНТИРАЁТГАНЛАР

“Таъзиядаги тўй”. Шу номдаги фильмни томоша қилганмисиз?

2010 йил ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган ушбу фильмни телевизорда кўрдим.  Комедия жанрида олинган ушбу фильмни кўриб ҳам кулдим ҳам сиқилдим..Бир қарашда кулгили воқелар (аччиқ ҳақиқатлар) кишини ўйлашга мажбур қилади. Ишонинг, фильмдаги ҳар бир воқеага сиз  ҳам озми кўпми гувоҳ бўлгансиз. Қуйида ўзим гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида мулоҳазаларимни билдираман.

2019 йил отамни чин дунёга кузатдик. Отам раҳматли доим “мен ўлсам анави кўк пул бор-ку, (долларни назарда тутардилар) шундан 1 сўмлигини келган одамларга тарқатасизлар” дердилар. Ҳазил аралаш айтилган бу васият отам ўлгандан кейин чинга айланиб кетди. (Англашимизча, отам бу  ҳақида бир-икки яқинларига ҳам айтган экан.) Опамнинг ўғли дарров 200 долларни 1 долларликка айлантириб, таъзияга келган эркакларга тарқатди. Отам бу дунёдан ўтганларига 5 йилдан ўтди. Буни қарангки, одамлар шундан ҳам гап чиқаришди. Эмишки, бу васият тўлиқ бажарилмабди. Опамнинг ўғли 4-5 кишига  1 долларлик берганмиш-у қолганлар қуруқ қолганмиш… Ишонмайсиз, орадан шунча йил ўтган бўлса-да, қишлоқдаги айрим “қариндошлар” шуни муҳокама қилиб юришибди…Фильмдаги пул тарқатиш жараёнини кўрганимда шу воқеа эсимга тушди.

“Ота-она ўлмоғи – мерос” дейишади. Ҳали отасини ерга бераётганини қабул қилолмаётган, жудолик нима эканлигини йиллар, кунлар ўтса англайдиган фарзандларнинг аҳволи устидан кулувчилар ҳам шу таъзияда бўлишини ўшанда билганман. Эътибор берсангиз, фильмда пулга ёлланган ҳассакашлар келиб отамлаб йиғлашади. “Фалончини қизлари отамлаб йиғлаб бетини қонатибди” деган иборалар ҳам бор. Ўшанда ҳолатдан шок бўлиб турган акаларимнинг аҳволини энди ҳис қиляпман. Лекин бизни қишлоқдаги “айрим” меҳрибонларнинг “Вой, болларини қара, отамлаб додламайдиям, бемеҳрлар” деганини ўз қулоғим билан эшитганман…

Отамнинг таъзиясида маҳалладан келган вакиллар нарса (аёлларга латта-путта)тарқатишни ман қилиб қаттиқ туришганди. Шундай бўлса ҳам қишлоқдошларнинг гап-сўзидан қўрқиб, кичикроқ бўлса-да пакетчада нарса тарқатдик. Шунда ҳам анчагача бизни муҳокама қилишганини, акаларимнинг бу  гап-сўзлардан сиқилиб қолганинининг гувоҳи бўлганман. “Отасини ҳурмат қилмас экан, дастурхони яхши бўлмабди , келган аёлларга латта-путтасини бермабди “ деб анчагача бизнинг муҳокамамиз бўлган. ..

Ота-онасининг қабридан бирон маротаба хабар олмаган, лекин обрў учун азани тўйдек ўтказишга ҳаракат қилаётганлар ҳалигача орамизда борлиги ҳам ҳақиқат…

“У муллани нега чақирасан, у бизни қишлоқданмас, ўқишини билмайди, қишлоқда обрўси йўқ, унинг отаси ёмон одам бўлган, ўқиши бизга ёқмайди” дея хўжайинчилик қилиб (пулдан қуруқ қолмаслик учун) одам ажратганлар ҳам орамизда…

Фильм сўнгида Тиркаш отанинг тирилиб келгани кимларгадир “аза  бўлса кимларгадир тўй бўлди. Бизни эса чуқурроқ ўйлашга ва ҳар хил бидъат, урф-одатлардан воз кечишга ундайди. Сиз нима дейсиз?

Гулчеҳра ШАРИПОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *