2025 йилнинг 24 феврал куни “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги ЎРҚ 1036-сонли қонуни қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши барча экологлар қаторида давлат экологик экспертизаси органларига ҳам юксак ишонч ва улкан масъулият юклатилди.
Бунинг самараси натижасида анчадан буён муҳокамада бўлган “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида” ЎРҚ-1036-сонли янги таҳрирдаги қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Эски таҳрирдаги Қонун бундан салкам чорак аср олдин, яъни 2020 йил 25 май куни қабул қилинган бўлиб, халқаро ҳамда ҳозирги замон талаблари асосида қайтадан ишлаб чиқилиши зарурати пайдо бўлган эди.
Янги таҳрирдаги Қонун 10 та боб, 47 та моддадан иборат бўлиб, бунда қонунинг мақсади, экологик экспертиза турлари, экологик экспертизанинг объектлари, экологик экспертизани ўтказишнинг мажбурийлиги, унинг муддатлари ва бошқа экологик экспертизага оид кўплаб тушунчалар келтириб ўтилган.
Ушбу Қонун доирасида экологик экспертиза ўтказишнинг халқаро скрининг ва скопинг механизмларини жорий этиш орқали, атроф-муҳитга таъсир этиш бўйича объектларининг тоифалари халқаро талабларга асосан оптималлаштирилиб, амалдаги 4 тадан 3 тага қисқартирилмоқда ҳамда экологик экспертиза хулосаларини беришда жамоатчилик фикрини инобатга олиш мажбуриятлари (Орхус конвенсияси талаблари асосида), Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва Стратегик экологик баҳолаш мезонлари (Эспо конвенсияси ва Стратегик экологик баҳолаш баённомаси талаблари асосида) киритилмоқда. Шунингдек, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этиш учун доимий фаолият юритувчи Экспертлар кенгашини ташкил этиш нормаси киритилган.
Бу борада халқаро амалиётни кенг ўрганиш мақсадида ривожланган бир қатор давлатларнинг соҳага оид қонунчилиги ўрганилди, халқаро экспертларнинг таклиф ва тавсиялари асосида Қонун нормалари такомиллаштирилди.
Қонунда экспертиза жараёнлари иштирокчиларининг яъни буюртмачи, лойиҳачи ва эколог-экспертларнинг ваколатларига аниқлик киритилиб, уларнинг масъулияти кучайтирилмоқда.
Мазкур Қонун экологик экспертиза фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали мамлакатимизда экологик ҳолат барқарорлигини таъминлашга ҳамда инсон соғлигига салбий таъсирини олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитида яшаш ҳуқуқининг кафолатланишига хизмат қилиш мақсадида қабул қилинган, дейиш муболаға бўлмайди.
Давлат экологик экспертизаси маркази ДМ Жиззах вилояти филиали.