ЧИҚИНДИДАН ҚАРЗДОРЛАР “СВЕТ”СИЗ ҚОЛИШИ МУМКИН

Кейинги йилларда мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини оширишга ҳамда ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги ўсиши мазкур хизматлар учун тўлов интизоми даражасини ошириш заруратини юзага келтирмоқда. Шу муносабат билан 2025 йил 7 мартда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикасининг 1044-сонли Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Уй-жой кодексларига, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Бунда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (СМС) орқали хабардор қилингандан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунга қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар белгиланган. Шунингдек, мавжуд қарздорлик бартараф этилган сўнг электр энергия учун тўловларга қўйилган чеклов автоматик тарзда бекор қилинади. Мазкур Қонун 2025 йил 8 июндан расман кучга киради.

Ушбу қонун чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга ҳамда аҳолининг мазкур хизматлар бўйича дебитор қарздорлигини камайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Жиззах вилояти чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси маъмурияти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *