Жиззах шаҳридаги Киберспорт аренасида “Миллий либос — миллат қиёфаси — замонавий дизайнерлар нигоҳида” мавзусида либослар кўргазмаси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин қизлар бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмага маҳаллалар фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маънавият тарғиботчилари, ҳунармандлар, олий таълим муассасалари талабалари ва уюшмаган ёшлардан иборат кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Дастлаб вилоят ҳокими ўринбосарлари Сахобиддин Болиев, Гулнора Нормуродова ҳамда бир гуруҳ масъуллар кулолчилик, наққошлик, каштачилик, гиламдўзлик, зардўзлик каби ота-боболаримиздан мерос қолган касбларда фаолият юритаётган бир қатор ҳунармандлар билан яқиндан танишиб, қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлар ҳақида самимий суҳбатлашишди. Шундан сўнг катта экранда ўзбек миллий либосларининг тарихи ҳақида иштирокчиларни руҳлантирувчи видеоролик намойиш этилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, либослар тарихига доир билимлар бугунги кунда кўплаб йўқолиб кетаётган бебаҳо ёдгорликларимизнинг хилма-хиллигини қайта тиклаш ва халқимизнинг нодир меросини дунёга танитишга хизмат қилади. Қадимдан то ҳозиргача бўлган анъанавий, бетакрор либосларни кўриш, ҳудудларда — қишлоқ, шаҳар, туманларда сақланиб келинаётган ўзига хос фарқларни тушуниш, уларга қадрият нигоҳи билан қараб, тарғиб этиш, келгуси авлодларгача сақлаб қолиш, давомийлигини таъминлаш бугуннинг долраб вазифаларидан биридир.

– Тарихий манбаларга кўра халқимизнинг ҳар бир ижтимоий қатлами алоҳида таърифга эга либосларни кийишган, — дейди Жиззах шаҳрида ўз тадбиркорлик фаолиятига эга, дизайнер Дилноза Ўктамова. — Бой савдогарлар, маҳаллий зиёлилар, жадидлар, муаллимлар, дин аҳллари, имом, сўфилар, қозикалонлар, шаҳарлик ҳунармандлар, қишлоқлардаги меҳнаткаш деҳқонлар, кулолчилар, темирчилар, чўпонларнинг ҳар бирининг ўша даврдаги турмуш тарзларини акс эттирувчи кийиниш услуби бўлган.
Дарҳақиқат, либос эгасининг нафақат ижтимоий қатламнинг қайси даражасида яшашлиги, балки унинг ёшини, қандай маросим (тўй ёки таъзия)да иштирок этиш учун кийганлиги ҳақида ҳам сўзлайди. Биргина, устки кийимлар орасида энг кўп тарқалган ва ҳозиргача етиб келган либос — тўн-чопонга назар солайлик. Тўн тикилишига қараб авра тўн, астарли тўн, пахталик тўн, дейилган. Тикилган матосига қараб қалами тўн, банорас тўн, беқасам тўн, кимхоб тўн, сурра тўн, кимга мўлжалланганлигига қараб эса бола тўн, куёв тўн, қуда тўн каби номлар билан аталган.

Мана шундай бир-бирини такрорламас, кийиниш тартиби ва маъносига эга миллий либосларни замонавий кўринишда яратиб, жамиятга тақдим этаётган вилоятимизнинг таниқли дизайнерлари либослар кўргазмасининг асосий қаҳрамонлари бўлишди. Махфират Ўсарова, Висола Саидова, Моҳичеҳра Тоирова, Навбаҳор Бобоева, Севара Ўрозбоева, Шаҳло Раҳматова, Сарвиноз Шакаровалар ижоди билан тикилган либослар минглаб томошабинларнинг олқишларига, қизиқишларига сабаб бўлди. Қолаверса, пойтахтдан ташриф буюрган хонандалар, воҳамиз санъаткорларининг чиқишлари, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ тилида янграган куй-қўшиқлар иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Кўргазма сўнгида турли номинациялар бўйича эътиборга лойиқ кўрилган дизайнерларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).