ЯХШИЛИК ҚАЙТМАЙ ҚОЛМАЙДИ

Эрта тонгда метро ҳар доимгидек тирбанд. Вагонлар гавжум – кимдир ишга, кимдир ўқишга шошади. Аксарият йўловчилар ёшлар, қўлларида телефон, нигоҳлари экранда. Мен ҳам манзилимга шошганча вагонга чиқдим.

Навбатдаги бекатдан ёши олтмишлардан ошган отахон ва қўлида оғир сумкаси бор онахон кириб келишди. Тиқилинчда зўрға ичкарига ўтишди. Атрофга назар ташладим: ўриндиқларда ўтирган ёшлар кексаларга жой бериш у ёқда турсин, ҳатто эътибор ҳам қилишмади. Отахон тутқичдан маҳкам ушлаб турди, онахон эса юки билан одамлар орасида қолиб кетди.

Вагон силкинганида онахон мувозанатини йўқотиб, ён томонга оғиб кетди. Шу пайт “қараб турмайман” деган ўй миямдан ўтди. Амаллаб унинг ёнига яқинлашиб, қўлидан тутдим.

– Онажон, мени ушлаб олинг, – дедим секин. Қўлидаги сумкани ҳам олиб, одамлар орасидан ўзим томонга тортдим.

У менга бир муддат тикилиб турди. Сўнг майин овозда:

– Қизим, умрингдан барака топ. Илоҳим бахтли бўлгин, – деб дуо қилди.

Билмадим, лекин ўша лаҳза юрагим илиқлашиб кетди. Вагон ичидаги шовқин ҳам, атрофдаги бефарқлик ҳам гўё йўқолгандек туюлди. Онахоннинг дуоси оддий сўз эмас, меҳр ва қадрият ифодаси эди.

Кейинги бекатда тушиш пайти яна қийналди. Платформадаги ходимлардан бири шоширган оҳангда гапирди. Онахоннинг қўлидан ушлаганча уни эшикдан туширдим. У ортига қараб, кўзлари билан миннатдорлик билдирди.

Йўлимда давом этар эканман, ўйга толдим: жамоат жойида инсоннинг тарбияси билинади. Айниқса, метрода. Бугун кексаларга жой бермаган ёшлар эртага ўша жойни кутадиган инсонга айланади. Ёши улуғларга ҳурмат – миллатимизнинг асрлар оша сақланиб келаётган юксак қадрияти.

Бир оғиз ширин сўз, кичик ёрдам ёки чўзилган қўл кимнингдир қалбига илиқлик бағишлайди. Самимий дуо эса инсонни янада яхшиликка ундайди. Чунки яхшилик ҳеч қачон йўқолмайди – у албатта ўз эгасига қайтади

     Ҳулкарой МУСУРМОНОВА,

ЎзЖОКУнинг 1-босқич талабаси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *