Маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлари бир Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатлари халқларини биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Уч халқ асрлар мобайнида ёнма-ён, бир оила аъзоларидек, аҳил-иноқ яшаб келаяпти. Бугунги кунда халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари, самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.

Узоқ йиллар ёнма-ён яшаган, қуда-анда бўлиб кетган халқлар ўртасидаги алоқалар деярли тўхтаб қолган, чегаралар беркилган вақтлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилганда қанча одамлар қувончи ичига сиғмай ёш боладай йиғлаган, давлат раҳбарини алқаб дуо қилганди. Мана шунга ҳам қарийб 10 йил бўлаяпти. Бугунги кунда бири-бирига қон-қардош, қуда-анда бўлиб кетган халқларнинг борди-келдиси ҳам кенг кўламли бўлмоқда. Биргаликда ўтказилаётган тўйу-маъракалар, байрам тантаналари ўзбек, тожик ва қирғиз халқларини янада жипслаштирмоқда, қон-қардошлик ришталари янада мустаҳкамланаяпти.
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 31 март куни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида тарихда илк бор уч томонлама саммит бўлиб ўтди. Бўлажак Хўжанд саммити уч мамлакат ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида 50 мингга яқин қирғиз ва 35 мингдан зиёд тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар бошқа миллат ва элатларнинг вакиллари сингари, бир оиладек тинч-тотув истиқомат қилиб келишмоқда.

“Наврўз” умумхалқ байрамининг шукуҳи давом этаётган айни кунларда вилоятимизнинг барча маҳаллаларида, шу жумладан қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳамда қирғиз ва тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб келаётган маҳаллаларда халқ сайллари шоду-хуррамлик билан ўтказилди.
Жумладан, турли миллат ва элатларнинг вакиллари билан биргаликда ўтказилаётган ушбу тадбирлар дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани янада қувонарли.
Жорий йилнинг 29-30-31 март кунлари Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин, Дўстлик, Фориш, Зарбдор ва Янгиобод туманларидаги 27 та маҳаллада турли миллат вакиллари иштирокида “Наврўз” байрами доирасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳамда “Ҳайит байрами – эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами” маънавий-маърифий ва маданий тадбирлари ташкил этилди.
Жумладан, 29 март куни Зомин туманидаги Бахт, Чилонзор, Истиқлол маҳаллаларида, Бахмал туманидаги Қутлуғобод, Мустақиллик, Узунбулоқ, Маданият маҳаллаларида, Янгиобод туманидаги Совот ва Сармич маҳаллаларида тадбирлар ўтказилди.

Ўн саккизга яқин миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган Зомин туманида ўтказилган байрам тадбирлари дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ҳайит байрами муносабати билан “Ҳайит оши – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши”, “Қудратимиз—бирлик ва ҳамжиҳатликда” шиори остида “Бахт” ва “Чилонзор”, маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси биргаликда байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказди. Байрамга таклиф этилган меҳмонлар ва аҳоли шу куни ҳудудга хос бўлган 30 турдан ортиқ миллий таомлар, халқ ҳунармандчилик буюмлари, миллий ўйинлар, лапарлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, спорт мусобақалари ҳамда ҳарбийларнинг чиқишларини томоша қилишди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев иштирок этди.
Абдукарим ШАРИПОВ:—вилоят тожик миллий маданий маркази раиси: — Миллатим тожик, аммо қалбан, руҳан фахр билан айтаман—мен Ўзбекистон фарзандиман. Ўзбек, тожик, қирғиз бир тарихда яшаган, бир маданиятдан илҳом олган. Муҳтарам Президентимиз дўстлик, ҳамкорлик ва қадриятларни доимо қўллаб-қувватлаб келаяпти. Биз маданий марказлар вакиллари эндиликда кўп миллатли халқимизнинг ягона мақсадларига хизмат қилиш, миллатлараро дўстликни ривожлантириш ва келажак авлодга юксак маънавий муҳит қолдириш учун камарбаста бўламиз.
Биргаликда ўтказилаётган тўй-у маъракалар, байрам-у тантаналар халқларимизни янада жипслаштирмоқда, қон-қардошлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 31 март куни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида тарихда илк бор уч томонлама саммит бўлиб ўтади. Албатта, ушбу саммит уч мамлакат ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратади ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти тожик миллий-маданий маркази ҳамда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази томонидан икки тилда “Меҳрнома” китоби чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти ва ҳомий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан чоп этилган ушбу китоб тожик ва ўзбек адабий алоқалари риштасини мустаҳкам боғлашга ҳисса қўшди.
“Истиқлол” маҳалласида бўлиб ўтган “Қўшничилик—минг йилчилик”, “Бирлашган ўзар” , “Дўст билан обод уйинг” каби қатор шиорлар остида ўтган тадбирда Ём, Чапарашли, Жарқишлоқ, Сўфибозор, Ўрол қишлоқларидан вакиллар қатнашди. Тадбирда “Ранглар жилоси”танлови, китобхонлик, миллий кийимлар ва турли халқлар урф-одатлари, сумалак, ош сайли, арзонлаштирилган кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев иштирок этди.
Мамат ГУЛБОЕВ:—вилоят қирғиз миллий маданий маркази раиси:
— Зомин туманининг “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги байрам тадбирларига гувоҳ бўлиб ўтирибмиз. Туронзамин деб аталадиган бу тарихий маконда азал-азалдан ўзбек, қоракалпоқ, қозоқ, тожик, туркман ва қирғизлар бир жону бир тан бўлиб яшаган, умргузаронлик қилган. Улар ўртасидаги дўстлик ва ишонч ришталари асло узилмаган. Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли вилоятимиздаги барча миллат ва элат вакиллари бир оила фарзанларидек ўзаро аҳил ва тинч-тотув турмуш кечирмоқда.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, 50000 га яқин вилоятимизда истиқомат қиладиган қирғизларнинг ҳар бири Ўзбекистонни ўз ватани деб билади ва ардоқлайди. Ахир инсоннинг битта ота ва онаси бўлганидек, туғилиб ўсган жойи Ватани ҳам биттадир. Ота-боболаримиз ҳам бир умр шу элни севди, шу заминни Ватан дея ардоқлади,
Дунёдаги кўпгина халқлар қатори қирғиз миллати ҳам ўзининг узоқ тарихи, улкан маданий меросига эга. Ана шу улкан қадриятларимизни, бебаҳо миллий урф-одат ва анъаналаримизни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодга олтин мерос сифатида тақдим этишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Ҳозирги кунда вилоятда қирғиз тилида ўкитиладиган 15 та мактаб мавжуд. Ушбу мактаблар тўлиқ қирғиз тилидаги дарсликлар билан таъминланган.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга 1,3 миллион турист келган. Шундан 422 минг турист Қирғизстондан ташриф буюрган. Бу рақамлар мамлакатлар ўртасида борди -келди яхшиланиб, дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганлигини билдиради.
Учта давлат раҳбарлари иштирокида 31 март куни Хўжанд шаҳрида ўтадиган саммит тарихий воқеа ҳисобланиб, бу хавфсизлик, ҳамкорлик ва фаровонлик сари ташланган катта қадам бўлади.

Бахмал туманидаги “Қутлуғобод” МФЙда бўлиб ўтган Наврўз байрами барчага завқ-шавқ улашди. Ушбу маҳаллада 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда ўзбек, тожик, қирғиз ва татар миллатлари вакиллари аҳил-иноқ яшаб келишмоқда. Маҳалла ҳудудидаги 3-сонли мактаб ҳовлисида ташкил этилган байрам сайлида миллий халқ ўйинлари, концерт дастурлари, спорт мусобақалари ва ҳунармандчилик кўргазмалари намойиш этилди. Ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни, тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган расмлар танлови ҳам ташкил этилди. “Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмаси намойиш этилди. Буюк аждодларимиз ҳамда қўшни давлатларнинг мутафаккирлари, ёзувчи ва шоирларининг дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳақидаги асарлари бўйича китобхонлик танловлари ўтказилди.
Тадбирда қатнашган туман ҳокими Азиз Эргашев йиғилганларни байрам билан самимий табриклади.

Байрам тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев, вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирок этди.
30 март куни Зомин туманидаги Туркман, Чорвадор маҳаллаларида, Бахмал туманидаги Новқа, Мўғол, Нушкент, Ойқор, Темирқадам, Ўрмончи, Давлат маҳаллаларида, Янгиобод туманидаги Хўжамушкент, Баландчақир ва Зарбдор туманининг Андижон, Фориш туманининг Ухум маҳаллаларида тадбирлар ўтказилди.
Ўн бир мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Зомин туманидаги “Туркман” ҳамда “Чорвадор” маҳаллаларида бўлиб ўтган дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган “Абадий кўприк”, “Наврўз учун 10000 табассум, ҳайит оши каби қатор байрам тадбирлари ҳудуд аҳолисини бир жойга бирлаштирди. Байрам ҳақиқий халқ сайлига айланди.
Фроза ТУЯКОВА: “Чорвадор” МФЙ.
—Ўратепадан Зоминга келин бўлиб тушганман. Илгари чегаралар ёпиқ, виза олиш қийин эди. Юртбошимизнинг сиёсиё иродаси билан бу адолатсизликка барҳам берилгани инсон сифатида қадр топганлигимиз бўлди. Эндиликда ҳар йили ҳар ойи лозим пайти ота-онамиз, қишлоғимиз, қариндошларникига бориб келишда муаммо ва тўсиқлар йўқ. Биз чегаралар эмас, қалблар ўртасидаги кўприк бўлдик. Она сифатида икки миллат анъаналарига содиқ ҳолда фарзандларимни тарбиялаб келмоқдаман. Мен энди Ўзбекистон келини эмас, фарзандиман. Зоминга, Ўзбекистонга ошиқадиган, уни яхши кўрадиган қалблар кўпаяверсин!

“Мўғол” ҚФЙда байрам танатаналари зўр шоду хуррамликда ўтказилди. Мазкур ҳудудда 8 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 10 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаяпти. Тадбир аввалида Бахмал тумани ҳокими Азиз Эргашев, вилоят ИИБ бошлиғи, генерали-майор Ғайрат Қодиров, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бош муҳаррри Ҳусан Эрматов ва бир гуруҳ маҳалла нуронийлари “Дўстлик боғи”га яхши ният билан дарахт кўчатлари экишди.
Туман ҳокими Азиз Эргашев барчани Наврўз ва Рамазон ҳайити билан муборакбод этиб, ўзининг эзгу тилакларини билдирди.
“Ҳайит оши – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши” шиори остида маҳалла аҳолиси учун эҳсон тадбирлари ташкил этилди. Уйидан чиқа олмайдиган беморлар ва кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олинди. Турли миллат вакилларидан иборат фольклор-этнографик ансамблларнинг бадиий чиқишлари, рақс ва ашула, халқ оғзаки ижодиёти, лапар, айтишувлар барчага хушкайфият улашди.
Муғолга келин бўлиб тушган 45-сонли мактаб ўқитувчиси Муқаддас Ўсарова ўз таасуротларини шундай баён қилди:
—Миллатим қирғиз, бу қишлоққа Дўстлик туманининг “Манас” маҳалласидан келин бўлиб тушганимга 14 йил бўлди. Ўзбек, қирғиз ва тожик халқлари азал-азалдан қон-қардош бўлиб яшаб келган. Ҳозир ҳам шундай. Қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз бир хил. Наврўз сайли ва Ҳайит байрамларини биргаликда ҳамжиҳатлик билан нишонлаяпмиз. Мен ва қариндошларим мамлакатимиз Президентидан бениҳоя миннатдоримиз. Чунки муҳтарам Юртбошимиз йўлларимизни очиб бердилар. Биз Бишкекка бемалол бориб қариндошлармизни кўриб келаяпмиз, улар ҳам келиб кетишмоқда. Демак, дўстлик, қардошлик ва биродарлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Бундан барчамиз мамнунмиз.

“Темирқадам” МФЙда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли асосан боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Сангзор дарёсининг бир тарафидаги “Темирқадам” МФЙда ўзбеклар, бир тарафидаги “Бахмал” МФЙда қирғизлар аҳил-иноқ яшашади. Байрамлар ва тўйу-маъракаларида борди-келди йўлга қўйилган. Наврўз сайли ва Ҳайит байрамлари ҳам қўшниларсиз ўтмайди.
Байрам тадбирларида ўтказилган миллий ўйинлар — “Оқ теракми – кўк терак”, “Куч синаш”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” каби мусобақалар ёш авлод вакилларига бир олам қувонч бағишлади. Дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага завқ-шавқ улашди “Либосларда жилоланган қадрият” шиори остида турли миллат вакиллари томонидан миллий либослар намойиш этилди.
Тадбирда қатнашган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Ибрагимов йиғилганларни Наврўз аёми ва Рамазон ҳайити билан самимий табриклади.
—Юртимиздаги тинчилик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, янгиланиш ва ислоҳотлар барча юртдошларимиз қалбига ўзгача бир сурур бағишламоқда,—дейди маҳалла фаоли Акбархон Турсунов.—Шу боис Наврўз ва Ҳайит байрамларини халқимиз зўр шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Маҳалламизда ҳам “Ҳайит оши – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши” шиори остида маҳалла аҳолиси учун эҳсон тадбирлари ташкил этилди. Наврўз сайли кўтаринки кайфиятда ўтаяпти. Тадбирларда тожик ва қирғиз миллати вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ота-боболаримиз тожик ва қирғиз эллари билан аҳил бўлган, борди-келди қилган. Ана шу азалий анъаналаримиз, урф-одатларимиз бугунги кунда ҳам давом этаяпти. Туманимиз Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Аҳолимиз бемалол бордик-келди қилаяпти. Бу дўстлигимизнинг, қардошлигимизнинг бардавомлигидир.
Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва дўстлик ришталарини тараннум этган тадбирлардан яна бири Бахмал туманининг гўзал Нушкент маҳалласида бўлиб ўтди.
“Қўшничилик – минг йилчилик” шиори остида бўлиб ўтган тадбир дастлаб маҳаллий ҳокимият ҳамда жамоат ташкилотлари аъзоларининг ҳудудда барпо этилган “Дўстлик боғи”га ниҳол қадаш маросими билан бошланди. Шундан сўнг сўзга чиққан Бахмал туман ҳокими Азиз Эргашев барчани қутлуғ Наврўз ҳамда Ҳайит айёми билан қутлар экан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган миллатлараро бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сиёсатига алоҳида урғу берди. Қўшни миллат вакиллари билан аҳил-иноқ истиқомат қилиш нақадар муҳим эканлигини таъкидлади.
Халқ сайлида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Ибрагимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бош муҳаррири, депутат Ҳусан Эрматов ҳамда нуронийлар ва ёшлардан иборат аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Дўстлик байрами доирасида сумалак ва бошқа миллий таомлар тайёрланди. Амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, “Оқ теракми – кўк терак”, “Куч синашиш”, “Арқон тортиш”, “Чиллак”, “Юртим полвонлари” миллий ўйинлари, “Варраклар сайли” каби тадбирлар ташкил этилди. Фольклор-этнографик ансамбллар ва шоирларнинг дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган чиқишлари, яқин қардошлик, биродарлик акс этган бошқа маънавий-маърифий тадбирлар намойиш қилинди. “Наврўз учун 10 000 табассум” хайрия акцияси доирасида етим болалар, ногиронлиги бор инсонлар ва ижтимоий дафтарларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга совғалар тақдим этилди.
Ҳудудларда ўтказилаётган шодиёналарда Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан “Ҳайит оши – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши” шиори остида “Ҳайит оши” тайёрланиб, тарқатилди.
Янгиобод туманининг Баландчақир ва Хўжамушкент маҳаллаларида бўлиб ўтган дўстлик ва ҳамжиҳатлик сайиллари турли миллат вакилларини сайилгоҳга чорлади. Карнай-сурнай садолари халқ миллий ўйинлари, варраклар сайли, миллий таомлар кўргазмаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ва куй-қўшиқларга уланди. Баландчақир қирларида баҳор бошқача балқиди. Қўшалоқ қувончли саналар ва қўшни давлат раҳбарларининг тарихий келишувлари туман аҳли қалбларига олам-олам қувонч ва шодиёна бағишлади.
-Туманда 1000 нафарга яқин тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади, – дейди 6-сонли мактаб директори Мавжуда Турдиева. – Улар учун ягона тожик тилида таълим берувчи мактаб ишлаб турибди. Ўқувчиларимиз сони 121 нафар. Мактаб 2021 йилда капитал таъмирланди, жорий ўқув йили бошида спорт зали қуриб берилди. 2023 йилда мактабимиз II даражали “Замонавий мактаб” мақомини олди. Бу қардош халқлар тилларида ўқитиладиган мактаблар ҳам доимий равишда эътиборда эканлиги, шунга яраша мактаб жамоасининг ҳам изланиш ва интилишда эканини кўрсатади. Бу йилги республика асосий фан олимпиадасида мактабимиздан уч нафар вакил қатнашганлиги ҳам бунинг исботидир.
Ўзим шу туманда туғилиб ўсган бўлсам-да, Хўжанд шаҳрида олий таълим даргоҳида ўқиганман. Кўп йиллар борди-келди алоқалари узилиб қолди. Сим тортилган чегаралар халқларни ва дўстлик ришталарини узиб қўйди. Тўй, азада ҳам жон-жигарлар бир-бирини кўра олмасди. Минг шукрки, бугун фарзандларимиз Тожикистондаги олийгоҳларда ўқишаяпти, қариндошлик иплари боғланаяпти. Аҳил қўшничилик бизларни янада кучли қилади. Юртларимиз ўртасидаги дўстлик абадий, деб эълон қилингани эса бизнинг ҳам узоқ муддатли режаларни қўрқмасдан тузишимизга сабаб бўлади.
Ҳар икки маҳаллада бўлиб ўтган байрам тадбирларидан сўнг масъуллар, нуроний отахонлар ва ёшлар иштирокида “Дўстлик боғи” га кўчатлар экилди. Ҳайит оши дамланиб, тадбир иштирокчиларидан ташқари беморлар, ногиронлар йўқланди. Вилоят прокуратураси, департамент ва “Даштобод” деҳқон бозори МЧЖ томонидан 34 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркаси ташкил этилиб, сайилга чиққан аҳолининг арзон нархда бозорлик қилиб кетишларига ҳам имкон яратилди.
31 март куни Зомин туманидаги Дуоба, Бахмал туманидаги Музбулоқ, Янгиобод туманидаги Ҳавотоғ, Фориш туманининг Дўстлик, Дўстлик туманининг “Манас” маҳаллаларида тадбирлар ўтказилди.
Эрта тонгдан Зомин туманининг “Дуоба” қишлоғи иштирокчиларни сайилгоҳга чорлади. Бугунги Наврўз айёми ва Ҳайит байрами чин маънода, турли миллат вакиллари ўртасидаги хамжиҳатликни янада мустаҳкамлади. Дўстлар дийдорлашуви, ўз инидек қучоқ очиб кутиб олиш, ҳаяжонли дақиқалар буларнинг барчаси бир-бирига уйғунлашиб кетди. Кўзлардаги меҳр, қалбларга кўчди.
Тадбир иштирокчиларини вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев байрамлар билан самимий муборакбод этди.
Байрам сайлларида амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ташкил этилди. “Жонли устахона” форматида ҳунармандчилик йўналишлари намойиш қилиниб, меҳмонларга ўз қўллари билан миллий безаклар тайёрлаш имконияти яратилди. Миллий ўйинлар “Куч синаш”, “Арқон тортиш”, “Чиллак”, “Юртим полвонлари” мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, дорбозларнинг чиқишлари ташкил қилинди. Мамлакатимизнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Тожик ва қирғиз ҳамда бошқа миллат вакиллари иштирокидаги “Наврўз” байрами доирасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шунингдек, “Ҳайит байрами-эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами” га айланиб кетди.
Тадбирлар доирасида маҳаллалар ҳудудида турли миллат вакиллари иштирокида “Дўстлик боғи” барпо этилди ва дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни тараннум этувчи қўшиқлар ижро қилинди. Шунингдек, миллий таомлар – сумалак, ҳалим ва ош тайёрлаш жараёнлари намойиш этилди.
Ҳатто 30 март куни ҳам халқ тилида Отчопар деб аталадиган сайилгоҳ ўрни қор эди. Сангзор дарёсини ҳосил қилувчи ирмоқлар кўз очган Бахмал туманидаги Музбулоқ қишлоғи аҳли Хўжанд саммити ҳақидаги хабарни эшитгач, бу қувончли янгиликни катта шодиёна тарзида нишонлашга қарор қилишди. Ҳам Наврўз, ҳам Рамазон ҳайити, ҳам бирдамлик сайли кўринишини олган тадбир учун жонлиқ сўйилиб, 40 қозонда таомлар тайёрланди. Минг нафардан зиёд қишлоқ ҳамда туман аҳли йиғилган бу байрамда ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий ва абадий дўстлиги тараннум этилди.
—Маҳалламизда 5145 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Музбулоқ маҳалласи раиси Салоҳиддин Нурмонов. – Ҳудуд катта, шунга яраша 5 та мактаб бор. Уларнинг 3 тасида қирғиз, 2 тасида ўзбек тилида таълим берилади. Шукрки, етти қишлоқ аҳолиси тинч, аҳил. Яхши-ёмон кунда бир-бирларига мададкор. Аслида қирғиз-ўзбек деган гапнинг ўзи йўқ. Ҳамма бир эл, бир маҳалла одамлари. Давлатлар раҳбарларининг дўстлик келишувлари бизда аллақачон амалда. Бу туйғу энди халқаро даражада қарор топса, бундан фақат ютамиз. Шу сабаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ташқи сиёсатидан жуда мамнунмиз.
Бахмал туманида 13 минг нафарга яқин қирғиз миллати вакиллари, асосан Музбулоқ ва Давлат маҳаллаларида истиқомат қилиб келишмоқда.
Тадбир аввалида туман ҳокими Азиз Эргашев сўзга чиқиб, халқлар ва миллатлар дўстлиги Ўзбекистон сиёсатида муҳим йўналиш эканлиги, икки миллатнинг қон-қардошлиги тарихи асрлар билан ўлчанишини таъкидлади.
Шундан сўнг фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари, халқона ва замонавий ижро намуналарига ўрин берилди. Сайилгоҳда дастурхонлар ёзилиб, қирғиз оқ қалпоғи ва ўзбек дўпписи кийган отахонлар бир-бирларига чой узатиб, нон ушатдилар. Тинчлик-тотувликнинг абадий бўлишини тилаб қўллар дуога очилди.
Қирғиз ўтовларида дўмбира жаранглаб, “Манас” ва “Алпомиш”дан куйлар куйланди, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмалари элга тортиқ қилинди. Кўклам қувончлари халқаро сиёсат майдонидаги хушхабарлар билан қўшилиб, юракларни жўшдирди. Ёшу қарининг юзида табассум, тилларидаги шукр байрам тароватига ўзгача мазмун бағишлади.
Жадик, Абай, Шайбек, Қирққишлоқ қишлоқларида яшовчи қирғиз ҳамюртларимиз орасида Ойсара Исмоилова ажралиб турибди. У тўрт йил муқададм Хоразмга келин бўлиб тушган. Ҳайит байрами баҳона ота-онасини кўргани келган Ойсара катта байрамнинг устидан чиқди. Фарзандларини олиб, Отчопарга ошиқди. У ерда ўзбек дугоналари билан ўзбекча, қариндошлари билан қирғизча, қайнонаси билан телефонда хоразмча гаплашишини кўриб, одамнинг дили яйрайди. Бундай бахтиёр ёшлар юртимизда жуда кўп.
Байрамлар тинч юртга ярашади. Вилоятимиз бўйлаб катта хурсандчилик ила бўлиб ўтган дўстлик тадбирларида тинчлик ва дўстлик тараннум этилди, унинг акс-садоси чегаралар оша дунёга таралди.
Янгиобод туманидаги “Ҳавотоғ” МФЙ Учтургон қишлоғидаги 9-сонли мактаб ҳовлиси байрамона безатилган. Бу ерда “Наврўз” байрами доирасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шунингдек, “Ҳайит байрами – эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами” шиори остида кенг нишонланди. Маҳаллада 3673 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳуддуда Қўшқанд, Учтургон, Қўриқ ва Чанговул қишлоқлари бор. Маҳаллада ўзбек, тожик ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотув яшашади. “Қўшничилик – минг йилчилик” шиори остида ўтган тадбир аввалида “Дўстлик боғи”га дарахт кўчатлари экилди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев йиғилганларни байрам билан самимий табриклади.
Бир гуруҳ қўшқандлик уй бекалари байрам шодиёналарига миллий таомлар пишириб келишибди. Уларни суҳбатга тортдик.
—Маҳалла аҳли билан борди-келдимиз яхши, тўйу-маъракаларимиз, байрамларимизни бирга ўтказамиз,—дейди Сурайё Маъмурова.
—Ўзбек ва тожик халқлари азалдан дўст, биродар, қуда-анда бўлиб кетган,—дейди Насиба Файзиева.—Икки нафар қайнсинглим Тожикистоннинг Зафаробод туманига келин бўлиб тушган. Уларнинг 6 нафар фарзандлари бор. Яқинда қайнсингилларимдан бири тўй қилди. Тўйга боришда чегарадан ҳеч қандай қийинчиликсиз паспортимизни кўрсатиб ўтдик. Қайнсингилларим ҳам бемалол келиб-кетишади. Бизга шундай шароит яратиб берган Президентимизга минг-минг раҳматлар айтамиз.
Каримқул Аширматов, “Ҳавотоғ” ҚФЙ фаоли:
—Асрлар давомида ёнма-ён яшаган, қуда-анда бўлиб кетган халқлар ўртасидаги алоқалар тўхтаб қолган, чегаралар беркилган вақтлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қўшни давлатлар билан чегаралар очилганда юртдошларимиз роса қувонганди. Чегаралар очилиб, маҳалламизда истиқомат қилаётган Тожикистондан келин бўлиб тушган аёллар уйларига бемалол бориб келадиган бўлди. Қудалар бир-бири билан борди-келди қила бошлади. Бугунги кунда биргаликда ўтказилаётган тўйлар, байрамлар ўзбек ва тожик халқларини янада жипслаштирмоқда, қон-қардошлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентларининг учрашуви уч мамлакат ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади. Бу қувончли хабарни уч мамлакат халқлари катта хурсандчилик билан кутиб олмоқда. Маҳалламиз аҳли қўшни Тожикистоннинг Зафаробод тумани, Ўратепа ва Истаравшон шаҳарлари билан борди-келди қилади, қуда-анда бўлиб кетишган. Тўйу-маъракаларга бемалол бориб келишмоқда. Бугунги Наврўз айёми ва Ҳайит байрамига ҳам тожик биродарларимиз келиб, бизларни табриклашаяпти, улар билан биргаликда байрамларимизни нишонлаяпмиз.
Тадбирларда амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ташкил этилди. “Адабий кўприк” композицияси доирасида қўшни давлатларнинг буюк аждодлари адабий меросини акс эттирувчи китоблар кўргазмаси ўтказилди. Ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни, тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган расмлар танлови ҳам ташкил этилди.
“Наврўз учун 10 000 табассум” хайрия акцияси доирасида етим болалар, ногиронлиги бор инсонлар ва кам таъминланган оилаларга совғалар топширилди. Театр вакиллари томонидан Ўзбекистон ва қўшни давлатларда етишиб чиққан буюк алломалар сиймоси гавдалантирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ўзбек ва тожик тилида янграган куй-қўшиқлар байрам қатнашчиларига хушкайфият бағишлади. Ўйин-кулгу ва рақслар кечга қадар давом этди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, “Обод хонадон” мезонлари жорий этилди, қабристон ва зиёратгоҳлар тозаланди, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича томорқаларга сув чиқариш ишлари олиб борилди.
ХХХ
Жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида тарихий воқеа – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу саммит ўзбек, тожик, қирғиз халқлари ҳаётида, балки бутун Марказий Осиё тарихида янги саҳифани очиб берди. Минг йиллик дўстлик-биродарлик, ҳамжиҳатлик бардавом бўлади.
Рамазон ойи – инсонларга бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат каби инсоний фазилатларни ёдга соладиган муқаддас даврдир. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара келишувининг айнан муборак Рамазон ҳайити арафасида имзоланиши халқлар ўртасидаги тотувлик ва биродарликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган тожик ва қирғиз халқлари билан қон-қардошлигимиз, дўстлигимиз, биродарлигимиз абадий бўлсин!
Васил ИЛЁСОВ,
Зоир ЭРГАШЕВ,
Муқаддас САПАРОВА,
Юсуф САЙДАЛИЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ ва Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).