Бугунги кунда Қуролли Кучларимизда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий спорт тадбирларини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш долзарб масала.
Ушбу мақсадларда Жиззах олимпия ва паралимпия турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси ҳамда Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси, Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятимиздаги ҳарбий қисм ва муассасалардаги ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида “Отам, онам ва мен спортчи оиламиз” шиори остида “Қувноқ стартлар” спорт ўйинлари ўтказилди.
Унда ДХХ чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаларидаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Мазкур спорт ўйинларида иштирокчилар бешта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Улар баскетбол, камондан ўқ отиш, мерганлик, дартс ва арқон тортиш каби мусобақаларда ўз куч ва маҳоратларини намойиш этишди. Қизғин ва муросасиз бўлиб ўтган баҳслар натижаларига кўра, 1-ўринни Мудофаа вазирлиги Ҳаво Ҳужумидан Мудофаа Қўшинлари ва Ҳарбий Ҳаво Кучларига қарашли ҳарбий қисм хизматчиси Маҳмуд Марифовлар оиласи, 2-ўринни Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчиси Эргаш Норменглиевлар, 3-ўринни Жиззах вилоят Қўриқлаш бошқармасининг ҳарбий хизматчиси Сайфиддин Абдуқаюмовлар оиласи қўлга киритди.
Спорт ўйинларининг ғолиблари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Ўтказилган мусобақаларда 50 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.
Раҳмонжон АЧИЛОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят
кенгаши бўлим бошлиғи, подполковник.