Одамнинг улуғворлиги унинг бўйи билан ўлчанмаганидек, халқнинг улуғлиги ҳам, унинг сони билан ўлчанмайди, ягона ўлчови-унинг ақлий камолоти ва ахлоқий баркамоллигидир.
В.Гюго
Фарзанд тарбиясидаги энг асосий омиллардан бири бу китоб мутолаасидир. “Китоб”, “китобхонлик”, “кутубхона” сўзларининг ўзаги арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади. Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бежиз эмас. Бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади.
Юртимизда китобхонлик савиясининг ошиши, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига китобхонлик ва мутолаа маданиятини оширишга қаратилган давлат сиёсати туртки бўлмоқда десак, хато бўлмайди. Турли ёш тоифаларида китобхонлик танловларининг ўтказилаётгани ва ғолибларга замонавий автомобиллар совға қилинаётгани ҳам ёшлар ўртасида китобсеварликка ҳавасни оширишга хизмат қилади.
Сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради. Китоб билан танишиш, мутолаа қилиш, инсонга ўзгача завқ беради. Китобхон мутолаа қилар экан китоб билан яқинроқ танишади, унинг илмий-бадиий қиммати ҳақида тасаввур ҳосил қила бошлайди, фикрлайди, мутолаа маданияти юксалади.
Юртбошимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, барча таълим масканларидаги ўтказилаётган китобхонлик байрамлари, кўрик танловлар ўтказилиб, замонавий китоб дўконлари ва кутубхоналар очилаяпти. Зиё масканлари ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондиришда, китобга ошно бўлишда муҳим ўрин тутади.
Китобнинг моҳияти мангудир. Бу моҳият тафаккурни абадийлаштиради. Мутолаа маданияти кишининг манбани тўлақонли тушуниши,ундан завқ олиши, муаллиф фикри ва ғоясини англаш ҳамда уни баҳолай олиши каби хусусиятларга эга бўлишини таъминлайди. Китоб мутолааси инсонни бевосита амалиётга киришиш, ҳаёт билан уйғунлашиш, маънавий фойда олишга йўналтиради. “Мутолаа” сўзи арабча ўқиш деган маънони англатади, бугунги кунда эса у китоб ўқишдан кўра кенгроқ тушунчага эга.
Ҳар йили дунёда миллионлаб янги китоблар нашр этилади. Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг ўрталаридан бошлаб ҳозиргача дунё бўйича 134 399 411 номдаги китоблар нашр этилган. Булар шунчаки рақам эмас, инсонларнинг ҳар томонлама етук бўлишлари йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Китобнинг бойликлари ҳеч адо бўлмайди. У инсонга қанот бағишлайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, китоб энг яқин дўстлардан биридир. Биз саволларга китоблар орқали жавоб топамиз, у фикрлаш учун энг муҳим озуқадир. Китоблар энг яхши интеллектуал дам олиш ва тасаввурлар парвозига таклиф қилади.
Ф. Хилолиддинова,
Ф. Бозорова,
Жиззах политехника институти
Ўзбек ва хорижий тиллар
кафедраси ўқитувчилари.