САМАРҚАНД ҲУКМДОРИ

Америка адабиёти вакили Роберт Говарднинг Амир Темур шахсига бағишланган “Самарқанд ҳукмдори” асари Соҳибқироннинг улкан салтанат барпо этишдаги саъй-ҳаракатлари, юксак ҳарбий ва инсоний хислатлари, яратувчанлик фаолияти ҳақида ишонарли ва тўлиб-тошиб ҳикоя қилади.

Роберт Говард (1906-1936) қисқа умр кўрган бўлса-да, ёзувчилик фаолиятини ҳарбий юришлар тарихига бағишлаган. Викинглар, араблар истилосига бағишланган асарларидан сўнг кучли тарихий шахслар ҳақида асар битишга катта иштиёқ билдиргани сезилади. Хусусан, “Шарқ ҳикоялари” рукнида 9 бобдан иборат “Lord of Samarkand” – “Самарқанд ҳукмдори” асарини яратди. Унда Соҳибқироннинг ободонлаштириш ва бунёдкорлик фаолиятига катта урғу берилган. У истило қилган ўлкаларда қурдирган иншоотлар, аҳолининг оғирини енгил қилиш мақсадида ўрнатган тартиб-таомиллари, айниқса, пойтахт Самарқандда бениҳоя гўзал кент барпо этгани юксак таърифланади.

Асарда Султон Боязидга қарши жанг ва Амирнинг Хитойга юриши режалари ҳам баён этилган. Аммо асосий эътибор Соҳибқиронинг яратувчанлик ишларига қаратилади. Ушбу парча фикримизни далиллайди: “Сен шу пайтга қадар ҳеч бир франк кўрмаган ерларни, денгизлар, дарёлар, шаҳарлар ва карвонларни кўрасан. Самарқанд шуҳратига амин бўласан. Олий ҳазратим Темур пишиқ ғиштдан қурдирган шаҳарни фил суяги, мармар ва мовий тошдан ясалган ажойиб масканга айлантирди”.

Яна бир парчада эса Самарқанд бозори жаҳон бозорига айланганини қуйидагича ифодалайди: “Бу ерда ёввойи араблар, безовта бўлаётган сурияликлар, семиз лаганбардор яҳудийлар, салла ўраган ҳиндийлар, толиққан форсликлар, эски увада кийса-да қаддини ғоз тутган шубҳали афғонлар, яна бир қанча нотаниш миллат вакиллари, узоқ Шарқдан ва сирли шимолдан етиб келганлар, бақувват, калта бўйли бепарво мўғуллар, ипак кийимли кўзи қисиқ хитойликлар, баланд бўйли жанжалкаш уйғурлар, юзи юмалоқ қипчоқлар, кўзи кичик қирғизлар, ҳатто Ғарбда умуман номаълум бўлган турли ирқ вакиллари жамулжам бўлган эдилар. Бутун Шарқ мамлакатлари Самарқанд дарвозасига қараб талпинар эди”…
Амир Темур қабулида бўлган рицар Доналд Мак Диза у билан бир сафда жанг кириб, қатор жангларда иштирок этади. У Соҳибқироннинг жасорати ва улуғ саркардалигига ишора қилиб “Дарёлар тоққа қарб оқсагина Темур ортга чекиниши мумкин” дейди.

Ушбу асар ҳақидаги илк фикрлар ўзбек олими М.Якубов томонидан 2021 йилда билдирилди. Келгусида “Самарқанд ҳукмдори”ни ўзбек тилига ўгириб, ўзбек китобхонлари ҳукмига ҳавола этиш жуда савобли иш бўлур эди.

 

Муқаддас САПАРОВА тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *