“ЁШ ГВАРДИЯЧИЛАР” САРАЛАНДИ

Ёшларни Миллий гвардия хизматига қизиқтириш ва босқичма-босқич тайёрлаб бориш, уларда жасурлик, шижоат, қатъият, куч-ғайрат, интизомни шакллантириш мақсадида Миллий Гвардия вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Ёш гвардиячилар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Миллий гвардия вилояти бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда ўтказилган “Ёш гвардиячилар” мусобақасида вилоят ҳудудидаги умумтаълим мактабидан жами 100 нафар иштирокчи 10 та шарт бўйича ўз жамоаси шаънини ҳимоя қилиш мақсадида ғолиблик учун беллашдилар.

Жамоалар саф тайёргарлиги, турникда тортилиш, АК-74 автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, заҳарланган ҳудуддан ўтиш, камондан отиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, кўргазмали қўл жанги чиқиши, билимдонлар беллашуви, ўқ-дориларни белгиланган жойга етказиш ва ўқдонга жойлаш, сувли тўсиқ устидан ўтиш каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашишди.

Бунда ёшлар нафақат жамоавий ютуқ учун, балки турли номинациялар учун ҳам кураш олиб боришди. Улар эпчиллик, зукколик ва жисмоний тайёргарлик борасида нималарга қодир эканликларини исботлаб беришди. Мусобақада 1-ўринни Арнасой туманидаги “Мард ўғлонлар”, 2-ўринни Жиззах шаҳрининг “Қалқон”, 3-ўринни Мирзачўл туманининг “Гвардиячилар” жамоаси эгаллади. Мусобақа ғолиблари ҳамкор ташкилотларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *