Республикамизда 21-27 апрель кунлари “Ўзбекистон китобхонлар юрти” шиори остида ўтаётган китобхонлик ҳафталиги ёшларни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада юксалтирди. Жумладан, Шароф Рашидов номидаги вилоят Ахборот кутубхона марказида ташкил этилган хотира тадбири ҳам ўқувчи ва талаба-ёшларга воҳамизда яшаб ижод этган, Иброҳим Дониш асарлари билан яқиндан танишиш имконини берди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова очиб, ўзбек адабиётининг ривожланиши, қадрланиши йўлида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган жиззахлик ижодкорлар халқ дили ва тилида, китобларида, куй-қўшиқларида яшаб келаётганлиги ҳақида сўзлади. Тадбир меҳмони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали ва “Дўстлик” ордени соҳиби Сайёра Тўйчиева Иброҳим Дониш шеърларида болаларнинг мурғак қалбини эзгулик туйғулари билан сеҳрлаб олгувчи оҳангдорлик борлигини сўзлади. Қолаверса, Жиззах шаҳридаги 13-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг жарангдор овозларида айтилган шеърлар, улар ижросидаги рақс дастури барча қатнашчиларга унутилмас таассуротлар улашди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир Асрор Мўминовнинг хотира тадбирига ташрифи ҳамда самимий фикрларидаги ҳурмат изҳори, ижодкор ёшларга ибрат лаҳзаларини бахш этди. Иброҳим Донишнинг ҳаёти ва ижод йўлини акс эттирувчи видеоролик намойишидан сўнг иштирокчиларга янги нашрдаги китоблар совға қилинди.
Бахтиёр СУВОНҚУЛОВ,
ЖДПУ бошланғич таълим факультети доценти.