ЗАРБДОРДА ИШСИЗЛАР ҚОЛМАЙДИ

Ўтган 2024 йилда Зарбдор туманида 13500 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Жорий йилда ҳудудда “Сайҳунобод”,  “Уйчи”, “Зарбдор” ҳамда “Ғиждувон” тажрибаси асосида ишсизлик ҳамда камбағаллик даражаси пасайтирилади. 2025 йил охирига бориб туманда саноат ҳажми 1 миллиард 237,5 миллион сўмга, экспорт ҳажми 52,5 миллион АҚШ долларига  етказилади. Бу йил “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ҳамда “Алоқабанк”нинг туман филиаллари томонидан 1502 та лойиҳа учун 63,5 миллиард сўмлик кредит ажратилади. Тумандаги “Тошкесган”, “Тараққиёт”, “Андижон” ҳамда “Шарқ юлдузи” маҳаллаларида яшовчи мавжуд 1250 гектар томорқа ер майдонлари 300 та катта ва кичик артезиан қудуқлар қазилиб,  юқори даромад келтирувчи брокколи, айсберг ва гулкарам етиштирилади. Умуман даромад келтирувчи миллий лойиҳалар пакети доирасида аҳолига 1,5 миллион бош товуқ, 14,5 минг дона бедана, 9,2 минг бош қўй ва эчки, 1,5 минг бош қорамол, 2000 та асалари қутиси, 502000 туп кўчат берилди. 500 та янги иссиқхона барпо этилди. Бунинг учун  134,7 миллиард сўм банк кредити ажратилади. Натижада “Сайхунобод” тажрибасига кўра 4506 та иш ўрни яратилади.

Туманда тижорат банклари ва мижозлар учрашувидаги муаммоларни ҳал қилиш орқали 2500 та, ҳоким ва тадбиркорлар учрашувида 1500 та ҳамда  ҳоким ўринбосари ва тадбиркорлар учрашувида тўпланган муаммоларни ижобий ҳал этилиши ҳисобига 550 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудудда инвесторларни жалб қилиш орқали 1050 та, экспорт имкониятларни ошириш ҳисобига 450 та иш ўринлари ташкил қилинди.  12 та паст қувватли корхоналарни қўллаб-қувватлаш натижасида 150 та қўшимча иш ўринлари яратилди.  Натижада бюджетга  қўшимча 5 миллиард сўм даромад келтирилди.

Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Бахтиёр Мамарасулов бу ҳақда шундай дейди:

—Жорий йилда ҳудудимиздаги еттита маҳаллада “Ғиждувон” тажрибаси жорий этилади. 55 та вертикал объектларда 15,9 млрд сўмлик саноат лойиҳалари амалга оширилади. Соҳада 560 та янги иш ўринлари яратилади. “Зарбдор” тажрибаси бўйича 90 гектарда узумзор ва 10 гектарда голубика, малина, ежевика, лимон ва қулупнай каби юқори даромадли меваларни етиштириш бўйича плантациялар ташкил этилди. “Зарбдор Актив” МЧЖ томонидан Тоза уруғ маҳалласидаги 5 гектар ер майдонига “Чарос” узум нави экилиб, парвариш қилинмоқда. Пахта майдонларидан қисқартирилган 1000 гектар,  туман ёшларига  бўлиб берилган 3000 гектар майдонга экспортбоп қовун уруғи экилди. Натижада 15 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия ҳамда МДҲ давлатларига экспортга йўналтирилади. Биргина брокколининг пахтага нисбатан 15 баробар самарадор эканлигини мутахассислар исботлаб беришди.

Кооперация тармоғини янада ривожлантириш мақсадида 12 та маҳаллалардаги 1046 та хонадонга 1 миллион бошдан парранда тарқатилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Зарбдор Парранда” МЧЖ негизида паррандачилик кластери фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ички бозорга арзон ва сифатли гўшт етказиб берилмоқда.

“Жиззах органик” МЧЖ томонидан 22 миллион долларлик лойиҳа доирасида 20 минг тонна сут, 5 минг тонна гўшт қайта ишлаб чиқарилади. 1150 та хонадонда “Ангус” зотли қорамол кўпайтирилади. Чорвачилик кластери томонидан сунъий уруғлантириш орқали 550 та аҳоли хонадонларидаги маҳаллий қорамол зотлари наслли зот уруғи билан уруғлантирилади.

“Шарқ юлдузи” маҳалласидаги қаровсиз ётган қоракўлчиликни ривожлантириш уюшмаси балансидаги ер майдонида ярим интенсив балиқчилик хўжалигини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 332 та сунъий ҳовузларда бир йилда 498 тонна балиқ етиштириш мумкин. Натижада биргина балиқчиликнинг ўзида   200 та хонадоннинг бандлиги таъминланади.

Пистазор плантациялар самарадорлигини ошириш мақсадида Туркиянинг “NCS” компанияси томонидан таклиф этилаётган юқори технологияли пайвандлаш орқали бугунги кунда машҳур “Антеп” брендидаги писта навларини яратиш орқали боғ барпо этиш мақсадида 55 гектар пистазор аукцион савдоларига чиқарилди. Туркия Республикасидан 5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бу лойиҳа учун йўналтирилади. 200000 туп писта кўчатлари экилиб, ишсиз фуқароларга 1 гектардан пистазор бўлиб берилади. Натижада 80 та янги иш ўрни яратилади.

Туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали 3000 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Германия, Покистон, Украина ва Португалия давлатларига 30 миллион АҚШ долларилик маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти яратилади.

Зарбдорда мавжуд 4 та тажрибаларни татбиқ этиш ҳисобига ишсизлик 5,7 фоизга, камбағаллик даражаси 5,3 фоизга камайтирилади. Хорижда ишлайдиган 700 нафар мигрант ватанига қайтарилади. 100,6 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Энг асосийси, туман бюджети дотациядан чиқарилади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *