ТОМОРҚАДА ЗАМОНАВИЙ  УСУЛЛАР  ҚЎЛЛАНИЛАДИ

Мирзачўл туманидаги “Ипак йўли” маҳалласида “Сайҳунобод” тажрибаси асосида намунали ташкил этилган томорқа ва иссиқхоналардан самарали фойдаланиш бўйича кўргазмали ўқув-машғулот ташкил этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда томорқалардан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда туман бандлик бўлими вакиллари, ишсиз хотин-қизлар, маҳалла еттилиги аъзолари, соҳага оид мутахассислар ҳамда томорқачилик билан шуғулланувчи фуқаролар иштирок этишди.

Ўқув машғулоти давомида иштирокчилар томорқадан юқори ҳосил олиш учун замонавий агротехник усуллар, сувни тежовчи технологиялар, иссиқхоналарни тўғри ташкил қилиш ва парваришлаш сир-асрорлари бўйича батафсил тушунчалар олишди. Шу билан бирга, амалий машғулотлар орқали уруғ танлаш, кўчат парвариши, тупроқ унумдорлигини ошириш ва зараркунандаларга қарши бутунлай зарарсиз бўлган биологик усуллар орқали курашиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

— “Мен бу машғулотда илк бор иштирок этдим ва жуда кўп фойдали маълумотларга эга бўлдим, – дейди тадбиркорлардан бири Бахтигул Абдиева. –Айниқса, сувни тежовчи томчилатиб суғориш тизими ва иссиқхонада экинлар алмашинуви ҳақида берилган тавсиялар менда катта таассурот қолдирди. Эндиликда ўз томорқамда ушбу технологияларни жорий қилишни режалаштиряпман. Бу нафақат ҳосилдорликни оширади, балки харажатларни ҳам камайтиради.

Тадбир давомида тажрибали агроном ва агроконсултантлар томонидан иштирокчиларга фойдали маслаҳатлар берилди. Шунингдек, иштирокчилар маҳаллий шароитга мос бўлган, қисқа муддатда юқори даромад келтирувчи сабзавот ва полиз экинларини қандай қилиб етиштириш бўйича тавсияларга ҳам эга бўлишди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *