Ғаллаорол туманида Несибали она ўзбек халқ ижодининг билимдони сифатида кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган эди. Айниқса, пахта гуллик чойнакни бошига қўйиб, лапар айтиб, рақс тушганларини ҳали-ҳануз суҳбатларида эсловчилар бисёр. Ўша вақтларда Несибали онанинг Назокат исмли қизалоғидан “Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?” дея сўрашса, у “ҳудди онажонимдек қўшиқ айтаман, бошимдаги чойнакни тушириб юбормасдан, рақс тушиб, ҳаммани ҳайрон қолдирадиган артист бўламан”, дерди.
Йиллар ўтиб қизалоқ улғайди. Ўрта мактабни битиргач, санъат соҳасида эмас, бошланғич синф ўқитувчиси йўналишида таҳсил олган Назокат Зарбдор туманидаги оқибатли хонадонга келин бўлди. Дастлабки иш фаолиятини 1983 йилда тумандаги 16-умумтаълим мактабида бошлади.
– Илк иш кунларимданоқ, касбимга бўлган ҳурматим соат сайин ортиб, ўзгача мамнунлик ҳис этардим, — дейди Назокат Анорбоева. — Биринчи устозликнинг ўзига яраша машаққатлари, масъулияти кўп бўлишига қарамай барча машғулотларни ижодкорлик билан аъло даражада бажаришга ҳаракат қилардим. Онасининг этагидан тутиб, эндигина мактаб остонасига қадам қўйган, баъзан йиғлаб турган болажонларни бағримга босар, уларнинг мурғак қалбларида таълим даргоҳига меҳр уйғотар эдим. Уларнинг одатларида она тилимизда чиройли гапириш, ҳусни хатда ёзиш маҳоратини шакллантириш учун бор муҳаббатим ва ғайратимни ишга солардим.
1990 йилдан Зарбдор туманидаги 3-умумтаълим мактабида фаолиятини давом эттирган Назокат Анорбоева ўз болалик орзуларини ўқитувчилик касби билан уйғунлаштирди. У таълим-тарбия соатларидан ортиб, қўшиқ айтиб, рақс тушишга қизиқиши бўлган ўқувчилар учун “Севинч” гуруҳини ташкил этди. Барча ҳамкасблари мактабдаги ишлари тугагач, уйга шошилишса, Назокат опа рақс машғулотларини давом эттириш учун 15-20 нафар ўқувчиларни гоҳ ўз уйига, гоҳ мактаб залига етаклаганларини ёдга олиб шундай дейди:
– “Севинч” гуруҳимиз билан дастлаб кичик-қичик тадбирларда иштирок этардик. Йиллар ўтиб ушбу гуруҳ фаолияти халқимиз ва давлат ташкилотлари раҳбарлари орасида ҳам таниқли бўлиб қолди. Наврўз, Мустақиллик куни каби байрамларда, вилоят, туман миқёсида ташкил этиладиган турли миллий-маънавий тадбирларда иштирок этишимиз одатга айланган эди. Атлас кўйлакларда рақс тушган қизалоқларимиз қайси саҳнага чиқишмасин барча томошабинларни бирдек мафтун этишарди.
– Ростлик, дўстлик, мардлик, олийжаноблик каби эзгуликка йўғрилган миллий оҳанглар аждодларимизнинг нечоғлик юксакназар, маърифатли бўлишганликлари ҳақида ҳикоя қилади, — дейди “Ойпари” фольклор-этнографик халқ ансамблининг бадиий раҳбари Тошмурод Рустамов. — 1993 йилда Зарбдор туманида ташкил этилган “Ойпари” фольклор-этнографик халқ ансамблини бугун нафақат Ўзбекистонда балки, Ўрта Осиё давлатларида ҳам яхши билишади. Санъаткорларимиз 2023 йилда Фарғона вилоятида ўтказилган “Буюк ипак йўли” халқаро фестивалида, 2024 йилда 20 га яқин давлатлар иштирокида ташкил этилган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида фахрли ўринларни қўлга киритишган. Ушбу ютуқларда ижодий жамоанинг фаол аъзоси Назокат Анорбоеванинг ҳиссаси катта. Унинг сўнгги йилларда донишманд халқимизнинг гўзал ва бетакрор урф-одатларини мадҳ этувчи куй-қўшиқларни янада кенг миқёсда тарғиб этиш мақсадида “Гулпари” фольклор жамоасига раҳбарлик қилиб, ижодий ўсиб бораётганлиги ҳам таҳсинга лойиқ.
Дарҳақиқат, келажак авлод вакилларининг илмга интилувчи, меҳнатсевар, санъатсевар, ватанпарвар бўлиб улғайишида муносиб ҳисса қўшганлиги инобатга олиниб, Назокат Анорбоева “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Ҳозирда нафақа ёшида бўлишига қарамай, “Миллий қадриятлар ойлиги” тадбирларининг ташкилий ва ижодий ишларида фаол иштирок этаётган Назокат она ҳам оиладаги, ҳам касбидаги бахтиёрликлар замирида умр йўлдоши Босим Анорбоевнинг доимий қўллаб-қувватлови борлигини таъкидлади. Қўлларини дуога очиб, шундай оилавий бахтдан ҳар бир ўзбек аёлининг кўзлари порлаб туришини ният қилди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.