РУҲИЙ ҲАЛОВАТ МАСКАНИ

Оила бахт қўрғони бўлиши учун унинг психологик асослари ҳам мустаҳкам бўлмоғи лозим. Руҳшунослар тилида “оилавий кризис” деб аталадиган жараён ҳиссий ва ижтимоий муносабатларнинг бузилиши натижасида вужудга келадиган қийин даврни англатади. Истаймизми-йўқми, ҳар қандай оила бу даврни бошидан кечиради. Ундан қандай чиқиш эса сабр-тоқатдан ташқари билимни ҳам талаб этади. 

Оилавий кризис – бу оила ичидаги ҳиссий, ижтимоий ўзгаришлар натижасида пайдо бўладиган жараён бўлиб, кўпинча оила аъзолари ўртасида зиддият ва низоларнинг кучайишига олиб келади. Оилавий кризисларнинг асосий сабаблари ҳиссий зиддиятлар, мулоқотнинг етишмовчилиги, стресс ва ташқи босим ҳисобланади.

Соғлом мулоқот оилавий муҳитнинг асоси ҳисобланади. Оила ичида ҳис-туйғуларни ифодалаш, фикр алмашиш ва муаммоларни очиқчасига муҳокама қилиш имкониятлари йўқ бўлса, шахслар ўз ичига беркинади ва бу ўз навбатида оилавий низоларни келтириб чиқаради. Молиявий қийинчиликлар, ишдаги стресс ёки ижтимоий босим каби ташқи омиллар оилавий кризисларни кучайтириши мумкин. Шахсий ўз-ўзини баҳолаш оилавий муносабатлар сифатига жиддий таъсир қилади. Шахснинг ўзини ҳаддан ташқари паст ёки юқори баҳолаши оилавий муҳитга салбий таъсир қилиши мумкин. Ўз-ўзини баҳолаш, стрессга қарши чидамлилик, ҳиссий барқарорлик ва тўғри коммуникация қобилиятлари оиланинг умумий психологик саломатлигини таъминлайди. Ушбу омиллар муваффақиятли бошқарилмаса, оилавий муносабатлар заифлашади.

Оила кризис даврлари аниқ йиллар билан чекланмаган, лекин психологияда маълум ҳаётий босқичларга мос келадиган кризислар бор. Ушбу даврлар одатда қуйидагича таснифланади:

Янги турмуш қурилган давр (1-2 йил): Бу давр эр-хотин бир-бирига мослашиши керак бўлган вақтдир. Шахсий хулқ-атворлар, одатлар ва кутишлар ўртасида тўқнашувлар юзага келиши мумкин.

Биринчи фарзанднинг туғилиши (2-5 йил): Янги вазифа – ота-она бўлиш билан боғлиқ стресс ва масъулият ортиши билан кризислар пайдо бўлиши мумкин.

Болалар ўсмирлик ёшига етганда (12-18 йил): Ўсмирлик даврида болаларнинг мустақилликка интилиши ота-оналар билан муносабатларда зиддиятларни кучайтириши мумкин.

Бўш уй синдроми (20-30 йил): Болалар уйидан кетиб, ота-оналар бир-бирлари билан янги турдаги муносабат ўрнатишга ҳаракат қилганда кризислар юзага келиши мумкин.

Ҳар бир ҳолат оилаларда ўзига хос кечишини ҳисобга олган ҳолда психолог маслаҳати, ўзаро мулоқотни яхшилаш, стрессни бошқариш, ўз-ўзини баҳолашни ривожлантириш кабилар тавсия қилинади. Оила ичидаги стрессни бошқариш учун медитация, жисмоний машқлар ёки дам олиш усулларини жорий қилиш, ташқи молиявий ёки ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш зарур. Оиланинг ҳар бир аъзоси шахсий ривожланиш машғулотлари орқали оилавий муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсата олади.

Кризисларни ўз вақтида эътиборга олмай, уларга ечим топмаслик муносабатларнинг узоқ муддатли зарар кўришига ёки бузилишига олиб келади. Чунки кризислар доимий равишда ўз-ўзидан тугамайди, улар устида ишлаш керак.

Мухлиса ОЧИЛОВА,

ЎзМУ Жиззах филиали психология йўналиши 2-босқич магистратура талабаси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *