Вилоятимиз марказидаги “Киберспорт” аренада бўлиб ўтган пенчак силат бўйича барча ёш тоифалари ўртасидаги “Uzbekistan Open” халқаро турнири 600 нафардан зиёд спортчини бир майдонда бирлаштирди. Унда юртимиз вакилларидан ташқари Қозоғистон ҳамда Қирғиз республикаларидан ташриф буюрган спортчилар ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистон пенчак силат федерацияси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Жиззах давлат педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилган баҳсларда 8 ёшдан 45 ёшгача бўлган спортчилар ўз йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Қизғин кечган беллашувлар якунида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида ғолибликни тантана қилди. Жиззахлик спортчилар ҳам мусобақа давомида юқори фаоллик кўрсатган ҳолда ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар. Воҳамизнинг 17 нафар пенчак силатчиси олтин медални қўлга киритган бўлса, уларнинг яна 16 нафари кумуш, 9 нафари эса бронза медалларига эга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, пенчак силат- Индонезия жанг санъати. Бу қурол ишлатишдан ташқари зарбалар, тортишиш ва улоқтиришни ўз ичига олган жангнинг бир шакли. Тананинг ҳар бир қисми ҳужум қилиш ва ҳимояланишда иштирок этади.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.