Бодибилдинг – мушак массасини қўшимча юкламалар эвазига орттириш орқали тана ҳолатини чиройли кўринишга келтиришни назарда тутувчи спорт тури. Бодибилдинг мусобақаларида спортчи ҳакамлар томонидан белгилаган вақт мобайнида саҳнада муайян қоидаларга мувофиқ тана ҳаракатларини намойиш этади.
Ушбу спорт тури бўйича вилоятимиз марказидаги “Киберспорт” аренада бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 100 дан зиёд спортчи ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнес федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган ушбу мусобақада эркаклар ва аёллар спорт-физик, модель-физик, атлет-физик ҳамда классик-бодибилдинг бўйича турли вазн тоифаларида баҳсларга киришди.
Чиқишлар давомида Жавлонбек Муратов, Нуриллахўжа Ғуломов, Анастасия Недосек, Нигина Мирзаева, Асилбек Усмонов, Шамшод Қобилов (Тошкент шаҳри), Бобур Воҳидов, Комилжон Мадаминов (Фарғона вилояти), Алибек Атоев, Мироншоҳ Жамолов, Авазхон Шарипов (Бухоро вилояти) каби бодибилдингчилар ҳакамлар ва мухлислар қаршисида яхши жисмоний тайёргарликка эга эканликларини исботлаб, ғолиб бўлишди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.