ШОҲИМАРДОН – ЧЕЧАКЛАР АТРИДАН САРМАСТ ЮРТ

Жорий йилнинг 9 апрель куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси “Оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни деб эълон қилинди. “Жиззах ҳақиқати” ҳамда “Джизакская правда” газеталари таҳририяти ҳам ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида анъанага кўра, Ўзбекистоннинг эксклави бўлган мамлакатимизнинг шарқий чегарасидаги, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги бетакрор, гўзал гўшалардан бири — Шоҳимардонга саёҳат қилди.

Юртимизда сайёҳликнинг замонавий ва мароқли турларидан бири бўлган экотуризмга айрича эътибор қаратилмоқда. Бизнинг сайримиз ҳам айнан шу йўналишда бўлди. Фарғонадан 55 км узоқликдаги шаҳарга ўхшаш бу қишлоқ ўзининг бетакрор табиати билан ажралиб туради. Уни икки томондан катта Шоҳимардонсой дарёсига қўшилиб кетадиган Оқсув ва Кўксув дарёлари ювиб туради. Эксклавни Ўзбекистоннинг асосий ҳудудидан деярли 17 километр масофа ажратиб туради. Унинг аҳолиси беш мингдан ортиқ. Ўзига хослиги шундаки, у Қирғизистон ҳудуди билан ўралган ва денгиз сатҳидан 1550 метр баландликда жойлашган бўлиб, икки давлат аҳолиси бу манзарали жойлардан давлат раҳбарлари келишувига асосан муроса билан фойдаланишади. Шоҳимардонга келиш учун хорижга чиқиш паспорти ёки ID карта билан ўтилади.

Воҳамиздан поездда йўлга тушган жамоа аҳли 8 соат деганда Қамчиқ довони орқали Марғилон вокзалига келиб тушдилар. Экотуристик саёҳат олди юракларда катта ҳаяжон билан гангир-гунгур суҳбатлар қуршовида манзилга қандай етиб келганимизни ҳам сезмай қолдик. Бизни бу ерда Фарғона вилояти ҳокимлик ҳузуридаги Шоҳимардон туризм дирекцияси  мутахассиси, бизнинг гид йўлбошловчимиз Манзура Мўминова кутиб олди. Йўл-йўлакай бир неча назорат постидан ўтишга тўғри келган бўлсада, бу бизга деярли ҳеч бир қийинчилик туғдирмади. Киришда жойлашган “Оқ-қия” божхона пункти туну кун ишлар экан.

Марғилонга келиб тамадди қилингач, осма дор йўли орқали Шоҳимардондан атиги етти километр наридаги табиат мўжизаси бўлган мовий Қурбонкўлга қараб йўл олинди. Хавфсизликка масъул ходимлар ёрдамида осма пақирчалардан тушиб олдик. Учта тоғ оралиғидаги, қорлар йиғиндисидан ташкил топадиган кўл суви қор каби мусаффо, шаффоф ва мовий ранг. Бу ерга келиш учун бугун чекловлар олиб ташланган. Ҳудуди Қирғизистон давлатига қарайди. Лекин ўзбекистонликлар учун Шоҳимардон орқали ўтилади. Кўл денгиз сатҳидан 1724 метр баландликда жойлашган бўлиб, узунлиги 170, кенглиги 60, чуқурлиги  5 метрдан 10 метргача. Шу уч тоғнинг чап томонида “Олтин бешик” афсонасига тегишли ўйиқ бор. Ҳамкасбларимиз кўлни томоша қилиб, ундаги ёғоч паром ва катамаран қайиқларда сузиб, эсдалик учун суратларга тушишди.

      Иккинчи куни Уч қўрғон ўрмон хўжалигида жойлашган альпинистлар лагеридаги “Дугоба” туризм масканига борилди. У ерда таниқли ўзбекистонлик альпинистлар хотирасига бағишланган ёдгорлик қошига борилиб, улар ҳақида маълумотларга эга бўлинди. Сўнг Оқтош тоғига тошиб оқаётган сой бўйлаб пиёда чиқилди. Журналистлар тоққа кўтарилиш чоғида бир неча маҳаллий сайёҳлар — Ғаллаоролда туғилган қирғизистонлик Сергей, унинг турмуш ўртоғи Олеся ва қадрдонлари Натальяларга дуч келдик.

       — Биз Оқтошга мунтазам келиб турамиз, деярли шу ерда яшаймиз десак ҳам бўлаверади, — дейди Олеся. — Ўтган йили Ўзбекистонда бўлдик. Бухоро, Хива, Самарқанд каби шаҳарларингизга бордик. Юртингиз жуда ажойиб экан, бизга ёқди.

        Анвойи чечакларга тўла тоғларга кўтарилиб, унинг мусаффо ҳавосидан тўйиб симирган жамоа руҳи янгиланди, муздек сой сувидан ичишди. Гидимизнинг айтишича, бу чечакларнинг ҳиди уйга боргач ҳам одамнинг уст-бошидан таралиб туради, ҳеч бир атирга ҳожат қолмайди.

      Учинчи куни ҳамкасбларимиз билан “Оқ қайин” дам олиш масканига бордик, бу ерда Помир ва Олой тоғ тизмалари бирдек кўзга ташланиб турарди. Саёҳатчилар 5 минг гектар ердаги оқ қайин ва арча экилган ўрмонзорни томоша қилиб, қимиздан татиб, турли спорт ўйинлари билан ҳордиқ чиқаришди. Кейинги манзил бу Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси  Тереза бозорида бўлиб, сайёҳлар томоша қилиш билан бирга, у ердан совға-саломлар ҳам олишди. Сайр ўз ниҳоясига етиб, бир олам таассуротлар билан поездга ўтириб, Жиззахга қайтишди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Ш.Эгамқулов (фото)

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *