КЎКАЛАМЗОР ЙЎЛ БЎЙЛАРИДА

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий барқарорликни таъминлашга  хизмат қилади. Экилган дарахтлар ҳудудлар тупроқ сифатини яхшилаб, чўлланишнинг олдини олиш ва ҳатто бу жараённи ортга қайтаришга ёрдам бериши мумкин.

Ўсимликлар ва ёки дов-дарахтлар ўз вақтида суғорилганда ўсимликлардаги фотосинтез жараёнларининг меъёрида бўлиши, илдиз тизимига сув етиб, барглар юзасининг буғлантириб туриш жараёнларини яхши кечишига олиб келади.  Шунингдек, суғориш тупроқдаги микробиологик жараёнларнинг тезлашувига, ўсимликларнинг солинган ўғитлардан тезроқ ва тўлиқроқ фойдаланишига, озиқ моддаларнинг тўпланишига, дарахтларнинг тезроқ ўсишига ёрдам беради.

Бу борада «Жиззахйўлкўкалам” ДМ томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парвариш қилиш бўйича кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда.

Муассаса томонидан 2025 йил баҳор мавсумида жами 140 минг дона манзарили дарахт ва терак кўчатлари экилди. Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи ҳалқаро аҳамиятдаги М-39 йўлининг 980-987 км. оралиғига 95 минг дона терак ва 12 минг дона манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундан ташқари Пахтакор  тумани ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4Р-38 автомобиль йўлининг 4-7 км. оралиғига 15 минг дона терак ва 2 минг дона манзарали дарахт кўчатлари агротехника қоидаларига риоя қилингани ҳолда экилди.

-Бугунги кунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилнинг кузги ва 2025 йилнинг баҳор мавсумида экилган манзарили дарахт ва бута кўчатларини парвариш қилиш,суғориш, кўчатлар орасига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш ишлари олиб борилмоқда. Кўчатларни  парваришлаш жараёнига 100 нафарга яқин ишчи ходимлар, 5 дона сув қўйиш техника воситалари, 2 дона трактор, 1 дона юк автомобили, 7 дона мотопомпа, 19 дона ўт ўриш апаратлари  жалб қилинган, – дейди муассаса раҳбари Шаҳбоз Камолов.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлган сувли майдонларга экилди. Тажриба тариқасида Фориш ва Янгиобод туманида  суғориш имкони бўлмаган йўл бўйларига енгил конструкцияли томчилаб суғориш тизими ташкил этилди. Бунинг натижасида йўл буйларига экилган 5600 дона қайроғоч ва тут кўчатларини суғориш имкони мавжуд бўлди.

Дарҳақиқат,  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси аста-секинлик билан ўз самарасини бермоқда.  Вилоятимизнинг чўл ҳудудлари, жумладан, Пахтакор-Дўстлик-Мирзачўл йўналиши, Зарбдор йўналишидаги йўллар ёқаларига экилган ёш кўчатлар секинлик билан улкан дарахтларга айланмоқда. Бу эса автомобиль йўллари атрофида атмосфера ҳавосининг тоза бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Замира АБДУЛЛАЕВА,
вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши  бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *