АЭС ҚУРИЛИШИГА РАСМАН СТАРТ БЕРИЛДИ. НИМАЛАР КУТИЛМОҚДА?

24 март куни Тошкент шаҳрида ва Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак АЭС қурилиш майдончасида бўлиб ўтган тантанали тадбирлар доирасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди ҳамда дастлабки бетон ишларига расман старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (“Ўзатом” агентлиги) ва “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича Йўл харитаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича Шартномага доир Келишув имзоланди. Ҳужжатни “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзоладилар.
Йўл харитаси ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олади: АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилинишини таъминлаш, бўлажак атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини яратиш ва соҳани комплекс ривожлантириш. Йўл харитасининг имзоланиши Ўзбекистон ва Россиянинг атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлиги кенг қамровли характерга эга эканини тасдиқлайди. Бу ҳамкорлик мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.


Шунинг билан биргаликда Жиззах вилояти Фориш туманидаги АЭС қурилиш майдончасида RITM-200N реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишлари бошланди.
Ҳозирги вақтда реактор биноси остига бетон асос тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Жами 900 м³ га яқин бетон қоришмаси ётқизилади. Ишлар якунида реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга асос тайёрланади.
Шунингдек, станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим имзоланди:
• 3+ авлодига мансуб VVER-1000 реакторларига эга иккита энергоблок;
• RITM-200N реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт).
Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради — бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади.
Бу ишлар лойиҳанинг ишонч билан амалга оширилаётганини ва яқин келажакда мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик энергетика лойиҳасини жисмонан барпо этишнинг фаол босқичига ўтилишини англатади.
Кенг кўламли қурилиш сари асосий қадам
“АЭС қурилиши дирекцияси” давлат корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг RITM-200N реактор қурилмаларига эга иккита АЭС энергоблогини жойлаштириш майдонидан фойдаланиш учун рухсатнома олиниши Ўзбекистон Республикасида атом электр станциясини қуришга тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди.
Экспертиза фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмиклик зоналари ёки жадал карст ҳосил бўлиш ҳудудлари каби АЭСнинг реактор қурилмаларига эга иккита энергоблогини жойлаштиришни тақиқловчи омиллар мавжуд эмаслигини тасдиқлади. Ижобий хулоса танланган майдончанинг ядровий ва радиациявий хавфсизлик талабларига, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ мос келишини намоён этади. Ушбу ҳужжат майдончадан фойдаланиш учун асосий ҳужжат бўлиб, ҳар қандай АЭСнинг ҳаётий сиклидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.

Ўзатом

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *