Депутатлар зиммасида сайловчилар билан доимий ишлаш, таклифлар, фикрлар бериш, одамларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш каби вазифалар бор. Ишонч билдириб сайлаган инсонларнинг оғирини енгил қилиш депутат учун энг муҳим иш кўрсаткичидир.
Маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловчилар билан учрашиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганмоқдалар. Жумладан, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Aлишер Зоидовнинг Шароф Рашидов тумани “Қанғли” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 та маҳалладаги сайловчилари билан ўтказган очиқ мулоқотида муҳим вазифалар кўндаланг қўйилди.
Учрашув аввалида депутат аҳоли томонидан ўртага ташланган муаммолар ечими, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги саъй-ҳаракатлар натижаси ҳақида ҳисобот берди. Шундан сўнг маҳалласи аҳли томонидан бир қатор муаммолар айтиб ўтилди. Хусусан, ичимлик суви таъминоти, йўлларнинг ҳолати, электр таъминотидаги узилишлар, маҳалладаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш зарурати ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Депутат ҳар бир мурожаатни эътибор билан тинглаб, айрим масалалар жойида ҳал этилиши юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқаришини маълум қилди. Қолган масалалар Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши қошидаги доимий комиссия йиғилишлари ҳамда сессия муҳокамаларига киритилишини маълум қилди.
Албатта, сайловчи ваъда эмас, натижа кутади. Маҳаллий кенгашлар ҳудудлардаги долзарб масалаларни кўриб чиқувчи ва ҳал этувчи орган экан, депутатларнинг сайловчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги юқорилигича қолади.
Учрашув якунида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш билан боғлиқ муаммоларни тизимли ҳал қилиш борасида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ишлаш бўйича келишиб олинди.