Кеча Жиззах давлат педагогика университети ахборот-ресурс маркази биносида икки томирли бир ижодий тадбир — “Объективда — Жиззах” номли фотокўргазма ва “Агар мен газета ўқисам” мавзусидаги иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Хар икки тадбир «Жиззах ҳақиқати»-«Джизакская правда» газеталари таҳририяти ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамкорликда ўтказилди. 27 июнь – Матбуот ОАВ ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбир таҳририятда 25 йиллик иш тажрибасига эга тажрибали фотомухбир Ботир Кудратовнинг ижодий сарҳисоби бўлди, дейиш мумкин.

Б.Қудратов Ўзбекистон фотожурналистлар уюшмаси аъзоси, моҳир ва тажрибали фотожурналист. У “Джизакская правда” газетасидаги меҳнат фаолиятини 2000 йилда бошлаган. Ўтган 25 йил давомида нафақат вилоят газеталари саҳифаларида, балки “Жиззах”, “Жиззах – мўъжизалар ўлкаси”, “Сизда ором қайда”каби китоб-альбомларда суратлари чоп этилди. У “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги” ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Вилоятимизда унинг объективи қаратилмаган бирор соҳа, бирор тадбир йўқ. Фотокўргазмада Жиззах вилоятининг фусункор табиат манзаралари, яқин ўтмиши, шахслар билан боғлиқ 140 та фотосурат намойиш этилди. Бундан ташқари, таҳририятда 51 йил мобайнида ишлатилган фотоаппарат ва сурат ишлаш техникалари ҳам намойиш этилди. Махсус тўртта бильборд “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари саҳифаларида чоп этилган фотожурналистик материалларга бағишланди. Қисқа қилиб айтганда, тадбир Жиззах фотожурналистика мактабида вилоят газеталарининг ўрнини ёритиб берди.

“Объективда — Жиззах” фотокўргазмаси — бу шунчаки фотосуратлар жамланмаси эмас, балки ҳар бир кадр орқали жиззахликлар қалбини сездиришга уриниш, ҳар бир ранг ва соя орқали ҳаёт нафасини туйишга ҳаракатдир. Юртимизнинг қадим ва замонавий чеҳраси, инсонлар чеҳрасидаги самимият, табиатнинг тинч тинимсиз нафаси — буларнинг барчаси суратларда жонланди.

“Агар мен газета ўқисам” номли иншоларда фақатгина сўзлар эмас, балки орзу ва умидлар, танқид ва таклифлар, ҳаётга бўлган меҳр акс этди. Иншолар танловига 50 дан ошиқ иш юборилди. Улар фақатгина Жиззах ҳудуди билан чекланиб қолмагани эътиборга молик. Талаба ва ўқувчилар ҳамда ўзбек ва рус тиллари категориясида ғолиблар аниқланди, турли номинациялар эгалари ҳам рағбатлантирилди. Улар орасида жуда ёш, аммо катта юракли ва кенг дунёқарашга эга қалам эгалари бор эди. Уларнинг ижодий ишлари ҳаётга янги нигоҳ, ўзига хос услуб ва эркин фикр туйғусини олиб кирди. Талабалар ва ўқувчи ёшлар ўртасида аниқланган ғолибларга таҳририят томонидан планшет; номинация ғолибларига ақлли соат, дипломлар тақдим этилди.

Тадбирда вилоят ташкилотлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари, ёзувчи ва журналистлар, ўқитувчилар ҳамда 100 нафарга яқин кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирнинг расмий қисмида Жиззах вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Эгамбердиев, вилоят АОКБ бошлиғи У.Одилов, таҳририят бош муҳаррири Б.Назаров иштирок этишди. Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, фахрий журналист Сувон Раҳимов, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси Бекзод Абдуллаев ва иншолар танлови иштирокчилари сўзга чиқишди.

Уларнинг таъкидлашича, бу каби ташаббуслар ёшларнинг қалбида ижод оташини ёқиб, уларни фикрлашга, савол беришга ва жавоб излашга ундайди. Энг муҳими — сўз ва сурат орқали ўзини ифода этишга, жамият билан мулоқотга чақириб туради.Тадбирга фотожурналсит Ботир Қудратовнинг икки нафар истеъдодли фарзанди – Маржона ва Юлдуз Муқумжонованинг иштироки ҳам ўзгача файз бағишлади. Юлдузнинг мўйқаламда яратган тасвирий санъат намуналари кўргазмаси иштирокчиларнинг меҳрини қозонди. Маржона фортепьянода жонли ижрода мусиқа чалиб, маданий тадбир муҳитини янада бойитди.