ГИЁҲВАНДЛИК ЙЎЛИ – ҲАЛОКАТЛИ

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти  26 июнни –Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилган. Шу сабабли ҳар йили бу санада ер юзидаги кўпгина мамлакатларда, шу жумладан республика ва вилоятимизда ҳам гиёҳвандликдан огоҳ этувчи тадбирлар ўтказилади. Ёшлар орасида, маҳалла ва билим даргоҳларида семинар ҳамда анжуманлар ташкил этилиб, оммавий  ахборот воситалари орқали чиқишлар уюштирилади. Ушбу чора-тадбирлардан кўзланган мақсад –аҳолини, айниқса ёшларни ОИТС ва гиёҳвандлик балосидан огоҳ этишдир.

Ўлимга маҳкум этадиган бу иллатга асосан 15-40 ёшдаги айни яратувчанлик, бунёдкорлик қобилиятига эга, ақлий ва жисмоний куч-қувватга тўлганлар чалинмоқдалар. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда ер юзида ҳар минутда гиёҳвандлик оқибатида 10 нафар одамга ОИВ юқмоқда. Уларнинг орасида ёшларнинг кўплиги ачинарли ҳолат. Айниқса ўзига тўқ, яхши таъминланган оилаларнинг ўғил-қизлари ушбу йўлга кириб кетишмоқда.

Хўш, гиёҳ ўзи нима? Бу шундай моддаки бир марта қабул қилганда кайфиятни кўтариб, бош мия фаолиятини ишдан чиқаради. Гиёҳни қабул қилган киши унга руҳан ва жисмонан боғланиб қолади ва усиз яшай олмайди. Улар маънавий қиёфасини йўқотади, руҳияти, ақл-идрок, фикрлаш, эслаш қобилияти издан чиқади. Фикру хаёли фақат гиёҳ моддалар топиш ва истеъмол қилишдан иборат бўлиб қолади. Ота-она, маҳалла, қариндош-уруғ ва жамоалар умуман қизиқтирмайди. Ўз соғлигини ўйламайди, оқибатда жамиятдан ажралиб қолади. Маълумотларга қараганда сайёрамизда 500 миллион гиёҳванд қайд қилинган, бу умумий аҳолининг 7-8 фоизини ташкил қилади. Шундан 70-80 фоизи болалар ва ўсмирлар ҳисобига тўғри келади.

Мамлакатимизда бундай аср вабосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳар бир фуқаро, оила, ташкилот, маҳалла, идора, корхона-муассаса, мактаб, олий ва ўрта билим юртларнинг бурчидир.Таъкидлаш жоизки 60-70 фоиз жиноятчилик гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келар экан. Хўш, ана шундай иллатларга ким айбдор? Бунга сабаб албатта ҳар биримизнинг эътиборсизлигимиз ва бефарқлигимиз. Ота-оналарнинг оила, турмуш, жамият ишлари билан бандлиги, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш, болаларни керагидан ортиқ эркалатиб, талтайтириб кўп таъминланганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.

ОИВ вирусини юқтиришда энг хавфли гуруҳ бу гиёҳвандлардир. Расмий маълумотларга қараганда, ер юзида шу жумладан республикамиз ва вилоятимизда ҳам  гиёҳвандлар, айниқса томир орқали гиёҳванд моддаларини қабул қилувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Шу мақсадда вилоятимизда томир орқали гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар орасида санитария тарғибот ишлари кучайтирилмоқда. Республика “Глобал фонд” режасига биноан йил давомида томир гиёҳвандлари орасида ОИТС профилактикаси бўйича вилоятдаги “Ишонч” хоналари орқали шприц алмаштириш дастури асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.                                                   

 

Дилшод ЭШОНҚУЛОВ,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *