ПОКИЗАНИНГ ИЛК КИТОБИ

Болалигидан турли эртаклар, шеърларни ўқиш, ёд олишни хуш кўрган Покизахон Абдужабборова айни дамда Жиззах шаҳридаги 23-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси. У “Меҳр мунчоғи” номли илк шеърий тўпламининг истеъдодли муаллифи ҳам. Тўпламдаги беғубор туйғуларга йўғрилган мисралар бир ўқишда сизнинг ҳам қалбингизни мафтун этишига ишончимиз комил.

 

МЕВАЛАР ҲАНГОМАСИ

Куз чоғида эрталаб,

Боғга кирдим эриниб.

Меваларни хўп танлаб,

Термоқ бўлдим сарасин.

Ҳосил байрам мактабда,

Олсам экан қай бирин?

Деб турсам улар шартта,

Сўзлай бошлади барин.

Аввал ёнғоқ пўстини,

Ечиб, дер – Мен бораман!

Туртиб ўрик дўстини,

 – Юр ёнимга оламан.

Буни кўрган анорвой,

Тарсиллади ёрилиб:

 – Мен ҳам қолиб кетмай, ҳой!

Зап пишганман безаниб.

Сўнг қизариб, олма ҳам

Дер – Борайлик байрамга.

Дўмбоқ дўстлар бўлиб жам,

Кўрк бўлайлик оламга.

Олманинг бу сўзидан,

Бехи бироз буришди.

Қипиқ босган юзидан,

Пешонаси тиришди.

Нокчагина сузилиб,

Чиройини мақтади:

 – Кетмайманми эзилиб,

Дея ўзин сақлади.

Боғ тўридан мўралаб,

Турганлар ҳам бор экан.

Тарвуз келди думалаб:

 – Биз ҳам борсак бўларкан.

Шундай қилиб кенг боғда,

Ғала-ғавур бошланди.

Эринмоқ йўқ шу чоғда,

Мевалар ҳам шайланди.  

Меваларнинг ҳар турин,

Жойлаб олдим саватга,

Ҳафа қилмай ҳеч бирин,

Олиб бордим мактабга.

ЎРМОНДАГИ ШИФОХОНА

Ўрмоннинг бир четида,

Бор эмиш шифохона.

Оғриқдан қийналганнинг,

Дардига давохона.

У ерда кўп ҳайвонлар,

Ўтирар тартиб билан.

Шифокор қабулига,

Киришар навбат билан.

Филчавой келди бир вақт,

Хартумин қайраб инграр.

Оҳ-оҳлаб, тишин ушлаб,

Қуёнвой хўп дикирлар.

Тулкивой бели оғриб,

Шумликка тайёргина.

Навбатсиз кирмоқликка,

Пайт пойлар айёргина.

Жирафа бўйи узун,

Кеккайиб четда турар.

Оғрибди боши унинг,

У ён бу ёнга юрар.

Маймунча қувноққина,

Қулоғин ушлаб олган.

Шўхликдан кўзлари ҳам,

Қизариб, шишиб қолган.

Шифокор айиқ полвон,

Фикрлар оғир-вазмин.

Берар у ҳайвонларга,

Ширин сўз ва витамин.

 

   

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *