ЎЗГАРИШНИНГ МАНБАСИ – ЁШЛАР, МАСЪУЛИЯТИ – РАҲБАРДА

Ҳар қандай халқнинг келажагини тасаввур қилиш учун унинг ёшларига қараш кифоя. Зеро, ёшлар – миллатнинг кўзгуси, эртанги куннинг шакли ва тарзи, давлатнинг интеллектуал ва маънавий капитали.

Мамлакатимизда 30 июнь санаси айнан шу маънода – ёшлар ҳаёти, орзулари ва юксак мақсадларини юрт сиёсати даражасига кўтаришнинг рамзи сифатида нишонланади. Бу санада биз нафaқaт ёшларни табриклаймиз, балки уларга ҳамфикр, ҳаммаслак ва ҳаммасъул эканимизни яна бир бор эътироф этамиз.

Сўнгги тўққиз йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларга бўлган муносабатда туб бурилиш юз берди. “Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг ҳал қилувчи кучи” деган ғоя сўзда эмас, амалда ислоҳотларимиз юрагига айланди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ислоҳот дастурида, ҳар бир стратегик ҳужжатда, ҳар бир ҳудудий қарорда ёшлар манфаатлари илгари сурилмоқда. Буни нафақат давлат раҳбарининг қатъий иродаси, балки бошқарувдаги мутлақо янги фалсафа сифатида қабул этиш лозим: давлат ёшлар имкониятини англайдиган ва уни ривожлантиришга хизмат қиладиган кучдир.

Шу маънода биз раҳбарлар 30 июнни байрам куни сифатида эмас, балки йиллик масъулият, таҳлил ва тўғридан‑тўғри мулоқот куни сифатида қабул қилишимиз керак. Бу кун сўз эмас – савол, тантана эмас – тафаккур, лавозим эмас – жавобгарлик ифодаси бўлиши лозим. Чунки ўзгаришнинг манбаси ёшлар, масъулияти эса – раҳбарда. Ҳар қандай имконият яратилиши учун шароит, майдон ва ишонч керак. Аммо бу имкониятни амалга айлантириш учун – илҳомланган ёш, уни йўналтириш учун эса фидокор раҳбар керак.

Мақтанарли жиҳати шуки, Жиззахда шундай ёшлар ҳам бор, шундай раҳбарлар ҳам. Улар билан учрашувларда, амалий ташаббусларда, лойиҳалардаги ҳамкорлик жараёнларида бу яққол кўриниб турибди.

Битта ҳақиқат борки: ёшларга ишонмаслик тараққиётдан кечиш билан баробар. Ёшлар билан ҳисоблашмаслик жамиятнинг эртанги барқарорлигига хавф солиш демакдир.

Бугунги кунда ҳар бир таълим муассасасида, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир иш жойида ёшларнинг салоҳиятини очишга қаратилган аниқ дастурлар, манзилли ёндашувлар, янги ташаббуслар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг қабул қилган ПҚ–60 ва ПҚ–61 қарорлари, айнан шу стратегик йўлнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.

Ёшларга ишонган раҳбар жамиятга ишонган бўлади. Ёшларини руҳлантирган вилоят ўз тараққиётини тезлаштиради. Шу боис, бугунги мақсад фақатгина таълим, тадбиркорлик ёки бандлик бўлиб қолмаслиги, балки ишонч, мафкура ва келажак ҳақида сўз юритиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Юқорида таъкидланганидек, ёшлар жамиятни ислоҳ қилишда энди пассив эмас, балки фаол иштирокчига айланган. Бу ҳақиқатни Жиззах ёшларининг ҳаёти, ютуқлари ва ташаббуслари орқали яққол кўриш мумкин. Улар нафақат салоҳиятга эга, балки бу салоҳиятни юртимиз равнақига йўналтира оладиган даражада етук, талабчан ва масъулиятли авлод сифатида шаклланмоқда.

Айниқса, охирги йилларда вилоятимизда фан, таълим, спорт, санъат, давлат хизмати ва тадбиркорлик каби турли соҳаларда ёшларнинг юксалишига оид қатор ютуқлар қайд этилди.

Илм-фан ва таълимдаги юксалишлар:

2025 йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах ёшлари илмий салоҳиятни ошириш, хорижий таълим стандартларини ўзлаштириш, инновацион тафаккурни ҳаётга жорий этиш борасида жиддий ютуқларга эришишди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 22 нафар ёш хориждаги нуфузли университетларда таҳсил олмоқда, 11 нафари эса ўқишни тамомлаб, мамлакатимиз корхоналарида фаолият юритмоқда. Бу рақамлар имкониятлар эшигининг очилгани, ишонч билан юборилган стипендиатлар эса интеллектуал элитага айланаётганидан далолат беради.

Бундан ташқари, 110 нафар ёшга халқаро имтиҳонлар (IELTS, TOEFL ва бошқалар) топшириш учун сарфланган харажатлар тўлиқ қоплаб берилди. Бу эса ёшларнинг чет тилларини ўрганишга, дунё миқёсида рақобатбардош бўлишга бўлган саъй-ҳаракатларини рағбатлантиришга қаратилган амалиётнинг ёрқин намунасидир.

 Стартаплар, инновация ва лидерлик салоҳияти:

Ёшларнинг ташаббускорлиги ва инновацион ғояларини ривожлантириш мақсадида Жиззахда бир қатор истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилди. Хусусан:

“Келажак Лидерлари” иқтидорли ва етакчи ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва уларни маҳаллий қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилишни мақсад қиладиган муваффақиятли платформа сифатида ишламоқда.

“Ёшлар технопарки” стартап лойиҳалар, технотадбиркорлик ва IT соҳасига қизиқувчи ёшлар учун янги имкониятлар эшиги бўлмоқда. Бу ерда амалий лойиҳалар, мобил иловалар, агро-стартаплар ва кичик автоматлаштириш ускуналарига оид ғоялар қўллаб-қувватланмоқда.

“Талаба инноваторлар клуби” олий таълим муассасаларидаги ёшларнинг тадқиқотга интилишини кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ижтимоий-маданий майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу каби лойиҳалар назарий билимни амалий тажрибага айлантиришга қаратилган муҳим механизмлардир. Улар орқали ёшлар фақат ўқувчи ёки ғоя эгаси эмас, балки амалда ижодкор, муҳандис ва тадбиркор сифатида шаклланяпти.

 Санъат, спорт ва давлат хизматидаги фаол иштирок:

Бугун Жиззах ёшлари нафақат илмда, балки санъат ва спортда ҳам ўз салоҳиятини намоён этмоқда. “Беш ташаббус олимпидаси” доирасида
334 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олингани, уларнинг аксарияти турли танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлгани бунинг амалдаги далилидир.

Ёшлар орасида кураш, футбол, гандбол, воркаут каби спорт турлари оммалашиб, маҳаллаларда 59 та янги спорт майдончаси барпо этилган. Жиззах ёшлари жорий йилда ўтказилган республика мусобақаларида 6 та медаль
(4 та олтин, 2 та кумуш)ни қўлга киритишди.

Шу билан бирга, ёшлар давлат хизматларида ҳам тобора фаоллашмоқда. Яқинда бўлиб ўтган вилоят миқёсидаги синовлар натижасида турли маҳаллий ҳокимлик ва идораларда ёш кадрлар фаолият бошлади, уларнинг аксарияти ўз вақтида “Келажак Лидерлари” ёки “Ёшлар баланси” орқали сараланган ёшлардир.

Айтиш мумкинки, Жиззахда ёшлар учун мавжуд имкониятлар тасодиф эмас, улар ҳаётнинг ўзи талаб қилган ҳолда, узлуксиз меҳнат, изланиш ва сиёсий ирода туфайли босқичма-босқич шакллантирилган. Энг муҳими бугун ана шу имкониятлардан оқилона фойдалана оладиган, билимли, саъй-ҳаракатга тўла ва эл равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр ёшлар сафда турибди. Уларнинг ҳар бири янги Жиззахни барпо этаётган қаҳрамон, ҳар бир ютуқ вилоятнинг истиқбол сари ташлаган яна бир қатъий қадамидир.

Албатта, ёшлар билан ишлаш фақат муаммоларни аниқлашдан иборат бўлиб қолмаслиги лозим. Энг муҳими уларга ишонч муҳитини яратиш, ҳаракат қилиш учун шароит яратиш, йўл очиб бериш. Жиззахда кейинги йилларда айнан шу йўналишда туб бурилиш юз берди.

Ана шу ёндашувнинг амалий намунаси “Ёшлар дафтари” орқали ёшларнинг ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этиш тизимидир. 2025 йилнинг ўтган даврида
3 495 нафар ёш дафтарга киритилиб, турли йўналишларда ёрдамлар кўрсатилди.

Сўнгги 5 йилда Жиззах вилоятида деҳқончилик қилиш истагида бўлган 30 576 нафар ёшларга (18 минг 965) гектар ер майдонлари ажратиб берилди.

Бу рақамлар ортидаги воқелик шундан иборатки: ҳар бир ёшга индивидуал ёндашув шаклланмоқда, ёш инсоннинг шароити ва эҳтиёжларига қараб қарор қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Яратилган шароитлар нафақат ёрдам, балки ишонч муҳитининг институционал ифодасидир.

Вилоятда ёшлар фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун сўнгги йилларда инфратузилмавий юксалиш ҳам қайд этилди. Ёшлар фаолият кўрсатиши, ғояларини ҳаётга татбиқ этиши ва жамоавий муҳитда ривожланиши учун мустақил майдонлар яратилмоқда.

Айниқса, коворкинг зоналар, Ёшлар марказлари, китобхонлик гўшалари, замонавий спорт майдончалари бугун ёшлар учун нафақат дам олиш, балки ўзини кашф этиш ва ривожланиш масканларига айланмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда Жиззахда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 59 та спорт майдончаси:

16 та “универсал”,

7 та “стритбол ва воркаут”,

34 та “воркаут ва мини футбол” майдонлари барпо этилгани, бу масканлар ёшларнинг қувончини, фаоллигини ва ягона мақсад атрофида жипслигини шакллантирмоқда.

Эндиликда ёшлар ўз лойиҳаси учун алоҳида хона қидирмайди, спорт билан шуғулланиш учун ўзига яқин майдонни топади, қизиқиши бўйича клубларга қўшилади. Яъни, ташаббусга муҳит бор. Бу муҳит эса ўз навбатида янги ёшлар авлодини тарбиялаш муҳитига айланмоқда.

Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатадики, ёшлар билан ишлашда натижага эришиш учун уларни фақат қўллаб-қувватлаш етарли эмас. Энг муҳим жиҳат – уларни давлат сиёсатининг фаол иштирокчиси, қарорлар муҳокамасининг тўғридан‑тўғри иштирокчиси сифатида қабул қилиш ва сўзини эшитишга тайёр бўлишдир.

Жиззахда айнан шу ёндашув асосида ёшлар сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда. Бу босқичнинг фарқли жиҳати инсон марказидан жамият марказигача етадиган йўлда ёшлар билан бирга юриш тамойили асосида шаклланмоқда.

Ҳозирда вилоятдаги йирик ташаббуслар, хусусан:

“Ёшлар бизнес кластери”:

Тадбиркорлик салоҳиятига эга ёшлар учун яратилган ушбу майдон — ғоядан лойиҳагача, лойиҳадан бизнесгача бўлган жараённи қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ерда таълим, молиявий кўмак, ҳуқуқий маслаҳат ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси бир жойда жамланган. Ёшлар фақат бизнес режа ёзмайди, балки улар реал лойиҳага айлантириладиган муҳитда фаолият юритади.

“Ёшлар жамоатчилик кенгаши”:

Бу структура ёшлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти ўртасидаги институционал мулоқот каналидир. Ундан мақсад ёшларни вилоят ва туман миқёсидаги қарорлар муҳокамасига жалб қилиш, уларнинг фикрини тинглаш, ташаббусларини сиёсат даражасида илгари суриш.

Бу орқали ёшлар фаол иштирокчи, раҳбарлар эса тингловчи ва ишловчи сифатида янги муносабат моделини қурмоқда.

“Маҳалла – ёшлар – олий таълим” учбурчак модели:

Маҳаллалардаги ёшлар муаммоларини тизимли ва инновацион ёндашув асосида ҳал этиш учун вилоятда пилот сифатида йўлга қўйилаётган ушбу модель талаба ёшлар, маҳаллий тузилмалар ва бизнеснинг ҳамкорлик форматига асосланади.

Талабалар стажёр, маҳалла буюртмачи, тадбиркорлар ҳомий сифатида иштирок этадиган ушбу ёндашув ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётнинг узвий боғланишини таъминлайди.

Ҳоким ва ёшлар мулоқоти:

Мулоқот бу гапириш эмас, тинглаш ва тушуниш маданиятидир. Вилоятда кейинги йилларда туман ва шаҳар ҳокимлари билан ёшлар ўртасида ўтказилаётган очиқ диалоглар – айнан шу маданиятни жорий этишда муҳим қадам бўлмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойига қадар 309 маҳаллада ўтказилган учрашувларда 789 мингга яқин ёшлар қамраб олинган бўлса, улар томонидан 1.5 мингга яқин таклиф ва муаммолар кўтарилган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган бўлса, қолганлари шахсан ҳокимлар назоратига олинди.

2025–2026: дастурий ёндашувлар ва янги йўналишлар:

Келгуси икки йилда Жиззахда ёшлар соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар аллақачон йўл харитаси шаклида белгилаб олинган. Улар қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

Ёшлар таълим ва касбий йўналишларини бозор талабларига мослаштириш,

“Ёшлар бизнес кластери” орқали стартапларни инкубация ва акселерация қилиш,

Барча шаҳар ва туманларда коворкинг марказлари ва интеллектуал клубларни ташкил этиш,

“Жамоатчилик ёшлар кенгаши”ни институционал асосда кенгайтириш,

Хотин-қизлар, имконияти чекланган ёшлар, миграциядан қайтган ёшлар учун алоҳида дастурлар жорий этиш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлинса, ёшлар биз курашаётган, қуришга интилаётган Янги Ўзбекистоннинг ҳам илҳоми, ҳам ҳаракати, ҳам натижасидир. Улар бугун – имконият синовида, эртага эса – натижа мезонида баҳоланади. Шунинг учун ҳам биз ҳар бир ёшга, унинг орзуси ва истеъдодига эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндашишимиз лозимдир.

Айниқса, Жиззах ёшлари вилоятимиз тараққиётида ҳал қилувчи интеллектуал захирага айланмоқда. Улар шунчаки ёшлар эмас, балки биздан кейинги янгиланишларни давом эттирадиган авлод, миллий ишончни ўз зиммасига олган, юрт равнақи ғоясини елкасида кўтарадиган кучдир.

Шу сабабли мамлакатимизда ёшларга нисбатан шаклланаётган янги сиёсий маданият – уларни қўллаб-қувватлаш эмас, улар билан бирга қарор қабул қилиш, уларни илҳомлантириш билан бирга масъулиятга чорлаш, ташаббусни рағбатлантириш билан бирга, имконият учун майдон яратиш маданиятига айланмоқда.

Бу ёндашувнинг илдизида эса ҳурматли Президентимизнинг ёшларга бўлган самимий ишончи, ҳар бир ислоҳотда уларни шерик сифатида кўра олиш фазилати мужассамдир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қараши барча даражадаги раҳбарлар учун ҳам намуна, ҳам дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунинг учун ёшлар учун фақатгина шарт-шароит яратиш билан чекланиб қолинишни тўғри деб бўлмайди. Асосий мақсад ташаббуснинг ўзагида бўлиш, унинг ривожи учун елкадош ва маслакдош сифатида ёнма-ён ҳаракат қилишдан иборат.

Зотан, раҳбарлик бурчининг энг улуғ мукофоти ёшлар орасидан етишиб чиққан етук, жавобгар ва фидойи шахсларнинг камолга етиши билан ўлчанади.

Шу боис барча ёшларимизни:

– ўз салоҳиятини очишдан қайтмасликка,

– орзуларини чекламасликка,

– ташаббусдан тўхтамасликка,

– ва энг муҳими, жамият қурилишида фаол иштирокчи бўлишга чақираман.

Янги Ўзбекистон қурилиши – бу фақат расмий ҳужжатлар эмас, балки ёшлар ҳаракати, жамоавий ишонч ва халқ иродаси билан бунёд этилаётган улкан тарихий жараёндир.

Биз, жиззахликлар, ушбу жараённинг фаол ва масъулиятли иштирокчилари эканимиздан фахрланамиз.

Ҳар бир ёш бу вилоятнинг, бу юртнинг бир парчаси. Бу юрт эса, ҳар бир ёшнинг орзуси, имконияти ва ифтихори бўлиб қолиши шарт.

 

Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи                                            Улуғбек МУСТАФОЕВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *