Жиззах шаҳридаги Sambhram университетида вилоят ички ишлар, терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда мактабгача ва мактаб таълими раҳбар ходимлари учун йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова бошқариб борди. Йиғилишда кўрилган асосий масала таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида экстремизм ва терроризмга қарши кураш, унинг ёшлар келажагига таҳдиди ҳамда салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш, айниқса диний таълим тартиб-қоидалари тўғрисида маълумотлар берилди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари Латибжон Аҳмаджонов сўзга чиқиб, таълим даргоҳларида терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича амалга ошириш лозим бўлган ишлар тўғрисида гапирди. Шунингдек, ҳозирги кунда террористик гуруҳлар томонидан интернет тармоғида тарғибот-ташвиқотнинг кучайтирилгани бу йўлга билиб-билмай кириб қолаётганларнинг сони ортишига сабаб бўлаётганлиги тўғрисида мисоллар келтирди.
Вилоят терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Болиев ҳам кун тартибидаги асосий масала бўйича маъруза қилди.
–Давлатимиз динни ҳамиша ижтимоий маданиятнинг ажралмас бўлаги сифатида қабул қилган,–деди маърузачи Ж.Болиев. – Социологияда “юксалиш касали” деган тушунча бор. Яъни жамиятда бирон ҳолат кўпайса, мувозанат бузилади. Ўзини мусулмон қилиб кўрсатгиси келган киши бу ишни асосан номусулмонлар даврасида қилишга интилади. Ҳамманинг эътиборини қаратиш учун соқол қўйиш ёки рўмол ўраш кўпроқ бекорчиларга хос. Бундан ортиқча хавотирланиш ҳам, эътиборсиз ҳам қолдириб ҳам бўлмайди. Хато қилишга асло ҳақимиз йўқ.
Йиғилиш якунида кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таълим муассасалари раҳбар ходимларига кўтарилган мавзу бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида керакли тавсиялар берилди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.