ТОҒЛАРГА ЧИҚҚАНЛАР ТОҒ БЎЛИБ ҚАЙТАР

Аввал хабар берганимиздай, 7-9 июль кунлари ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари ўз ишини муваффақиятли ўтказди. Бундан 28 йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иш бошлаган бу анжуман қисқа муддат танаффуслардан сўнг яна аҳли адабиёт интиқиб кутадиган воқеликка айланди. Бу гал ҳам янги номлар танилди, адабиётнинг кўҳна ва мангу саволларига жавоблар айтилди.

Семинарнинг иккинчи кунида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида эълон қилинган янги ташаббус аввалги йилларда ҳеч учрамаган. Жиззах вилояти  ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг ёш ижодкорлар билан мулоқоти давомида вилоят раҳбари томонидан  ёшларни рағбатлантирувчи таклиф билдирилди. Жиззах мадҳи улуғланган ижодий танлов ўтказилиб, ғолиблар Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида тақдирланиши эълон қилинди. Бу ташаббус семинар иштирокчиларини Жиззах тарихи ва бугунини ўрганиш, воҳанинг ўзига хослигини топиш, уни тараннум этишга чорлайди.

Иштирокчилар уч кун мобайнида назм, наср, бадиий таржима ва публицистика йўналишида шуъбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарсларини тинглашди. Ўз ижод намуналарини бўлишишди, устозларнинг тавсия ва ўгитларини, тенгдошларининг фикрларини тинглаш орқали ўзига хос адабий мактаб сабоқларини олдилар. Ўзаро ижодий суҳбатлар ёшларнинг саволларига жавоб ёки адабий баҳслар тусини олди, энг муҳими, адабий изланишлар юзага чиқди, ижодий ришталар боғланди. Республикамизнинг барча ҳудудидан келган қаламкаш ёшлар Зоминда дўстлашдилар, улар учун бу маскан ижод чироғи мангу ёнадиган, илҳом парвози бошланадиган муқаддас бир даргоҳга айланди.

Зомин семинари доирасида мушоиралар, маҳорат дасрлари, китоблар тақдимоти ўтказилди. “Раҳбар ва ёшлар”, “Адабиёт ва маънавият уйғунлиги” мавзусидаги маърифий анжуман бўлиб ўтди. Таниқли фотограф Аҳмад Тўра ижодига оид турли йилларда ўтказилган семинарнинг энг ёрқин лаҳзалари муҳрланган “Зомин илҳомлари” кўргазмаси намойиш этилди. “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти ўзига хос байрамга айланди.

-“Шеър ёзса қоғоздир ҳатто тошлари”. Зомин нафақат ёшлар, адабиёт дарғалари учун ҳам юксак аҳамиятли маскан. Бу янги авлод қадамларига тилло остона, шеърият самосига учар гиламдир, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир – Муҳтарам президентимизнинг “Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!”, деган гапларини кўп бора ёдга олдик. Бу семинарнинг асл мазмун-моҳиятини кўрсатиб берувчи мукаррам тилакдир.

– Мен учун Зомин анжумани битмас-туганмас тассуротларга бой ўтди, – – дейди  Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчиси Беҳзод Эрежепов. – Ёшларга устоз сабоғи худди гулга сув қадар муҳим. Ҳеч ким ўз-ўзидан камолотга етмайди. Зоминнинг маҳобатли тоғлари бағрида ҳам устозлик, ҳам давлатимиз раҳбарининг оталик меҳрини ҳис қилдим. Тинч ва гўзал юртимизнинг ардоқли фарзанди эканимдан, шеърият дилга сиғганидан беҳад бахтиёрман.

Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида  Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Сардор Шукруллаев, Гулнора Нормуродова ва бошқалар иштирок этишди. Барча иштирокчилар қимматбаҳо совғалар, диплом ва сертификатлар билан тақдирланди. “Зомин-2025” статуэткаси юртимизнинг сўлим гўшасида ўтган унутилмас кунларни ёдга солиб турувчи рамзга айланди.

 Ҳа, Зомин оқшомлари, озонга бой тоғ ҳавоси, табиат гўзаллигига уйғун маънавият даргоҳи бўлмиш меҳмондўст Жиззах сафари  адабиёт шунқорлари ижодига баланд ва жўшқин пардалар олиб кириши шубҳасиз. Севимли шоиримиз айтганидек, “тоғларга чиққанлар тоғ бўлиб қайтди”.

 

Муқаддас САПАРОВА

Б.ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *