ТАРИХ, ХОТИРА, ЭҲТИРОМ

Жиззах вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов таваллудининг 109 йиллигига бағишланган “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда марказ раҳбарияти ҳамкорликда ташкил этган тадбирда фаол нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, марказ курсантлари, ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашув доирасида Шароф Рашидовнинг ҳаёти, серқирра фаолияти ва адабий меросига бағишланган китоблар ҳамда мақолалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда адибнинг давлат ва жамият равнақи йўлидаги хизматлари, ижодий фаолияти ва бой маънавий меросини акс эттирувчи нашрлар намойиш қилинди.

Тадбирни мазмунан бойитган чиқишларда Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли, раҳбарлик фаолияти, адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда халқ билан ҳамнафас яшаш тамойиллари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари, меҳнат фахрийси Нуриддин Нурматов, вилоят чегара қўшинлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Баҳодир Муродов, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси вакили, подполковник Раҳмонжон Ачилов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Айниқса, Шароф Рашидов билан бевосита учрашган, у билан бир даврда яшаб, фаолият юритган меҳнат фахрийларининг хотиралари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Улар адибнинг инсоний фазилатлари, одамлар билан мулоқотдаги самимийлиги, меҳнат аҳлига бўлган эътибори ва юрт равнақи йўлидаги интилишлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Курсантлар томонидан Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига оид фикрлар, унинг асарлари ҳамда шеърий парчаларидан намуналар ижро этилди. Бу эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлаб, ёшларнинг миллий тарихимиз, адабиётимиз ва маънавий қадриятларимизга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган курсантларга “Ustoz AI” платформасининг бир йиллик Про версиясидан фойдаланиш имконини берувчи премиум карталар топширилди. Мазкур совға орқали улар бир йил давомида мобил телефон ёрдамида замонавий касбларни ўрганиш, хорижий тиллар бўйича билимларини ошириш ва янги кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўладилар.

Худойберди ЗИЁТОВ,

Муаллиф олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *